Goal24.uz » Европа жамоалари » Germaniya » Узоқ кутилган қирол — Роберт Левандовски ҳақида

Узоқ кутилган қирол — Роберт Левандовски ҳақида

Автор: admin

2020-йил, 1-октябрь куни 32 ёшли Роберт Левандовски ўзининг кичик бўлмаган шахсий мукофотлар тўпламига яна бир (олдин қўлга киритмаган) мукофотни қўшиб қўйди — у 2019/2020-йилги Чемпионлар Лигасининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Роберт Лионел Месси, Франк Рибери, Криштиану Роналду, Лука Модрич ва Виржил ван Дейк каби машҳур номлар қаторига ўз исмини ҳам ҳақли равишда ёздириб қўйди. Демак, қуйида Левандовски мазкур совринни қўлга киритгани шунчаки тасодиф эмаслигини исботловчи фактлар келтирилади.
1. Левандовски ўтган мавсумда “Бавария”нинг бир йўла уч асосий фронт – Германия чемпионати, мамлакат Кубоги ва албатта, Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлишида асосий фигура бўлди.

2. Роберт 2019/2020-йилги мавсумда тарихий ютуққа эришди. У нафақат жамоаси билан требл қайд этди, балки ҳар бир мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланган дунёнинг илк футболчиси бўлди.
У Германия Бундеслигасида 34, кубок баҳсларида эса 6, Чемпионлар Лигасида 15 та гол уриб, ҳар бир мусобақанинг голеадорига айланди.
3. Левандовски ниҳоят 2019/2020-йилги мавсумга келибгина Роналду ва Месси гегемонлигига чек қўя олди. Мухлислар буни узоқ кутди, чунки инсон зоти борки, бир хилликдан зерикади. Улар Чемпионлар Лигасида том маънода янги қирол пайдо бўлишини нақ 13 йил кутди.
Шу тариқа Месси ва Роналду 2006/2007-йилги мавсумдан бери биринчи марта мусобақанинг энг яхши тўпурари номини қўлга киритмади. 2007/2008, 2012/2013, 2013/2014, 2015/2016, 2016/2017, 2017/2018-йилги мавсумларда Роналду “Манчестер Юнайтед”, “Реал” ва “Ювентус” сафида Чемпионлар Лигаси тўпурарига айланган бўлса, 2008/2009, 2009/2010, 2010/2011, 2011/2012, 2018/2019-йилги ўйинларда Месси мазкур совринни ўзиники қилганди. 2014/2015-йилги мавсумда эса Месси ва Роналду орасига Неймар қўшилганди, холос. Ўша йили учаласининг голлари тенг бўлганди.
4. 2019/2020-йилги Чемпионлар Лигаси Роберт учун бамисоли бир ширин туш каби ўтди, айниқса, плей-офф ўйинлари. “Бавария” мусобақа давомида 11 учрашув ўтказиб, уларнинг барчасида ғалабани қўлга киритди. Левандовски гуруҳ босқичидаги олтита ўйиннинг ҳар бирида гол урди ( умумий ҳисобда 10 та гол). Ҳал қилувчи учрашувларда ҳам Роберт рақиблар дарвозасини ишғол этишдан тўхтамади, қўшимчасига бунга голли узатмалар ҳам қўшилди. 1/8, 1/4 ва ярим финалда у 5 та гол ва 6 та голли узатмани амалга оширди. Ҳужумчи фақатгина ПСЖга қарши кечган финал ўйинида (1:0) “жим туриш”га қарор қилди, аммо Кингсли Команнинг ягона голи ҳам мюнхенликларга ғалаба қозониш учун кифоя қилди.

5. Левандовски мусобақанинг энг яхши футболчилари терма жамоасига кирди. Бу эса унинг яна бир бор энг зўри эканлигига ортиқча исбот эди.
6. Роберт нафақат индивидуал томондан кучли ижрочи сифатида, балки жамоавий ўйинчи сифатида ҳам ўзининг энг яхши фазилатларини амалда намойиш этди. Юқорида зикр этилган Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида амалга оширилган олтита голли узатма бунинг яққол исботи  бўла олади. Лева 2019/2020-йилги мавсумда барча турнирларда 55 та гол уришдан ташқари, яна ўн марта шерикларига рақиб дарвозабонини ишғол этиш имкониятини яратиб берди. Марказий ҳужумчидан 10 та ассист (исталган ярим ҳимоячи фақат ҳасад қилиши мумкин бўлган натижа) – шунчаки тарифлашга тил ожиз.
Унинг жамоа учун қанчалик аҳамиятли ўйинчи эканини эса “Бавария” устози Ханс-Дитер Фликнинг қуйидаги сўзларидан тушуниш мумкин:
“У жамоа учун астойдил ишлайди. У бизнинг мудофаамиз учун жуда муҳимдир, чунки у ҳимоячиларни қўллаб-қувватлайди, рақиб дарвозасига таҳдид солиши ҳақида эса яхшиси гапирмаган маъқул. Бу қаттиқ ишлайдиган ҳақиқий профессионал футболчи. У дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси”.
7. Левандовски Чемпионлар Лигасининг энг яхши футболчиси унвонини олиш учун ўтказилган сўровномада қатнашган деярли барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига 2019/2020-йилги Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси гуруҳ босқичларида ўйнаган 80 та клуб мураббийлари, шунингдек, Европа спорт нашрлари ассоциацияси томонидан танланган 55 нафар спорт журналистлари кирганди.

Сўровномада Роберт 477 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллади, у бу йўлда “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне (90 очко) ва жамоадоши Мануел Ноерни (66 очко) ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
243   
Добавить комментарий
Ваше имя: *