×

Goal24.uz » Жаҳон » Торрес, Хави ва Неймар. Роналду ва Месси бўлмаганида сўнгги ўн йилликда “Олтин тўп”ни кимлар олган бўларди?

Торрес, Хави ва Неймар. Роналду ва Месси бўлмаганида сўнгги ўн йилликда “Олтин тўп”ни кимлар олган бўларди?

Автор: admin

“Олтин тўп” футбол оламидаги энг нуфузли индивидуал мукофот ҳисобланади. Аммо сўнгги 12 йил давомида уни фақат “ерлик бўлмаган” икки футболчи Лионел Месси ва Криштиану Роналду қўлга киритди. Фақатгина Модрич орада (2018-йилда) ушбу серияни тўхтатишга муваффақ бўлди. Месси ва Роналдунинг хизмат ва маҳоратларига эътироз билдирмаган ҳолда, шунчаки агар улар бўлмаганида “Олтин тўп”ни кимлар олган бўлиши тасаввур қилиб кўрилади.
2008-йил — Фернандо Торрес

Криштиану Роналду илк “Олтин тўп”ини 2008-йилда қўлга киритган эди. Овоз беришда иккинчи ўринни эса Месси эгаллаган. Бироқ ўша йили фаолиятидаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказган ва ўзининг топ-даражадаги форвард эканини исботлаган Фернандо Торрес бор-йўғи учинчи ўринга лойиқ кўрилганди. Испаниялик футболчи “Ливерпул” сафида Премер Лигада нақд 33 бор рақиблар дарвозасини ишғол этганди. Шунингдек, у Испания терма жамоаси сафида Евро—2008 финалида ғалаба тўпини ҳам киритганди.
2009, 2011-йил — Хави

Маестро ҳар иккала йилда ҳам фақат учинчи ўрин билан чекланган. 2009-йилда Лео Роналдуни анчага ортда қолдириб, совринни ўзиники қилган бўлса, икки йил ўтиб ҳам, аргентиналик яна бир ғолиб деб топилган. Аслини олганда Мессининг ғалабаларида Хавининг ҳиссаси катта бўлган.
2010, 2012-йиллар — Андрес Инеста

Инеста ҳам икки бор “Олтин тўп”ни қўлга киритишга жуда яқин келган. 2010-йилда у Мессидан бор-йўғи 5 фоиз кам овоз тўплаган бўлса, 2012-йилда учунчи ўрин билан чекланади. Бироқ ўша йилларда Андрес ҳақиқатан ҳам “Олтин тўп”га Месси ва Роналдудан кам лойиқ эмасди. Испаниянинг 2010-йилги (ЖАРда ўтган) Жаҳон Чемпионатидаги ва Евро—2012 даги (Украина ва Полшада ўтган) ғалабаларида унинг хизматлари беқиёс бўлган. Унинг ягона камчилиги Месси ва Роналду билан бир даврда ўйнаганидир.
2013-йил — Франк Рибери

2013-йили бутун дунё (Роналдунинг мухлисларидан ташқари), хусусан, Германия “Олтин тўп”ни Роналду эмас, балки Франк Рибери олмаганидан норози бўлди. Ўша мавсумда францийалик футболчи том маънода “даҳшатли” формада эди — 11 та гол ва 23 та голли узатма. Энг муҳими, у ўша йили “Бавария” билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққанди.
2014-йил — Мануел Ноер

Риберидан кейин мазкур совринни “Бавария”нинг яна бир футболчиси қўлга киритиши мумкин эди. Мануел Ноер мавсумни мукаммал ўтказади: 25 та “қуруқ” ўйин ва Германия якунда ғалаба қозонган Бразилиядаги Мундиалда “Олтин қўлқоп”. Бироқ Ноерга афсонавий Лев Яшиннинг натижасини такрорлаш (“Олтин тўп”ни қўлга киритган биринчи ва ягона дарвозабон) насиб этмаган. Совринни Роналду илиб кетди.
2015-йил — Неймар

Ўша даврда “Барселона” ҳужум учлиги (Суарес, Месси ва Неймар) дунёда энг кучлиси ҳисобланарди. Бразилиялик эса фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказганди — 39 та гол, 10 та ассист. Аммо жамоада ундан-да зўр ва сермаҳсул ўйинчи бор эди. Ва айнан совринни ҳам у тортиб олди. Айтишларича, Неймар айнан шундан сўнг Мессининг сояси бўлишдан воз кечиб, клубдан кетишга қарор қилган.
2016-йил — Антуан Гризманн

2016-йили Роналду овоз бериш натижаларига кўра, катта фарқ билан ғолиб бўлди. Муваффақият калити бўлиб эса Португалиянинг Евро—2016 даги ғалабаси бўлди. Бироқ футбол жамоатчилиги совринга эга чиқиш учун бор кучини сарфляган Антуан Гризманни унутиб қўйди. Францийанинг Европа чемпионати финалига чиқишида ва “Атлетико”нинг Европа Лигасида ғолиб бўлишида унинг хизматлари жуда катта эди. Бундан ташқари, футболчининг ўзи барча мусобақаларда 40 та гол урганди.
2017-йил — Неймар

2017-йилда Неймар “Олтин тўп” номзодлари орасида яна учинчи ўринни эгаллади. Бразилиялик футболчи бу пайтга келиб, аллақачон ПСЖнинг етакчи футболчиси эди. Бироқ у яна орзусига эриша олмади (айнан шу сабаб “Барселона”дан кетганди). Бу сафар Криштиану Роналду унга “халақит” бериб қолди. Неймар ЖЧ ёки Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонмаса ва фақат Францийа чемпионати билан чекланса, яқин орада “Олтин тўп”дан умид қилмаса ҳам бўлаверади. Бунинг устига ёши хам 30 га (28) яқинлашиб қолди. Шундай экан Неймар тезроқ отини қамчилаши лозим, акс ҳолда орзуси армонга айланиши ҳеч гап эмас.
2018-йил — Рафаел Варан

2018-йилда Лука Модрич ниҳоят Месси ва Роналду эпосини тўхтатди. Бироқ ўша йили футбол жамоатчилигининг аксарияти бундан норози бўлди. Чунки ҳамма Рафаел Вараннинг ғалабаси муқаррар эканлиги ҳақида гапираётганди. Аммо Варан гарчи “Реал” билан Чемпионлар Лигасида, Францийа терма жамоаси билан Жаҳон Кубогида ғалаба қозонган бўлса ҳам, овоз бериш натижаларига кўра, атиги саккизинчи ўриндан жой олди. Мавсумни эса аъло даражада ўтказди. Табиийки, бу ерда савол туғилади: агар ҳимоячига шунча хизматларидан кейин ҳам “Олтин тўп” берилмаган бўлса, унда ушбу ампуладагилар бу мукофотни олиши учун нима қилиши керак?!
2019-йил — Виржил ван Дейк

Ва ниҳоят охирги, 2019-йилги ютуқ. Унда Месси яна (олтинчи марта) мазкур мукофотни ўзиники қилди. Варан билан бўлгани каби, Виржил ван Дейк ҳам тақдирлаш маросимига катта умидларда келиб, қуруқ қўл билан уйига қайтишга мажбур бўлди. Унинг “Ливерпул”и эса Чемпионлар Лигаси бош совринига эга чиққанди. Нидерландиялик футболчи учун энг алам қилган жойи, у Мессидан бор-йўғи еттитага кам овоз жамғарганди.
86   
Добавить комментарий
Ваше имя: *