Goal24.uz » Transfer » Месси, Салоҳ, Неймар ва Азар. Трансфер нархи кескин пасайиб кетган машҳур футболчилар ҳақида

Месси, Салоҳ, Неймар ва Азар. Трансфер нархи кескин пасайиб кетган машҳур футболчилар ҳақида

Автор: admin

Европада трансферлар мавсуми якунланганига ҳам маълум вақт бўлди. Мустақил Трансфермаркт портали эса кўҳна қитъанинг энг яхши футболчилари қийматини янгилади. Ансу Фати сингари 17–20 ёшли болакайлар қимматлашаётган бўлса, анчайин номдор футболчилар сезиларли даражада арзонлади. Демак, қуйида турли сабабларга кўра нархи пасайган машҳур футболчилар ҳақида фикр юритилади.
Садио Мане “Ливерпул”
30 миллион евро (150 млндан 120 млнга)

Сенегаллик футболчи 2019/2020-йилги мавсумни кўтаринки руҳда ўтказди: у “қизиллар” таркибида 47 учрашув ўтказиб, 22 та гол ва 12 та голли узатмани амалга оширди. Нима учун унда унинг нархи тушди дерсиз? Сабаби коронавирус пандемияси! 2020-йилнинг баҳорида Трансфермаркт ўйинчиларнинг нархлари уларнинг ёшига қараб 10-20 фоизгача пасайиши мумкинлигини эълон қилганди. Садио  ўз қийматининг атиги бешдан бир қисмини йўқотди. Бунинг устига мавсум қайта тикланганидан сўнг унинг самарадорлик кўрсаткичлари пасайиб кетди – 9 учрашувда атиги 4 та гол. Танаффусдан олдин Мане шунчаки  даҳшатли ўйин намойиш этаётганди.
Ҳарри Кейн “Тоттенҳем”
30 миллион евро (150 млндан 120 млнга)

Худди Манеда бўлган вазият Кейнда ҳам кузатилди. Унинг қиймати трансфер бозоридаги инқироз сабаб пасайди. Бундан ташқари, “Тоттенҳем” етакчиси январ ойида жароҳат туфайли сафдан чиқиб, фақат июн ойига келибгина майдонга қайтганди. Ҳарри 2020/2021-йилги мавсумда эса ажойиб статистика қайд этмоқда: 8 ўйин, 8 та гол ва 7 та голли пас. Агар у бутун мавсум давомида шу самарадорликни сақлаб қолса, яна қийматини кўтариб олиши ҳеч гап эмас.
Муҳаммад Салоҳ “Ливерпул”
30 миллион евро (150 млндан 120 млнга)

Тан олиш лозим 2017/2018-йилги ажойиб мавсумдан кейин Салоҳ бироз секинлашди. Ўшанда у 52 учрашувда 44 гол урганди, шунингдек, 16 та ассистни ҳам ўз номига расмийлаштириб қўйганди. Мисрлик охирги вақтларда 150 миллион евролик ўйин кўрсата олмаётгани каби, ҳозирча ўша ақлбовар статистикага ҳам ета олмаяпти.
Кевин де Брюйне “Манчестер Сити”
30 миллион евро (150 млндан 120 млнга)

Кевин де Брюйненинг янги нархи кўпчиликни ҳайратлантирди. Боиси ярим ҳимоячининг ўтган йилги муваффақиятли ўйинига қарамай, унинг кўтарилиш ўрнига пасайган. Кевин юқорида номлари зикр этилган  ўйинчилардан фарқли ўлароқ, катта ўсишни намойиш этганди. Де Брюйне 13 гол ва 20 голли узатма билан “гол+пас” тизими бўйича АПЛнинг 2019/2020-йилги мавсумдаги энг яхшиси бўлганди. Ушбу масала юзасидан Трансфермаркт вакилларидан изоҳ сўралганида, улар нархи 100 миллион евро ва ундан юқори бўлган етакчи футболчиларнинг қиймати бир мунча вақт давомида ўзгармай қолишини маълум қилди. Бу трансфер бозорининг коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қандай жавоб бергани билан боғлиқлиги қўшимча қилинди. Шунинг учун ҳатто де Брюйне мавсумни ажойиб ўтказган бўлса-да, унинг нархи кўтарилмаган. Яна бунга ёзги трансфер ойнаси ҳам билвосита таъсир кўрсатди – 5 йил ичида илк бор 100 миллион евро ва ундан юқори бўлган трансфер амалга ошмади. Ҳатто топ-клублар ҳам молиявий йўқотишларга дуч келди: улар учун ҳам бундай ҳажмдаги трансферларни амалга ошириш катта муаммога айланиб қолди.
Раҳим Стерлинг “Манчестер Сити”
32 миллион (160 млндан 128 млнга)

