Goal24.uz » Ўзбекистон » Черандан Машариповгача. Суперлиганинг энг қиммат футболчилари ҳақида

Черандан Машариповгача. Суперлиганинг энг қиммат футболчилари ҳақида

Автор: admin

Европада ҳар бир мавсум якунида, клублар ўз сафини кучайтириш, кам ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларни эса сотиш ёки ижарага бериб юбориш ҳақида бош қотиради. Клублар бир футболчининг трансфери устида ойлаб, ҳатто йиллаб ишлаши мумкин. Табиийки, бу трансферлар кенг кўламдаги шов-шувларга сабаб бўлади ва жамики, спортга, хусусан футболга ихтисослашган нашрларда бу ҳақида бонг урилади. Таассуфки, ўзбек клублари бу масалада анча камтар, имкони бўлса, уларнинг “трансфер”лари ҳақида ҳеч ким хабар топмаса. Якунда шундай ҳам бўлади, қайсидир футболчининг бир клубдан иккинчисига ўтганини мухлислар у ёқда турсин, журналистлар ҳам мавсум бошланиб, ўйинчи янг жамоаси либосини кийиб майдонга чиққанидагина билади. Қачон ўтган, қанча йиллик шартнома имзоланган, товон пули қанчани ташкил қилган ёки эркин агент сифатидами?! Буларнинг барчаси очиқ қолаверади. Афсуски, бу гаплар янгилик эмас, бундан олдин ҳам кўп маротаба айтилган. Шундай экан, уни яна қайта қўзғашдан ва нимадандир умид қилишдан маъни йўқ.
Шунинг келинг, яхшиси сизни Ўзбекистон Суперлигасининг энг қиммат (Трансфермаркт порталига кўра) футболчилари билан таништира қоламиз.
Темурхўжа Абдухолиқов — 700 минг евро

“Бунёдкор” клубида катта футболга қадам қўйган Абдухолиқов фаолияти давомида бир қатор клубларда ҳаракат қилишга улгурган. Бироқ уларнинг ҳаммасини ҳам муваффақиятли ўтган дейиш бироз мушкул. Абдухолиқовга Вадим Абрамов бошчилигидаги Олимпия терма жамоасидаги ёрқин ўйинлари туфайли ўзбек футболининг келажаги деб ном берилганди. Аммо футболчининг ўзи ва унинг ўйинига тўлиқ ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, Абдухолиқов кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Темурхўжа “Локомотив”дан ташқари, “Пахтакор” ва Хорватия чемпионатида ҳам тўп сурган. Ҳозирда 29 ёшга тўлган футболчи “темирйўлчилар”нинг асосий ҳужумчиларидан бири саналади.
Ҳожиакбар Алижонов — 700 минг евро

Ҳожиакбар “Пахтакор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2016-йилдан бери асосий жамоага жалб этиб келинади. Ёш бўлишига қарамай, “Пахтакор”даги кучли рақобатни енгиб ўтиб, ҳозирда асосий таркиб футболчиси ҳисобланади. Алижонов тезкор ва мунтазам равишда ҳужумларга қўшилади ва ўйинни ўзига олишдан чўчимайди. Жаҳон футболида эса ҳозирда шундай ўйинчиларга талаб катта. Бундан ташқари, Алижонов Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги ғалабага ҳам катта ҳисса қўшган. Агар Алижонов шу тарзда давом этса ва юлдузлик касалига чалинмаса, яқин орада Ўзбекистон терма жамоаси учун фойдали ўйинчи бўлиб етишади.
Сардор Собирхўжаев — 700 минг евро

Сардор Собирхўжаев 2010-йилда Тошкент, 2011-йилда эса Мексика яшил майдонларида порлаган, таркибида Аббос Махситалиев, Тимур Ҳакимов бўлган ўсмирлар терма жамоасининг ўртамиёна футболчиси эди. Бироқ Сардор ўша таркибдан ҳозир Суперлигада ўйнаётган кам сонли (деярли йўқ) футболчилардан биридир. Алижонов каби у ҳам “Пахтакор”даги кучли рақобатда йўқолиб қолмади. Арвеладзе Сардорни асосан, майдондаги “қора ишлар”га жалб қилади. У Машарипов сингари уч-тўрттасини алдаб ўтмаслиги ёки Черан каби ҳар ўйинда гол урмаслиги мумкин, бироқ зийрак мухлислар биладики, жамоанинг ўйинини айнан таян зонасидагилар белгилаб беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, унда интизом борасида ҳеч қандай муаммо йўқ, одатда унинг позициясида ўйнайдиган футболчиларда карточкалар сони кўпайиб кетади, бироқ Собирхўжаев камдан кам ҳолатларда қўпол ҳаракатлари билан ёдда қолади.
Егор Криметс — 700 минг евро

Егор футболчилик фаолиятини “Пахтакор”да бошлаган ва бугунги кунга келиб, қадрдон жамоасининг сардорига айланган. Бу орада у бир муддат Хитой чемпионатида ҳам бўлиб қайтди. Бундан ташқари, 28 ёшли футболчи Ўзбекистоннинг барча ёш тоифадаги терма жамоаларида тўп суриб чиққан. Тошкентликларнинг ўтган йилги чемпионлиги ва бу йилги пешқадамлигида Криметснинг хизматлари беқиёсдир.
Фарруҳ Сайфиев — 750 минг евро

