Goal24.uz » Европа жамоалари » Angliya » Ўзил, Обамеянг , Санчес ва бошқалар. “Арсенал” тарихидаги энг қиммат трансферлар ҳақида

Ўзил, Обамеянг , Санчес ва бошқалар. “Арсенал” тарихидаги энг қиммат трансферлар ҳақида

Автор: admin

Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳар доим ҳам трансфер бозорида фаол ҳаракат қилавермайди. Одатда “тўпчилар” потенциал янги футболчиларни имзолашда ўта эҳтиёткор бўлади. Тўғри, ҳар трансфер ойнасида “канонирлар” кўплаб ўйинчиларни кузатади, музокара ўтказади, бироқ уларнинг барчаси ҳам якунда Лондонга қадар етиб кела олмайди. Аммо агар инглиз клубига ҳақиқатан ҳам у ёки бу футболчи керак бўлса, улар пул ёки кучларни аяб ўтирмайди.  Демак, қуйида “Арсенал” тарихидаги энг қиммат трансферлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.
Вилям Салиба (27 миллион фунт)

“Сент-Этенн” тарбияланувчиси 2019-йилнинг ёзида “Арсенал” сафига қўшилади. Томонлар беш йиллик шартнома имзоланиши билан “тўпчилар” Салибани ўз клубига ижарага қайтариб юборади. 2020/21-йилги мавсумда тўлақонли равишда Лондонга қайтган 19 ёшли марказий ҳимоячи ҳали асосий жамоада дебют қилганича йўқ. Бундан ташқари, футболчи Европа Лигаси қайдномасига ҳам киритилмади. Шунга қарамай, “канонирлар” француздан фориғ бўлиш ҳақида ўйламаяпти. Микел Артета ҳамон ёш ҳимоячининг таркибдан жой олиш учун кураша олишига умид билдирмоқда.
Генрих Мхитарян (30,6 миллион фунт)

“Юнайтед”даги фаолияти унчалик омадли чиқмаган Мхитарян 2018-йилнинг январида “Арсенал”га ўтди. Аммо Генрих Лондонда ҳам узоқ қола олмади. “Канонирлар” сафида ўтказган 1,5 мавсум давомида арманистонлик фақат ротацион футболчи ролини бажарди, холос. 2019/20-йилги мавсум эса ярим ҳимоячи учун том маънода даҳшатли туш каби ўтаётганди, шу боис тўпчилар уни “Рома”га ижарага бериб юборди. Римликлар футболчини “ўзиники” деб қабул қилиши бир нечта учрашув керак бўлди, холос. Мавсумлар оралиғида клублар вакиллари Мхитарян трансфери борасида узоқ ва мураккаб музокараларни олиб борди ва охир-оқибат “Арсенал” ярим ҳимоячини қўйиб юборишга рози бўлди.
Шкодран Мустафи (36,9 миллион фунт)

Мустафи 2016-йилнинг ёзида “Валенсия”дан “Арсенал”га ўтган эди. Жаҳон чемпиони учун Лондонга кўчиб ўтиш олдинга ташланган қадам деб баҳоланганди. Немис ҳақиқатан ҳам Англияда фаолиятининг яхши даврларини ўтказди. Мустафи мунтазам равишда Премер Лига ўйинларида қатнашар ва дастлабки 3 мавсумида камида 25 тадан ўйин ўтказарди. Аммо Микел Артетанинг келиши билан ҳимоячи тобора майдонга кам кўрина бошлади. Шубҳасиз, 2020/21-йилги мавсум Мустафи учун “Арсенал”даги сўнггиси бўлади. Футболчининг клуб билан шартномаси 2021-йил июнигача амал қилади. Томонлар эса шартномани узайтириш ҳақида ўйлаб ўтирмаса керак. Шунингдек, агар таклиф бўлса, Мустафининг январ ойидаёқ  “Эмирейтс”ни тарк этиш эҳтимоли бор.
Алексис Санчес (38,2 миллион фунт)

