Goal24.uz » Transfer » Санедан Ҳавертсгача. Ушбу ёзда амалга оширилган энг асосий трансферлар ҳақида

Санедан Ҳавертсгача. Ушбу ёзда амалга оширилган энг асосий трансферлар ҳақида

Автор: admin

Бу йил коронавирус пандемияси туфайли Европада ёзги трансфер ойнаси вақти ўзгартирилди. Мисол учун Англияда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш муддати Премер Лига баҳслари тугаши билан бошланди (25-июлда). Германияда ёзги трансферлар ойнаси 15-июлда, Испанияда 4-августда очилди, Италияда эса янги футболчиларни харид қилиш 1-сентябрьдан бошланди. Аммо муддатидан олдин якунланган Францийа чемпионатида 8-июлдан бошлаб, маҳаллий трансферлар амалга ошира бошланган. Европада янги футболчилар трансферини амалга ошириш учун сўнгги муддат сифатида 5-октябрь санаси келтирилмоқда. Шундай экан, ҳозиргача амалга оширилган энг яхши трансферларни сарҳисоб қилишнинг айни вақти.

Лерой Сане (“Манчестер Сити”дан “Бавария”га)
Трансфер қиймати: бонуслар билан бирга 60 миллион евро
Туманли Албиондаги тўрт йиллик фаолиятдан сўнг Лерой Сане Германияга қайтди ва “Бавария” билан беш йиллик шартнома имзолади. Трансфер ҳақида эълон қилинганидан бир кун олдин Мюнхен сайтининг араб тилидаги версиясида Саненинг “Бавария” либосидаги фотосуратлари пайдо бўлди, клуб эса дарҳол бунинг учун “Манчестер Сити”дан кечирим сўради. 24 ёшли футболчи Ҳанс-Дитер Флик билан яхши муносабатларга эга. Улар Сане Германия У-21 терма жамоасида ўйнаганидан бери бир-бирини яхши танийди. Яқинда Лерой “Шалке-04”да ўйнаб юрган вақтларидаёқ “Бавария”га ўтиши мумкин бўлганлиги ҳақида гапирди. Ўша даврда жамоада Франк Рибери ва Арен Роббен бўлгани учун вингер Мюнхенга ўтишни кейинроққа қолдиришга қарор қилган экан. Сане янги жамоасида 10-рақамни танлади ва кейинги мавсумда “Бавария” билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишни орзу қилаётганини маълум қилди.

Тимо Вернер (“Лейпциг”дан “Челси”га)
Трансфер қиймати: 53 миллион евро
Тимо Вернернинг Лондон клубига ўтиши борасидаги музокаралар анча узоқ давом этди. “Ливерпул” ҳам 24 ёшли футболчи учун асосий даъвогар эди, аммо сўнгги дақиқада улар коронавирус оқибатида келиб чиққан инқироз туфайли германиялик футболчини сотиб олиш фикридан воз кечди. Аммо “Челси” ўз вақтида Вернерга таклиф билдириб, у беш йилга мўлжалланган шартнома имзолади. Тимо Лондон клубига ўтишининг асосий сабаби сифатида Френк Лемпардни кўрсатди ва “Челси” тарихидаги янги даврнинг бир қисми бўлишни хоҳлаётганини маълум қилди.

Мауро Икарди (“Интер”дан ПСЖга)
Трансфер қиймати: бонуслар билан бирга 58 миллион евро
Францийа клуби Икарди ва Кавани ўртасида аргентиналик ҳужумчи фойдасига танлов қилди. Парижликлар Маурони “Интер”дан бир йиллик ижарадан сўнг сотиб олишга қарор қилди. У муддатидан олдин якунланган Лига 1 да 20 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урди ва 3 та голли узатма берди. Клуб у билан 8 миллион евро маошли тўрт йиллик шартнома имзолади. 27 ёшли аргентиналик футболчи ПСЖга ўтишини совринларни ютиш учун олдинга ташланган қадам деб атади. Футболчи ПСЖда аввал Эдинсон Кавани ўйнаган тўққизинчи рақамни олди.

