Goal24.uz » Европа жамоалари » Европада қайси клублар ҳаммадан кўпроқ сарфлади?

Европада қайси клублар ҳаммадан кўпроқ сарфлади?

Автор: admin

6 октябрга ўтар кечаси Европада ёзги трансферлар ойнаси ёпилди. Бозорда одатдагидек АПЛ вакиллари фаоллик кўрсатишди, энг сахий жамоа эса россиялик миллиардер Роман Абрамович эгалик қиладиган «Челси» клуби бўлди. Етакчилар қаторида АПЛ дебютанти ҳам бор, «Реал» эса 40 йилдан буён илк марта ёзги трансферлар доирасида янги футболчи сотиб олмади. Қуйида таркибни кучайтириш учун энг кўп пул сарфляган 11 клуб келтирилади.
11. «Астон Вилла», 82 млн евро
Ўтган мавсумда Англия чемпионатида базўр «жон сақлаб қолган» ушбу клуб трансферларга жиддий эътибор қаратди ва натижада АПЛнинг янги мавсуми стартини жуда ёрқин бошлади – уч ўйинда уч ғалаба. Жамоанинг 1-турда «Сити»га қарши учрашуви қолдирилганди, 4-турда эса амалдаги чемпион устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонилди. Трансфермаркт маълумотига кўра, «Астон Вилла» Олли Уоткинс («Брентфорд», 30,8 млн), Бертран Траоре («Лион», 18,4 млн), Эмилиано Мартинес («Арсенал», 17,6 млн) ва Метти Кеш («Ноттингем Форест», 15,7 млн) каби футболчилар учун жами 82 млн евро сарфляган. Уоткинс «Ливерпул» дарвозасига ҳет-трик йўллади, бундан ташқари, чемпион дарвозасига «Челси»дан ижараг олинган Росс Баркли ҳам гол урди. Шу билан бирга, «Астон Вилла» ўз футболчилари сотувидан пул ишламаган.
10. «Арсенал», 86 млн
Лондонликлар клуби трансферларнинг сўнгги кунида топ-10га киришди, дедлайнда «Атлетико»дан Томас Парти 50 млн еврога олинди. Ёзги трансферлар давомида «Арсенал» Габриел («Лилл», 26 млн), Пабло Мари («Фламенго», 8 млн) ва Рунар Рунарссон («Дижон», 2 млн) каби футболчилар трансфери учун ҳам пул сарфлади. Виллиан ва Седрик Соареш эса «канонирлар» билан эркин агент мақомида шартнома имзолади. Микел Артета клубнинг трансферлар бозоридаги фаолиятидан рози бўлиши керак, лекин ўтган мавсум охирида Бернд Лено жароҳат олганида клубни кўп ўйинларда қутқарган Мартинес «Астон Вилла»га сотиб юборилгани хатодек кўринмоқда. Аргентиналик дарвозабон сотуви клубга 17,6 млн евро келтирди. Бундан ташқари, Лукас Торрейра «Атлетико»га, Маттео Гендузи эса «Ҳерта»га ижарага берилди.
9. «Атлетико», 90 млн
«Атлетико» бу сафар принципиал рақиби «Реал»ни трансферларга пул сарфлаш борасида ортда қолдирди. Тўғри, мадридликлар «Челси»га Алваро Мората учун ўтган йилдаги келишув бўйича 56 млн евро тўлади, аммо ушбу ҳужумчи Диего Симеонега керак бўлмади. Форвард «Ювентус»га бир мавсум учун 10 млн евро эвазига ижарага берилди. Бундан ташқари, «Атлетико» Янник Карраскони «Далян Про»дан 27 млн еврога сотиб олди, Хорватиянинг «Локомотив» клубидан дарвозабон Иво Грбич 7 млн евро эвазига олиб келинди. «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес эса клубга эркин агент мақомида келиб қўшилди. Бошқа томондан, «Атлетико» футболчиларини ижарага бериш ва сотиш эвазига 72,8 млн евро ишлади.