2014-йилнинг июл ойида Алексис билан шартнома имзоланиши “Арсенал” учун катта муваффақият бўлганди. Санчес “Барселона”ни фаолиятининг юқори чўққисида тарк этди: каталон клубида ўзининг учинчи ва охирги мавсумида форвард Ла Лигада 34 учрашув ўтказиб, 19 гол ва 11 голли узатмага муаллифлик қилганди. “Арсенал”да ҳам чилилик футболчи дарҳол ўйнаб кета олди. Илк мавсумлардан бошлаб Санчес Премер Лигада камида 30 тадан ўйин ўтказар ва уларда 13, 16 ва ҳатто 24 талаб гол урарди. Аммо вақт ўтиши билан Санчес “Арсенал”дан зерикди. “Канонирлар” фақат Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учунгина курашарди. Бу эса Санчесга ёқмасди ва тўғри келмасди. 2018-йилга келиб, чилилик совринлар кетидан қувиб, мавсумнинг қоқ ўртасида ўртасида “Манчестер Юнайтед”га ўтиб кетди. Бахтга қарши, ҳужумчи “Юнайтед”да муваффақиятли ўйнаб кета олмади. Ҳозирда эса футболчи А Серия етакчиларидан бири “Интер” шарафини ҳимоя қилмоқда.
Гранит Жака (40,5 миллион фунт)

Жака 2016-йилнинг ёзида “Боруссия М”дан “Арсенал”га кўчиб ўтган. Ярим ҳимоячи Лондонда ҳозиргача яхши савияда ўйнаб келмоқда.  Швейцариялик футболчи Лондон клубида сардорлик даражасигача кўтарилди, бироқ мухлислар билан бўлган можаро туфайли ундан маҳрум бўлди. Умуман олганда, Жака Арсен Венгер ва Унаи Эмери даврида ҳам жамоанинг асоси фигураларидан бири эди. Шунингдек, Артета ҳам уни асосий ўйинчиларидан бири деб билади. 2018-йилда ярим ҳимоячи клуб билан шартномасини 5 йилга узайтирди. Ҳозир Жака 28 ёшда. У ўзини Лондонда ҳис қилмоқда. Бир-икки йилдан сўнг томонларнинг янги келишувга имзо чекиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Месут Ўзил (42,3 миллион фунт)

Ўзил “Арсенал”нинг дастлабки шов-шувли харидларидан эди. Бунгача Месут “Реал”да 3 та ажойиб мавсумни ўтказишга улгурганди. “Қаймоқранглилар” бундай “ассистлар қиролини” “Арсенал”га сотиб юборганидан ҳатто Криштиану Роналду ҳам ғазабланганди. Даставвал Ўзил Лондонда ҳам яхши мавсумларни ўтказди. Немис Англиядаги энг яхши мавсумини 2015/16-йилда ўтказганди: Премер Лиганинг 35 ўйинида 19 голли узатма. 2018/19-йилги мавсумдан бошлаб эса ярим ҳимоячининг ишлари ёмонлаша бошлади. 2019/20-йилги мавсумнинг охирги қисми эса ўта ачинарли тус олди. Артета шунчаки унинг хизматларидан воз кечди, қўйди. Футболчи охирги марта март ойида майдонга тушган. Ҳозирда Ўзил ёзда ниҳоясига етадиган шартномасини кутиш билан овора. Унда бошқа йўл йўқ.
Томас Парти (45 миллион фунт)

