Goal24.uz » Жаҳон » Келажак учун сармоя: Энг кўп маблағ сарфланган ёш футболчилар ҳақида

Келажак учун сармоя: Энг кўп маблағ сарфланган ёш футболчилар ҳақида

Автор: admin

Деярли барча катта клублар мунтазам равишда истиқболли ёшларни ўз сафига қўшиб келади. Бунга яққол мисол, бир неча кун олдин “Барселона” “Аякс” ҳимоячиси Сержинё Дест учун курашда “Бавария”ни енгиб, уни ўз сафига қўшиб олганидир. Скаутлар доимий равишда юлдузга айланиши мумкин бўлган ёш истеъдодларни излаш билан овора. Мана шундай иқтидор топилганида эса клублар (катта) таваккалга қўл уриб, жиддий маблағлардан воз кечади. Демак, қуйида энг қиммат вундеркиндлар ҳақида фикр юритилади.
Фабиу Силва (18 ёш; 40 миллион евро)

Рўйхатни энг “барра” трансферларидан бири очиб беради. Силва атиги бир неча ҳафта олдин “Порту”дан “Вулверҳемптон”га 40 миллион евро эвазига кўчиб ўтди. Кўринишидан, Нуну Эшпириту Санту ҳамюртига ҳаддан ташқари ишонади. Фабиу “аждарлар” асосий жамоасида атиги 1 та тўлиқсиз мавсумни ўтказди, холос. Ёш португалиялик ўз клуби таркибида 12 та ўйин ўтказди ва 1 та гол урди. Шу билан бирга “бўрилар” сафига ўтишдан олдин форвард Португалия У-19 терма жамоасида ҳам 5 та беллашувда майдонга тушиб, 3 та гол урган.
Тан олиш лозим, “Вулверҳемптон”га ўтишидан олдин Силвани футболга муккасидан кетган инсонлар ҳам танимасди. “Бўрилар” эса уни харид қилиб клубнинг трансфер рекордини ўрнатди. Албатта, илк мавсумдан бошлаб, ҳеч ким Силвадан юқори сермаҳсуллик кутмайди, аммо йигитча жорий мавсумда ҳеч бўлмаганда нималарга қодир эканини исботлаб қўйиши лозим, акс ҳолда инглиз матбуот унга кўз очишга ҳам бермайди.
Винисиус Жуниор (18 ёш, 45 миллион евро)

Икки йил аввал “Реал” 18 ёшли умидли вингер учун “Фламенго”га 45 миллион евро тўлаганди. 2018/19-йилги мавсумдан Винисиус асосий жамоа ўйинларга жалб этила бошлади. Умуман олганда бразилиялик яхши ҳаракат қиларди. Мадриддаги биринчи мавсумидаёқ “қаймоқранглилар” сафида барча мусобақаларда 31 учрашув ўтказиб, 3 та гол ва 12 голли узатмага муаллифлик қилди. Бу янги ва ёш футболчи учун шунчаки ажойиб кўрсаткич.
20 ёшга келиб, Винисиус “Реал” таркибида 70 та ўйин ўтказишга улгурди. Бу “Тоттенҳем”га кетган “қироллик клуби” тарбияланувчиси Серхио Регилондан кўпроқ эди. Бироқ бразилиялик футболчи ҳали ҳам асосий таркибдан жой ололмаяпти. Зинедин Зидан ҳар доим ҳам унга асосий таркибда ишонч билдиравермайди. Яна шуни унутмаслик керакки, Винисиусда жуда кучли рақобатчига эга, мазкур позициясида кўп жароҳат олишига қарамай, Марко Асенсио асосий футболчи ҳисобланади. Бироқ бу унда имконият йўқ дегани эмас, барчаси фақат Винисиуснинг ўзигагина боғлиқ.
Родриго (18 ёш, 45 миллион евро)

Ўз сиёсатига амал қилган ҳолда Мадрид яна бир умидли бразилияликка эътибор қаратди. Бу “Сантос” вингери Родриго эди. Натижада “қаймоқранглилар” 18 ёшли футболчининг трансферини 2019-йил июл ойида 45 миллион евро эвазига расмийлаштирди. Ўша вақтга келиб, Родриго собиқ жамоасида 49 та учрашув, 10 та гол ва 5 та ассистни амалга оширганди. Родириго иккала қанот ва марказий ҳужумчи позицияларида бирдек ўйнай олиши билан кўпчиликнинг эътиборини тортганди.
Родригонинг “Реал”даги дебют мавсуми ёмон ўтмади. У Галактикос таркибида барча мусобақаларда 26 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Ҳозиргача футболчининг энг яхши ўйини – Чемпионлар Лигасидаги “Галатасарой”га қарши баҳс бўлиб, Родриго унда ҳет-трик ва ассист қайд этган. Ҳозирча Родриго жуда кўп ўйнамаяпти, аммо Лукас Васкес кетиши билан вазият ўзгариши мумкин. Васкес бразилиялик учун ўнг қанот вингери сифатида ягона рақобатчи. Клубнинг янги футболчи сотиб олмаганини инобатга олиб, агар жорий мавсумда Родриго Лукасдан устунлигини исботласа, узоқ вақтгача ушбу позицияни ўзиники қилиши мумкин.
Антони Марсял (19 ёш, 60 миллион евро)