8. «Интер», 97 млн
Антонио Конте ўзига қадрдор бўлган «Ювентус»ни тахтдан тушириш учун ўз жамоасини қуришда давом этмоқда. Миланликлар клуби бу сафарги трансферлар ойнасида Ашраф Ҳакими («Реал», 40 млн), Николо Барелла («Каляри», 25 млн), Стефано Сенси («Сассуоло», 20 млн), Андреа Пинамонти («Женоа», 8 млн), Дариан Малес («Лютсерн», 2 млн) ва Александр Коларовни («Рома», 1,5 млн) сотиб олди. Артуро Видал ва ўтган мавсумни клубда ижара асосида ўтказган Алексис Санчес эркин агент  мақомида «Интер» аъзосига айланди, шунингдек, «Парма»дан Маттео Дармиан ижарага олинди. Конте жамоаси А Серия стартидаги уч турда жами 10 гол урди, аммо «Лацио»га қарши Римдаги ўйинда дуранг ҳисоб қайд этилган. «Интер» трансферлар бозоридаги сотувлардан 83,7 млн евро ишлади.
6-7. «Тоттенҳем», 98 млн
«Тоттенҳем» хўжайини Дениел Леви пулга пухта, аммо Жозе Моурино уни керакли трансферларни амалга оширишга кўндирди. «Шпорлар» таркибни кучайтириш учун қарийб 100 млн евро сарфлашди! «Бетис»дан Жовани Ло Челсонинг трансфер ҳуқуқи сотиб олинди (32 млн), клубга Серхио Регилон («Реал», 30 млн), Метт Доерти («Вулверҳемптон», 16,8 млн) ва Пер-Эмил Ҳёйберг («Саутҳемптон», 16,6 млн) каби футболчилар келишди. Шунингдек, Жо Ҳарт эркин агент мақомида таркибга қўшиб олинди, Гарет Бейл ва Карлос Винисиус ижарага олинди. Айниқса, Бейлнинг қайтиши катта қизиқиш уйғотди, аммо у жароҳат туфайли ҳали майдонга туша олмаяпти. Ўз навбатида, «Тоттенҳем» сотувлардан атиги 13,3 млн евро ишлади.
6-7. «Бенфика», 98 млн
Одатда бошқа клубларга футболчи етиштириб беришига кўникканимиз «Бенфика»ни бу рўйхатда кўриш кутилмаган ҳолат. Аммо Жорже Жезушнинг қайтиши учун португаллар клуби ўз фалсафасини ўзгартирди. «Бургутлар» Дарвин Нунес («Алмерия», 24 млн), Эвертон («Гремио», 20 млн), Педрино («Коринтианс», 18 млн), Лука Валдшмидт («Фрайбург», 15 млн), Николас Отаменди («Манчестер Сити», 15 млн), Жилберто («Флуминенсе», 3 млн), Жан-Клер Тодибо («Барселона», 2 млн евро эвазига ижарага), Элтон Лейте («Боавишта», 1,5 млн) ва «Тоттенҳем»нинг собиқ футболчиси Ян Вертонгенни (эркин агент) таркибга қўшиб олди. Лекин «Бенфика» сентябр ойида ЕЧЛ саралашида Грециянинг ПАОК клубидан мағлуб бўлиб гуруҳ босқичига чиқа олмади. Клуб футболчилари сотувидан нисбатан камроқ пул ишлаган – 76,4 млн евро.
5. «Лидс», 105 млн
Марсело Белса «Лидс» билан шартномасини бир шарт билан узайтирди - АПЛга қайтган жамоа таркибини етарлича кучайтириб бериш керак эди. Клуб раҳбарияти аргентиналик мутахассиснинг истакларини қондириш учун пулни аямади. «Лидс»га Родриго Морено («Валенсия», 30 млн), Диего Лоренте («Реал Соседад», 20 млн), Элдер Кошта («Вулверҳемптон», 17,7 млн), Рафиня («Ренн», 17 млн), Робин Кох («Фрайбург», 13 млн), Иллан Месле («Лорян», 6,5 млн), ва Жо Гелҳардт («Уиган», 1 млн) келишди. «Товуслар» жамоаси, худди «Астон Вилла» каби ҳеч бир футболчисини сотишмади.
