Goal24.uz » Жаҳон » Қари билганни пари билмас. Қаришни билмайдиган дунёнинг айни дамдаги энг яхши 8 футболчиси ҳақида

Қари билганни пари билмас. Қаришни билмайдиган дунёнинг айни дамдаги энг яхши 8 футболчиси ҳақида

Автор: admin

Аксарият футболчилар 35 ёшида фаолиятини якунлаш тараддудини кўра бошлайди. Ва улар кўпинча Осиё ёки Америка қитъасига йўл олиб, ўша ерда катта спорт билан хайрлашиб, ўз уйига қайтади.
Аммо миллионлар ўйинида шундай тоифа борки, уларнинг ўйинига ҳатто йиллар ҳам тўсиқ бўла олмайди. Бунга яққол мисол қилиб, 42 ёшли Буффонни келтириш мумкин. Эҳтимол, футбол бошқа у каби посбонни кўрмаса ҳам керак. Нима бўлганда ҳам Жижжи бундайлар орасида ягона эмас. Шундай экан қуйида 35 ёшдан ошган топ даражадаги футболчилар ҳақида сўз юритилади.
Пепе
37 ёш

Пепе – ҳужумчилар учун том маънодаги ёмон тушдир. Ҳеч қайси футболчи унинг “подкат” ва қасддан (ҳакамларга сездирмасдан) бериладиган зарбаларига дуч келишни истамаса керак. Футболчи чет элдаги фаолиятига якун ясаб, ўз ватанига қайтишга қарор қилди ва жонажон “Порту” клуби футболчисига айланди.
Ўтган йиллар давомида ҳимоячи “ўзлигини” йўқотмаган, у ҳамон ўша жанжалкаш ва мағлубиятни ёқтирмайдиган Пепе. Шунингдек, Пепе ҳалигача миллий жамоага чақирилмоқда ва у билан ўтган йили Миллатлар Лигасида ғолиб чиқди.
Жоржио Келлини
36 ёш

Келлини 15 йилдан ошиқ вақт давомида Италия ва “Ювентус” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ёши ўтган сайин унинг ўйини фақат яхши томонга ўзгармоқда. Ўзининг ажойиб жисмоний имкониятлари билан у ҳамон техникаси юқори бўлган ҳужумчиларга катта муаммоларни келтириб чиқармоқда.
“Кекса синёра” сардори доимо курашга ташна бўлиб, ҳақиқий профессионал учун ёш тўсиқ бўла олмаслигини исботлаб келмоқда.
Дани Алвес
36 ёш

Сайёранинг энг совриндор ҳимоячиларидан бири жорий трансфер ойнасида Европага қайтиши мумкин. Унинг хизматларига қатор номдор клублар қизиқиш билдираётгани таъкидланмоқда.
Алвеснинг ёши ўтаётган бўлишига қарамай, у ҳамон ажойиб жисмоний ҳолатда. 2019/20-йилги мавсумда у Бразилия чемпионатида (“Сан-Паулу” клуби сафида) 20 та ўйин ўтказиб, гол+пас тизимида 5 очко тўплашга ҳам улгурди. Ҳимоя учун бу ёмон натижа эмас.
Санти Касорла
35 ёш

Кетма-кет жароҳатлар Сантини синдира олмади. Икки йил олдин у “Вилярреал” сафига ўтди ва фаолияти янги ранглар билан бўяй бошлади: Испаниядаги бир неча мавсумда футболчи жамоанинг энг яхши ўйинчисига айланиб келди.
Бироқ асосий мақсад – “сариқ сувости кемаси”ни Чемпионлар Лигасига олиб чиқа олмагач, клубни тарк этишга қарор қилди. Ҳозирда у Хави бошқарувидаги “Ас-Садд”га бориб қўшилди, ажабмас у ерда Санти иккинчи ёшлигини ўтказса. Ҳа айтганча, у Хави жамоаси сафида илк голини ҳам ўзига хос услубда уришга улгурди.
Андрес Инеста
36 ёш

Яқинда Андрес Япония Суперкубогини қўлга киритди. Бундан ташқари, ярим ҳимоячининг “Барселона”га қайтиши мумкинлиги ҳақида ақлбовар қилмас миш-мишлар тарқалмоқда, унинг тажрибаси, майдонни кўра олиш қобилияти ва ажойиб узатмалари ҳозирги “Барселона” учун ҳар қачонгидан ҳам фойдалироқ бўларди. Унинг кийиниш хонасидаги обрўси эса ёш футболчиларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.
Албатта, булар барчаси уйдирма бўлиши ҳам мумкин, лекин шу нарса аниқки, бунга Каталония клуби мухлислари қарши чиқмаган бўларди.
Франк Рибери
36 ёш

Рибери “Фиорентина” футболчисига айлангани ҳақидаги хабар ўтган ёзда бутун футбол жамоатчилигини ларзага келтирганди. 36 ёшли ярим ҳимоячи А Серияга фаолиятини якунлаш учун келгандек туюлганди, аммо якунда бундай бўлиб чиқмади.
Францийалик футболчи “Фиорентина”нинг асосий ўйинчисига айланди ва чемпионат баҳсларида аъло даражада ҳаракат қилиб, жамоанинг 2019/20 йилги мавсумдаги энг яхши ўйинчисига айланди.
Ҳозирда Рибери ажойиб жисмоний формада, бу эса унга яна бир неча мана шу даражада ўйнаш имконини беради.
Златан Ибрагимович
38 ёш

Ибрагимович худди яхши шароб кабидир, вақт ўтгани сайин унинг сифати фақат ошиб бораверади.
Ушбу сўзларни Златан ортда қолган мавсумда ҳам ўз ўйини ва голлари билан исботлади. “Милан” ҳозирда у билан шартномани узайтириш ҳақида бош қотирмоқда. 38 ёшли Ибра ҳозирча бутсаларини михга илиш ҳақида ўйлаётганича йўқ. Очиғи, буни унга мухлис бўлмаганлар ҳам хоҳламаса керак.
Криштиану Роналду
35 ёш

Ишониш қийин, аммо Криш ҳам аллақачон 35 ёшлик довондан ўтди. Бироқ у ҳамон майдондаги энг яхшиси бўлишга интилишдан тўхтамаяпти ва бунга эришмоқда ҳам. Унинг статистикаси ва ҳаракатларига назар ташланар экан, у эришиб бўлмайдиган натижа йўқдек гўё. Роналду, унинг мураккаб ҳаёти ва шахсий совринлари ҳақида соатлаб ҳатто кунлаб ёзиш мумкин. Ва бундан кейин ҳам ёзилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Шундай экан, миллионлар ўйинлари мухлислари шунчаки у билан замондош эканлигидан хурсанд бўлиши керак.
202   
Добавить комментарий
Ваше имя: *