Артур (“Барселона”дан “Ювентус”га)
Трансфер қиймати: бонуслар билан бирга 82 миллион
Бразилиялик футболчи каталон клубини можаро билан тарк этди. Июн ойи охирида “Барселона” Артурнинг мавсум охирида “Ювентус”га ўтишини тасдиқлаганди. Аммо унгача футболчи клуб билан Чемпионлар Лигасида қатнашиши керак эди, бироқ у бундай қилмади. Президент Хосеп Бартомеунинг айтишича, 24 ёшли Артур унга қўнғироқ қилиб, Бразилияда қолишини айтган. Шунингдек, Артур Туринга келишидан аввал ҳам яна бир ишкалга аралашиб қолди: у ўзининг Феррариъсида маст ҳолатда автоҳалокатга учради. Маурицио Саррининг кетгани ва бир нечта можароларга аралашиб қолганига қарамай, “Юве”нинг янги бош мураббийи Андреа Пирло Артур ҳақида илиқ фикрлар билдирди ва унинг “Ювентус”га фойдаси тегишига ишонишини билдирди.

Миралем Пянич (“Ювентус”дан “Барселона”га) Трансфер қиймати: бонуслар билан бирга 65 миллион евро
“Ювентус” ярим ҳимоячиси Миралем Пянич Каталония клуби билан 400 миллион евро товон пули белгиланган тўрт йиллик шартнома имзолади. Артурдан фарқли ўлароқ, 30 ёшли футболчи мавсумни охиригача етказиб қўйди ва туринлик мухлислар билан хайрлашишга ҳам вақт топди. Пянич “Ювентус”дан фақат “Барселона”дек клубга кетиши мумкинлигини айтди. У ҳатто “Барселона”га ўтишига атаб, байрам кечасини ҳам уюштирди ва отасининг бағрида йиғлаб юборди.

Виллиан (эркин агент сифатида “Арсенал”га)
Бразилиялик футболчи “Челси” билан янги шартнома борасида ҳеч келиша олмади. “Кўклар” раҳбарияти икки йиллик шартнома таклиф қилди, аммо Виллиан жамоада узоқроқ қолишни хоҳлади. Август ойи бошида 32 ёшли ярим ҳимоячи Лондоннинг бошқа бир клуби “Арсенал” билан музокараларга киришди ва “Челси”ни эркин агент сифатида тарк этишга қарор қилди. Виллиан “тўпчилар” билан уч йиллик шартнома имзолади. Даилй Маил хабарига кўра, бразилиялик янги жамоасида ҳафтасига 220 минг фунт олади. Футболчининг ўзи “Арсенал” билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишни хоҳлаётганини билдирди.

Ашраф Ҳакими (“Реал”дан “Интер”га)
Трансфер қиймати: 40 миллион евро
“Реал” тарбияланувчиси ўз клубида қадр топмади (асосий жамоада атиги 17 учрашув). Ҳакими сўнгги икки мавсумни ижара асосида “Боруссия Дортмунд”да ўтказди. Айнан ўша ерда у футболчи сифатида очилди ва бошқа клублар эътиборини ўзига қаратишга муваффақ бўлди. Бироқ немис клуби уни сотиб олмасликка қарор қилди, “Интер” эса унинг хизматларига жиддий қизиқиш билдирди ва унга йилига 5 миллион евро маошли беш йиллик шартнома таклиф қилди. Бу эса Ҳакимига маъқул келди. Милан клубига ўтганидан сўнг футболчининг агенти мижозининг нима учун “Реал”дан кетганига изоҳ берди. Маълум бўлишича, Зидан ҳеч қачон Ҳакими билан қизиқмаган ва ҳатто у билан телефон орқали ҳам гаплашмаган. Шу сабабли марокашлик футболчи тинчгина Италияга йўл олиб, Антонио Конте жамоасига қўшилган.