“Насаф”да Рўзиқул Бердиев қўл остида футболчи сифатида порлагач, Сайфиевни “Пахтакор” ўз сафига қўшиб олди. Кўпчилик Фарруҳнинг Тошкентда “йўқолиб” қолишини тахмин қилганди, бироқ якунда ундай бўлиб чиқмади ва у бугунга келиб, у “шерлар”нинг асосий фигураларидан бири саналади. Айнан шу туфайли Вадим Абрамов ҳам уни миллий жамоа йиғинларига жалб эта бошлади.
Одилжон Ҳамробеков — 750 минг евро

Одилжон ҳам футбол сир-асрорларини “Насаф” академиясида ўрганиб, 2013-йилдан бошлаб асосий жамоага жалб этила бошлаган. Шунингдек, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларидаги ўйинлари орқали ҳам мухлис ва мутахассисларнинг эътиборини ўзига жалб этиб келган. Ҳатто Эктор Купер ҳам унинг иқтидорига юқори баҳо бериб, уни Осиё Кубоги—2019 мусобақаси якуний таркибига киргизганди. Ҳамробеков ҳозирда “Пахтакор” сафида Собирхўжаев билан биргаликда рақиб ҳужумини бузиш ва жамоанинг янги ҳужумини бошлаб бериш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, у 23 ёшгача бўлган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган таркибнинг етакчи ўйинчиларидан эди. Ҳамробеков майдонни яхши кўролади ва рақиб ўйинини совуққонлик билан ўқийди.
Драган Черан — 850 минг евро

Драган Черан — шубҳасиз, Суперлиганинг яқин ўн йилликдаги (Ривалдони инобатга олмаганда, албатта) энг яхши легионери. Ўзбекистон чемпионатидаги фаолиятини Қаршида бошлаган сербиялик 32 ёшли ҳужумчининг ўйини ўзбек ҳамкасбларидан тубдан фарқ қилади. Ундаги совуқ ақл ва техниканинг уйғунлиги майдонда бошқалардан яққол ажралиб туришини таъминлайди. Унинг майдондаги ҳаракатлари кузатилар экан, яна икки-уч йил давомида юқори формада ўйнай олишига ҳеч кимда шубҳа уйғонмайди. Шундай экан ёш футболчилар унинг ҳаракатларидан нимадир ўрганиб қолиши керак.
Достонбек Ҳамдамов — 900 минг евро

Достон профессионал фаолиятини “Бунёдкор” сафида бошлаб (2014-йилда), қисқа вақт ичида асосий таркиб футболчисига айланди ва ёрқин ўйинлар кўрсата бошлади. Айнан шу сабаб у 2015-йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси мукофотини қўлга киритганди. 2018-йилда эса у Россиянинг “Анжи” клубига ўтди. Афсуски, Махачқалъада унинг омади юришмади, шундан сўнг (2019-йилнинг январ ойида) Тошкентнинг бошқа бир клуби “Пахтакор” сафига келиб қўшилди. Ҳамдамов маълум вақт “шерлар” сафида захирада қолиб кетди. Бироқ жорий мавсумдан бошлаб, ўз ўйинини топиб олди ва секин аста аввалги формасига қайтиб бормоқда.
Игор Сергеев — 1,5 миллион евро

Игор Сергеев — “Пахтакор” академияси тарбияланувчиси бўлиб, 2011-йилдан бери асосий жамоада ҳаракат қилиб келади. У майдонда ўзининг тезкорлиги, бош билан яхши ўйнай олиши ва прессингларда фаоллиги билан ажралиб туради. У ҳужумчи учун керак бўлган барча жиҳатларга эга. Тўғри, орада унинг ўйинида пасайиш бўлди, бироқ 2019/20-йилги мавсумда ўзига келди ва тўпурарлар пойгасида фақатгина жамоадоши Черандан ортда қолмоқда.
Жалолиддин Машарипов — 1,8 миллион евро

Жалолиддин футбол билан шуғулланишни Хоразмда бошлаган бўлса-да, айнан “Пахтакор”да футболчи сифатида шаклланган. Суперлиганинг энг қиммат футболчиси бугунга келиб, том маънода юлдуз даражасига чиқди. Унинг майдонни яхши кўриши, тўп муомаласи ва уч-тўрт футболчини қийинчиликсиз алдаб ўтиши таҳсинга лойиқ. Айни дамда Жалол нафақат “Пахтакор”нинг балки, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Агар у фаолиятини четда давом эттирадиган бўлса, унинг ўзи ва ўзбек футболи учун асло фойдадан холи бўлмасди. Унга таклифлар ҳам бўлган, аммо “Пахтакор” уни қўйиб юборишни хоҳламади. Начора, Машарипов профессионал футболчи сифатида клуби қарорини ҳурмат қилишга ва келишув шартларига риоя қилишга мажбур.
107   
Добавить комментарий
Ваше имя: *