4. «Ювентус», 110 млн
«Ювентус» «Интер»дан фарқли равишда 100 млн евролик психологик нуқтадан ўтди. Янги бош мураббий Андреа Пирло ихтиёрига беш нафар янги футболчи келиб қўшилди – Артур («Барселона», 72 млн), Роландо Мандрагор («Удинезе», 10,7 млн), Алваро Мората («Атлетико»дан 10 млн евро эвазига ижарага), Уестон Маккенни («Шалке»дан 4,5 млн еврога ижарага) ва Стефано Гори («Пиза», 3 млн). Энг қиммат харид Артур бўлди, лекин у асосий таркибдан ўрин олмаяпти. «Ювентус» ўз футболчиларини сотиш орқали бюджетини 96,5 млн евро билан тўлдирди.
3. «Барселона», 124 млн
«Барселона» – ушбу рўйхатда янги футболчилар хариди учун харажатларидан камроқ сарфляган ягона клубдир. Каталонлар бозорда 124 млн евро қолдириб, клуб бюжети учун 126,5 млн евро ишлашди. Кўк-анорранглилар Миралем Пянич («Ювентус», 60 млн), Франциску Тринкан («Брага», 31 млн), Сержино Дест («Аякс», 21 млн), Матеус Фернандес («Палмейрас», 7 млн) ва Педрини («Лас-Палмас», 5 млн) сотиб олишди. Лекин жамоага натижани ҳамон Месси бошчилигидаги эски гвардия келтирмоқда («Барса» сотган ва қўйиб юборганларидан қолганлари), янги футболчилар эса ўйин амалиётига эга бўлиш билан кифояланишмоқда.
2. «Манчестер Сити», 156 млн
Кулишингиз мумкин, аммо «Манчестер Сити» молиявий фейр-плейга амал қилган ҳолда бозорда катта пул сарфлашда давом этмоқда. Ёзги трансферларга жамоа 156 млн евро сарфлади -  Рубен Диаш («Бенфика», 68 млн), Натан Аке («Борнмут», 45,3 млн), Ферран Торрес («Валенсия», 23 млн), Пабло Морено («Ювентус», 10 млн), Яна Коуто («Куритиба», 6 млн) ва Иссу Каборе («Мехелен», 4,5 млн) олиб келинди. Бу рўйхат охиридаги уч футболчи жамоа келажаги учун харид қилинган ёшлардир. Морено ва Коуто «Жирона»га ижарага бериб юборилди. «Чиқиш» йўналишидаги трансферлардан «Манчестер Сити» 60 млн евро ишлаб олди.
1. «Челси», 247 млн
Абрамович жамоаси – ёзги трансферларда катта фарқ билан чемпион бўлди. «Челси» трансферларга тақиқ туфайли узоқ вақт давомида харидларни амалга оширмасдан «пул йиғди». Натижада, лондонликлар Кай Ҳаверс («Баер», 80 млн), Тимо Вернер («РБ Лейпциг», 53 млн), Бен Чиллуел («Лестер», 50,2 млн), Ҳаким Зиёш («Аякс», 40 млн), Эдуарда Менди («Ренн», 24 млн) каби юлдуз футболчилар учун катта пуллар сарфлай олди, шунингдек, «ПСЖ» сафида Чемпионлар лигаси финалчиси бўлган Тяго Силва эркин агент сифатида клубга келиб қўшилди. Аммо янги футболчилар таркибга мослашиши учун вақт керак бўлмоқда, «Челси» мавсум стартидаги 4 ўйиндан 2тасида ғалаба қозонди («Брайтон», 2:1 ва «Кристал Пелас», 4:0), 1 ўйинда мағлуб бўлди («Ливерпул», 0:2) ва 1 ўйинда дуранг ўйнади («Вест Бромвич», 3:3). Лондон клуби футболчилар сотувидан 76 млн евро ишлади.
401   
Добавить комментарий
Ваше имя: *