Парти – “Арсенал”нинг ушбу рўйхатдаги энг охирги трансфери. “Канонирлар” 2020-йилги ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунида ярим ҳимоячининг жамоага қўшилганини эълон қилди. Шу сабабли уларнинг “Атлетико” билан муносабатлари ёмонлашди. “Матрасчилар” бош мураббийи Диего Симеонени ғазаблантирган нарса улар футболчига ўринбосар топишга улгурмай қолди. Аммо Артетага бунинг заррача ҳам қизиғи йўқ. Мутахассис узоқ вақтдан бери ганаликни ўз жамоасига жалб қилишни хоҳлаб юрганди. Мураббий хато қилганми ёки йўқ, буни вақт кўрсатади. Бугунги кунга келиб, Парти “тўпчилар” сафида сафида атиги 3 та ўйин ўтказди. Назарий жиҳатдан ушбу трансфер муваффақиятли бўлиши керак, боиси Артета ярим ҳимоячини деярли “Арсенал”га келганидан бери сотиб олмоқчи эди.
Александр Ляказетт (47,7 миллион фунт)

“Арсенал” Ляказетни 2017-йилнинг июлида ўз сафига қўшиб олган. “Лион” тарбияланувчиси ватандоши Венгернинг ёнига келган бўлса-да, аллақачон Эмери ва Артета билан ишлашга ҳам улгурди. Барча мураббийлар билан француз ўз савиясида ҳаракат қилди. Ортда қолган уч мавсумнинг ҳар бирида ҳужумчи Премерл Лигада 10 ва ундан ортиқ голлар уриб келмоқда. Ляказетт ўз ишини имкон қадар бажармоқда ва ҳеч ким ундан ортиқча нарсани ҳам талаб қилаётгани йўқ. Мавсумлар оралиғида “Арсенал” французни сотиш орқали пул ишлаб олмоқчи экани ва унинг Артета билан муносабатлари дарз кетгани тўғрисида мунтазам миш-мишлар тинмади. Бироқ якунда у Лондонда қолди. Афтидан, томонлар тушунмовчиликларни бартараф этган ва келишган ҳолда ишлашда давом этмоқда. Шу билан бирга у ҳақидаги узунқулоқ гаплар ҳам тўхтади. Ляказетт 2020/21-йилги мавсумда Премер Лиганинг 5 та ўйинида 3 та гол урди.
Пер-Эмерик Обамеянг (57,4 миллион евро)

Обамеянг “Арсенал”га 2018-йилнинг январ ойида келиб қўшилганди. Габонлик футболчи “Боруссия Д”даги беш йиллик фаолиятдан сўнг тўпчилар сафига ўтди. Футболчи тезда янги чемпионатга мослашиб кетди. Олдинги икки мавсумда ҳужумчи АПЛда 22 тадан гол уриб, жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди. 2020-йилнинг сентябрь ойига келиб, “канонирлар” билан шартномасини 2023-йилнинг июнигача узайтирди. Гарчи ҳеч қаерда Лондондагидан яхшироқ шароит йўқлиги аниқ бўлса-да, Обамеянгнинг бу қарорга келишига узоқ вақт кетди. “Арсенал”да футболчига ҳамма нарса берилди: эътироф, сардорлик боғичи, юқори маош ва ҳоказолар. Бундай шароитга эга бўлган ҳолда ва 31 ёшда бирон бир янги жойга бориш катта таваккал ҳисобланади.
Николя Пепе (72 миллион фунт)

Венгер кетганидан кейин ҳам “Арсенал” французларни “севиш”дан тўхтамаяпти. 2019-йилнинг август ойида “канонирлар” “Лилл” вингери трансферини эълон қилди, бу шу кунгача клуб тарихидаги энг қиммат харид ҳисобланади. “Лилл”даги сўнгги мавсумида Пепе ғайриоддий натижа кўрсатганди: у Франция чемпионатининг 38 ўйинида 22 та гол ва 14 та голли узатмани амалга оширган. Ўтган мавсумда эса франциялик футболчи АПЛда 31 та ўйин ўтказиб, 5 та гол ва худди шунча голли узатмани амалга оширди. 2020/21-йилги мавсумда вингер кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Ҳозирча “Арсенал” тарихидаги энг қиммат футболчи ўзига билдирилган умидларни оқлолмаяпти. Аммо французда унга ишонмай чакки қилганликларини исботлаши учун ҳали вақт бор.
245   
Добавить комментарий
Ваше имя: *