Goal24.uz » Европа жамоалари » Ispaniya » Месси «Барселона»да қолишини эълон қилди: «Кетишимга йўл қўйишмади»

Месси «Барселона»да қолишини эълон қилди: «Кетишимга йўл қўйишмади»

Автор: admin

Лионел Месси «Барселона»да қолади. Бу ҳақда аргентиналик футболчи расмий баёноти орқали маълум қилди. Каталониялик мухлислар енгил тин олишди, лекин 33 ёшли форвард ҳали кўк-анорранглиларнинг янги бош мураббийи Роналд Куман билан чиқишиб кета олмаган.
Месси ўз баёнотида нима деди
«Мен бахтсиз эдим ва кетишни хоҳлагандим, аммо бунга имкон беришмади. Шундай экан мен қолишга мажбур бўлдим. Бартомеу бошчилигидаги раҳбарият «Барселона»га раҳбарлик қилиши бу — фалокат», – дея Мессининг сўзларини келтиради Гоал.
Месси кетиши эҳтимоли билан боғлиқ воқеалар ривожи қандай ривожланди
Сўнгги уч ҳафтада Месси атрофидаги воқеалар ўткир сюжетли филмдаги каби ривожланди. Бир-бирига зид бўлган турли хабарлар тарқалди, бундай хабарлардан футбол мухлисларининг боши айланди. Аммо бир гап аниқ эди – Лео Каталония пойтахтидан кетишга қатъий аҳд қилганди.
Чемпионлар лигаси чорак финалида «Барселона» «Бавария»дан 2:8 ҳисобида мағлуб бўлгач, испаниялик журналистлар Месси клуб раҳбариятига 2021 йил ёзини - шартномаси муддати тугашини кутмасдан кетмоқчилигини айтгани ҳақида ёза бошлашди. Кўп ўтмай, 20 август куни Лео жамоанинг янги бош мураббийи Куман билан учрашди. Афтидан, янги бош мураббий билан суҳбат унга маъқул бўлмаган ва бу учрашув унинг кетиш қарорини янада мустаҳкамлаган. Депортес Cуатро маълумотига кўра, Куман ўзини қаттиққўл тутган ва у ҳеч кимга алоҳида қарамаслигини билдирган.
Нидерландиялик мутахассис эса интервюларидан бирида Месси ҳақида илиқ фикрлар билдирди: у жамоани Лео атрофида қурмоқчилигини айтганди.
Аргентиналик футболчи учун биринчи навбатдаги даъвогар – «Манчестер Сити» бўлди. Месси собиқ устози Хосеп Гвардиола билан яна бирга ишлашга қарши эмасди. Англия клуби ушбу юлдуз футболчи учун кўк-анорранглилар жамоасига 100 млн евро беришга тайёрлиги, ушбу трансфер доирасида – Эрик Гарсия, Бернарду Силва ва Габриел Жезус каби футболчилар ҳам Каталонияга йўл олиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. Леонинг кетиш истаги билдирилган бюрофакс олган «Барселона» 25 август куни директорлар кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди. Йиғилишда кенгаш аъзоларининг айримлари клуб президенти Жозеп Бартомеуга ишончсизлик билдиришга чақиришди. «Барса» офиси атрофида клуб мухлислари тўплана бошлашди ва Бартомеунинг истеъфосини талаб қилишди.
Аммо кўк-анорранглилар клуби раҳбари кетишга ҳам, Мессини қўйиб юборишга ҳам рози бўлмади. Клуб аргентиналик футболчининг вакилларига у фақат шартномасида кўрсатилган 700 миллион евролик бадал пули тўланган тақдирда «Барселона»дан кетиши мумкинлигини билдирди. Раҳбарият шартномада футболчи исталган мавсум якунида эркин агент мақомида кетиши мумкинлиги кўрсатилган пунктдан фойдаланиш муддати 10 июнда якунланганини маълум қилди.
Лекин, Месси исён қилишда давом этди: 30 август куни у «Барселона» базасига коронавирусга мажбурий тест топширишга келмади. У кейин Куман бошчилигидаги илк машғулотларни ҳам ўтказиб юборди. Испан нашрлари клуб аргентиналик футболчини бу ҳаракати учун жазоламаслигини билдирди. Бу орада Лео ва Гвардиола ўртасида учрашув ўтказилгани ҳамда «Манчестер Сити» форварднинг тақдимотига тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аммо сентябр ойи бошида вазият ўзгара бошлади. Шу ҳафтанинг чоршанба куни Мессининг ишларини юритувчи отаси Хорхе Аргентинадан Каталонияга учиб келди. Аввалига у ўғли «Барселона»да қолмаслигини айтди, аммо кейинги куни Лео барибир шартномаси муддати якунигача Барселонада қолишини маълум қилди. Чиндан ҳам аргентиналик футболчи ўзининг жонажон клуби билан судлашишни истамади. Камида 2021 йил ёзигача Месси «Барса» учун ўйнашда давом этади. У бу вақт ичида фикрини ўзгартириб, янги шартномага имзо чекиши ҳам мумкин.
79   
Добавить комментарий
Ваше имя: *