Goal24.uz » Жаҳон » Маоши баланд, фойдаси йўқ юлдузлар

Маоши баланд, фойдаси йўқ юлдузлар

Автор: admin

Уялмай маош олаётганлар
Футбол оламида катта маош олиб, жамоасига фойда келтирмаётган футболчилар ҳам бор экан. Хорижлик журналистлар бугунги кунда ҳам асосий мақсади  мўмай даромад бўлиб қолган футболчилар рўйхатини тузиб чиқди.
Месут Ўзил. Германиялик футболчи “Арсенал”дан ҳафтасига 350 минг фунт олади. Ўтган мавсум атиги 18 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол урди. Микел Артета янги мавсумда уни ўйинга туширмаслигини билдирган, клуб футболчини трансферга кўндира олмади, Ўзилнинг ўзи асосий таркибга лойиқ эканини таъкидлаб, маошини ўз вақтида олмоқда.

Гарет Бейл. Ҳафталик маоши 350 минг фунт бўлган уелслик футболчи ҳам асосий таркибдаги жойини йўқотган. Зидан уни майдонга туширмаяпти. “Реал”дан кетса, маоши пасаядиган футболчи захирада ўтириб ҳам, даромадини олишни маъқул кўрмоқда. Бейл спорт формасини голф ўйнаш билан ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Гонсало Игуаин. “Ювентус” ҳужумидаги барча ишларни Криштиану Роналду ва Пауло Дибала бажармоқда. Андреа Пирло келиши билан меҳнатга суяги йўқ ҳужумчига чиқиш эшикларини кўрсатди. Бироқ,  аргентиналик ҳужумчи ҳафтасига 240 минг фунт маошдан осонликча воз кеча олмаяпти. Чунки борадиган жамоасида унга бунча пул тўлашмаслиги ойдек равшан.

Кепа Аррисабалага. Катта умидлар билан “Челси”га олиб келинган дарвозабоннинг маоши ҳақиқатан ҳам ҳамкасблариникидан анча баланд. У ҳафтасига 150 минг фунт олади. Албатта, дунёнинг энг қиммат дарвозабонининг маоши ҳам шунга яраша бўлиши керак-да. Фақат, битта лекини бор. Кепанинг ўйини ўзининг нархига ҳам, маоши миқдорига ҳам арзимайди. Лондонликлар юлдузлик касалига эрта дучёр бўлган дарвозабондан қандай қутилишни билмаяпти. Аррисабалага эса ҳали беш йил давомида шу маошни олиб юришга тайёр.

Кристиан Бентеке. Бир пайтлар бу белгиялик ҳужумчини “Ливерпул” ўша давр учун ўта қиммат нарх – 50 миллион фунтга олганди. Ливерпулликлар жамоа таркибида атига ўнта гол урган ҳужумчини тезда ҳайдаб юборди. Унга бошпана берган камтаргина “Кристал Пелас” кутилмаганда “Ливерпул” сингари Бентекега ҳафтасига 120 минг фунт тўлашга рози бўлди. Лондоннинг бу жамоаси ҳам ҳужумчидан куйди. Бентеке уч йил давомида 75 та ўйинда атиги олтита гол ура олди холос. Лекин маош олаётганда ҳамма ишни дўндиратиб қўйгандек, ўзини хотиржам тутмоқда.
157   
Добавить комментарий
Ваше имя: *