Ферран Торрес (“Валенсия”дан “Манчестер Сити”) Трансфер қиймати: 27 миллион евро
“Сити” 20 ёшли испаниялик футболчини “Бавария”га кетган Лерой Саненинг ўрнини тўлдириш учун харид қилди. Торрес “шаҳарликлар” билан беш йиллик шартнома имзолади ва Хосеп Гвардиолага мақтовлар ёғдирди. Ёш испаниялик футболчи ҳар доим Пепнинг жамоаларини кузатиб борганини билдирди. Эндиликда Ферран мураббийлар штабига ҳақиқатан ҳам Саненинг ўрнини эгаллаши мумкинлигини исботлаши керак.

Тиаго Силва (эркин агент сифатида “Челси”га)
Узоқ йиллар давомида ПСЖ шарафини ҳимоя қилган Тиаго Силва араб шайхларига керак бўлмай қолди ва жамоа унинг хизматларидан воз кечди. Гарчи Силва бир неча бор фаолиятини айнан Парижда тугатмоқчилигини таъкидлаган бўлса ҳам. Бироқ у ўзи учун янги жамоа топишда қийинчиликларга дуч келмади. Лемпард Силванинг улкан ва бой тажрибасидан фойдаланишга ва уни ёш таркиб билан уйғунлаштиришга қарор қилди. Силва яқинда 36 ёшни қаршилашига қарамай, ҳамон юқори спорт формасида, шубҳасиз, у яна бир неча мавсум лондонликларга асқатади.

Донни ван де Бек (“Аякс”дан “Манчестер Юнайтед”га)
Трансфер қиймати: 40 миллион евро
“Аякс” юлдузларни тарбиялайди ва сотади. Кейинга йилга эса яна юлдузлар етишиб чиқаверади. Ван де Бек ҳам “Аякс”нинг бошқа бир собиқ футболчиси Ҳаким Зиёш сингари АПЛга йўл олди. Таъкидланишича, унинг “Манчестер Юнайтед”га ўтишида Сулшер муҳим ўрин тутган. Дарвоқе, у пандемиядан олдин “Реал” футболчисига айланишга жуда яқин турган, бироқ коронавирус бунга тўсқинлик қилган. Аммо афсусланишга ҳожат йўқ, боиси “Юнайтед”нинг мухлислари Европа ва дунё бўйича “Реал”никидан асло кам эмас. Шунчаки ван де Бек қўшилгач, янги мавсумда “қизил иблислар” ярим ҳимоя маркази қандай бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшатли.

Кай Ҳавертс (“Баер”дан “Челси”га)
Трансфер қиймати: 80 миллион евро
“Челси” ушбу трансфер ойнасида гиперфаоллик кўрсатмоқда: Зиёш ва Вернернинг ортидан яна бир нафақат ёш ва умидли, балки етарлича тажриба тўплаган ҳамда талайгина ўйинлар ўтказишга улгурган Кай Ҳавертсни ўз сафига қўшиб олди.
Тимо Вернер билан бўлгани каби, Ҳавертснинг трансфер жараёни ҳам етарлича узоқ давом этди. Бундан ташқари, унга Европанинг бир қатор номдор клублари қизиқиш билдирди. Бироқ Германия терма жамоасининг 21 ёшли ҳимоячиси “Челси”га ўтишни маъқул кўрди ва у буни қуйидагича изоҳлади: “Лемпард ъЧелсиъга ўтишимга катта таъсир кўрсатди. Менга унинг услуби жуда ёқади, доим унинг ўйинларини кузатиб борардим. Лемпарддан кўп нарса ўрганишим мумкин. Унинг қўл остида ишлашни орзиқиб кутяпман”.
Лондон клуби Ҳавертс билан 5 йилга мўлжалланган шартнома имзолади. Ҳавертс трансфери “Челси” тарихидаги энг қиммат харидга айланди. Эндиликда Ҳаверс нафақат асосий таркиб учун курашиши, балки сарфланган маблағни оқлаш учун ҳам икки ҳисса меҳнат қилиши лозим. Акс ҳолда инглиз матбуоти унга тинчлик бермайди.
228   
Добавить комментарий
Ваше имя: *