2014/15-йилги мавсумда Марсял “Монако”да самарали мавсум ўтказди. Ўшанда 19 ёшли ҳужумчи француз клуби сафида 48 та ўйинда 12 та гол урган ва 5 та голли узатма берганди. Шундан сўнг унга “Манчестер Юнайтед” эътибор қаратиб, ўша мавсумнинг охиридаёқ футболчини Манчестерга таклиф этди. “Монако” эса Марсялнинг трансферидан яхшигина пул ишлаб олди. Клуб Марсялни “Лион”дан 5 миллион еврога сотиб олиб, 2 йилдан сўнг 60 миллионга пуллади.
Туманли Албиондаги биринчи мавсумидаёқ Марсял 11 та гол урди ва 5 та голли узатма берди. Аммо кейинчалик французнинг кўрсаткичлари пасайиб кетаверди. Фақат ўтган мавсумга келибгина футболчи жонлана бошлади – форвард АПЛнинг 32 ўйинида 17 гол ва 7 голли узатмага муаллифлик қилди. Марсялдан бу мавсум ҳам барқарор ўйин кутилмоқда.
Маттейс де Лигт (19 ёш, 85 миллион евро)

2019-йилнинг июл ойида “Ювентус” 19 ёшли ҳимоячи учун “Аякс”га 85 миллион евро тўлади. Бир ой ўтгач, де Лигт 20 ёшга тўлганида, аллақачон А Серияда ўйнаётган эди. Клублар одатда бундай суммани фақат алоҳида натижа кўрсатган ва юлдуз ўйинчиларга сарфларди. Шунинг учун нидерландияликнинг Турин клубига ўтиши кўпчиликнинг  эътирозларига сабаб бўлди. Шу билан бирга “кекса синёра”нинг қарорини хато деб аташ ҳам мушкул эди. Боиси 19 ёшда бўлишига қарамай, де Лигт “Аякс” таркибида 117 учрашув ўтказган ва жамоа сардори эди. Туринда у Жоржио Келлининин ўрнини эгаллаши керак эди.
Де Лигт дарҳол “Ювентус”нинг асосий ўйинчисига айланди, чунки бу вақтга келиб, Келлини жиддий жароҳат олган ва узоқ муддатга сафдан чиққанди. Дастлабки бир неча ой де Лигт учун қийин бўлди. Ёш ҳимоячи мунтазам равишда хатоларга йўл қўяр, мухлислар ва ОАВ томонидан аёвсиз танқидларга учрарди. Ўша пайтдаги “Ювентус” устози Маурицио Сарри агар Келлини сафда бўлса, де Лигтнинг ҳар бир ўйинда майдонга тушмаслигини очиқ айтганди. Аммо вақт ўтиши йигитча ўзига кела бошлади, мавсум охирига бориб эса унинг жароҳат олгани жамоа учун катта йўқотиш деб баҳоланди.
Жоау Феликс (19 ёш, 126 миллион евро)

Феликснинг “Атлетико”га ўтиши ҳатто Антуан Гризманнинг клубдан кетиш мавзусини ҳам ёпиб юборганди. “Матрасчилар” “Бенфика”нинг асосий таркибида атиги 1 мавсум ўтказган 19 ёшли ҳужумчи учун 126 миллион евро тўлади. Ёш футболчи Португалия клуби таркибида чиндан ҳам ажойиб ўйин кўрсатганди. 2018/19-йилги мавсумда форвард Лиссабон клуби таркибида 43 ўйин ўтказиб, 20 та гол ва 11 та голли пасга муаллифлик қилганди. Айнан шу сабаб у “Атлетико” диққатини ўзига торта олганди.
Аммо Феликс учун Мадриддаги биринчи мавсумни муваффақиятли деб бўлмайди. Биринчидан, унга “матрасчилар” ўйинига қўшилиш қийин кечди. Иккинчидан, уни доимо жароҳатлар таъқиб қилди. Натижада Феликс бутун мавсум давомида 36 ўйинда атиги 9 та гол урди, бу марказий форвард учун яхши кўрсаткич ҳисобланмайди. Ёш ҳужумчи 2020/21-йилги мавсумда Луис Суарес билан тандемда яхшироқ ҳаракат қилиши кутилмоқда. Ўтган йилги муваффақияцизлик эса футболчи учун қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилади.
Килиан Мбаппе (18 ёш,145 миллион евро)

ПСЖ шов-шувли трансферларни амалга оширишни яхши кўради. Неймар учун рекорд даражадаги 222 миллион евро сарфляганидан бир йил ўтиб, парижликлар 18 ёшли ҳужумчи учун “Монако”га 145 миллион евро тўлади.
ПСЖнинг ёш французга қизиқиши табиий ҳол эди. Чунки Мбаппе бунгача ўзини Лига 1 ва Еврокубокларда фақат яхши тарафдан намойиш этиб келаётган эди. Ёш ҳужумчи мунтазам равишда Францийа чемпионатида гол уриб, “Монако”га Чемпионлар Лигасида “Бавария” ва “Манчестер Сити” каби номдор жамоаларни мағлуб этишга ёрдам бериб келаётганди.
Мбаппени сотиб олиш тўлалигича ўзини оқлади. Биринчи мавсумдаёқ Килиан барча мусобақаларда 39 бор рақиблар дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Форвард миллий лиганинг деярли барча ўйинларида гол урди, Чемпионлар Лигасида ҳам мунтазам равишда голлари билан жамоага ёрдам бериб келди. 2 мавсум давомида ҳужумчи парижликлар сафида умумий ҳисобда 91 та гол урди ва 51 та голли пас берди. Мбаппе ҳозир ўз жамоасининг энг яхши тўпурари ва кўплаб клубларнинг орзуси ҳисобланади. Ҳозирча ПСЖ Мбаппени амал-тақал қилиб ўз таркибида ушлаб турибди. Аммо Килиан эртами, кечми барибир нафақат ПСЖни, балки Францийани ҳам тарк этади. Уни ҳозир Мадридда интизорлик билан кутишмоқда.
490   
Добавить комментарий
Ваше имя: *