Сўнгги уч йил ичида Стерлинг бир хил, яъни юқори даражадаги ўйинни намойиш этмоқда ва ҳар мавсумда камида 40 тадан самарали ҳаракатни амалга оширмоқда. Кўриниб турибдики, Трансфермарктъга бу етарли бўлмаган. “Футболчининг нархига нафақат унинг ўйин сифати таъсир қилади. Балки нархлар рўйхати бошқа нарсалар қатори, футболчига бўлган талабга қараб тузилган”, – дея изоҳ беради портал вакиллари Раҳим борасидаги саволга. Ҳозирча унга фақат “Реал” қизиқиш билдирмоқда, аммо “Манчестер Сити” ўз етакчиларидан бирини “қандайдир” 128 миллионга қўйиб юбориши амри маҳол.
Неймар ПСЖ
32 миллион (160 млндан 128 млнга)

Неймарнинг ҳам нархи пасайишда давом этмоқда. Бунинг энг асосий сабабларидан бири унинг бошқа етакчи чемпионатлардан қуйида келтириладиган Лига 1 да ўйнаётганидир. Бундан ташқари, Неймарнинг самарадорлиги ҳам аввалгидек эмас. Сўнгги вақтларда Неймар жароҳатлар билан ҳам “чиқишиб” қолгани ҳам рост: уч йил ичида (Францияда) у деярли 400 кунни майдон ташқарисида ўтказди. Таққослаш учун “Барселона”да бу рақам икки баравар кам эди.
Антуан Гризманн “Барселона”
40 миллион (120 млндан 80 млнга)

Гризманнинг “Атлетико”дан “Барселона”га ўтиши фаолиятидаги энг катта хатога ўхшайди. Ҳар холда ҳозирча шундай бўлиб турибди. Гризманн биринчи мавсумда каталониялик мухлислар томонидан унга билдирилган умидларнинг ҳеч бирини оқламади. Иккинчи мавсум Гризманн ўзини тиклаб олиши учун ёрдам бериши мумкин. Бироқ Антуан уни ҳам муваффақияциз бошлади: Ла Лиганинг дастлабки 3 та учрашувида на гол урди ва на ассист берди. Буёғига нима бўлишини эса фақат вақт кўрсатади.
Лионел Месси “Барселона”
40 миллион (140 млндан 100 млнга)

Аллақачон 33 ёшни уриб қўйган Мессининг ҳаракатлари ҳамон ҳурмат ва таҳсинга сазовор. Бироқ айнан мана шу ёш унинг нархи пасайишига сабаб бўлди. Таққослаш учун Криштиану Роналдунинг трансфер ёрлиғи аллақачон 60 миллион еврога тенг, гарчи у Леодан атиги икки ёш катта бўлса ҳам. Ўтган ёзда Трансфермаркт португалияликни 90 миллион еврога баҳолаганди. Мессини ҳам, тахминан, шундай келажак кутмоқда.
Кепа Аррисабалага “Челси”
42 миллион (60 млндан 18 млнга)

Испаниялик “Челси”да том маънода муваффақияцизликка учради. “Аристократлар” Кепа учун сарфляган самовий 80 миллион евро ҳавога учган пуфак мисоли йўқ бўлиб кетди. Кепанинг хатолари эса аллақачон тизимли характер касб этиб бўлган: у деярли ҳар бир учрашувда гол олиб келадиган қўпол хатолари билан ёдда қолди. “Челси” унинг ўрнига Эдуард Менди исмли янги дарвозабон топиб келди. Ҳозир кўпчиликни фақат бир савол ўйлантирмоқда – Кепанинг тақдири нима бўлади?
Эден Азар “Реал”
60 миллион евро (120 млндан 60 млнга)

Роналду Туринга кетиб қолгач, Флорентино Перес унинг ўрнини ҳар томонлама боса оладиган юлдуз олиб келиши керак эди, шундай бўлди ҳам, юлдуз олиб келинди. Эден Азар “Реал”га ўз позициясида дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири сифатида келганди. Бироқ келиши билан у жароҳат орттириб олди. Кейин эса яна бошқаси. Шу тариқа Азар “қаймоқранглилар” лагеридаги тўлиқ бўлмаган олти ой ичида тўрт марта жароҳат олди. Испан матбуотининг ёзишича, Эден ҳозирда яна жароҳат олишдан қўрқиб қолган, бу эса унинг тикланиш жараёнини кечиктирмоқда. “Реал” ҳаттоки, унга бу қўрқувдан халос бўлиши учун руҳшунос ҳам ёллаган. Бу унга қанчалик ёрдам бериши тез орада маълум бўлади. Бироқ нима бўлганда ҳам белгияликнинг аввалги даражасига қайтиши жуда жуда қийин масала.
513   
Добавить комментарий
Ваше имя: *