Goal24.uz » Жаҳон » “Бавария”, ПСЖ, “Реал”, “Барселона” ва манчестерликлар. Дунёнинг энг қиммат клублари

“Бавария”, ПСЖ, “Реал”, “Барселона” ва манчестерликлар. Дунёнинг энг қиммат клублари

Автор: admin

Ҳар бир трансфер ойнаси ёпилганидан сўнг ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилади. Бу ҳолатда у ёки бу клубнинг қанча пул сарфлягани ва қанча даромад кўргани ҳисоблаб чиқилади. Аммо барчага маълумки, харажатлар бошқа, натижалар бошқа. Одатда ўйинчиларнинг асл қиймати бир қанча омилларга қараб ҳисоблаб чиқилади, булар: ёш, статистика, амалдаги спорт формаси ва ҳоказолар. Шундан сўнг уларнинг ушбу маълумотлар фонида ҳар бир клуб таркибининг умумий қиймати ҳисобланади. Тўғри, рақамлар 100 фоиз аниқ бўлмаслиги мумкин, аммо улар имкон қадар яқинлаштирилган. Қуйида эса дунёнинг энг қиммат таркибга эга бўлган клублари ҳақида фикр юритилади.
“Тоттенҳем” (таркибнинг қиймати – 738,6 миллион евро)

“Шпорлар” камдан кам ҳолларда трансферларга жиддий пул сарфлайди. Жозе Моуринёнинг келиши билан эса жуда бир самовий маблағлар сарфланмаган бўлса-да, бу анъана йўққа чиқди. Эндиликда Лондон клубининг таркиби 738,6 миллион еврога баҳоланмоқда. Бироқ жамоада нархи 100 миллион евродан ошадиган биргина футболчи бор, у ҳам бўлса, Ҳарри Кейн.
“Атлетико” (753,3 миллион евро)

“Матрасчилар” доимо трансфер масалаларига эҳтиёткорлик билан ёндашган, айниқса, улар эркин агентларни умуман кўздан қочирмайди. Мисол тариқасида, кимсан Луис Суареснинг жамоага текинга қўшилганини келтириш мумкин. Уругвайлик ҳеч бўлмаганда яна икки мавсум юқори даражада ўйнаб бериши мумкин. “Атлетико”да улкан харидларни ҳам амалга ошириб туради, бунга эса Жоау Феликснинг 127 миллион еврога харид қилингани мисол қилиб келтириш мумкин. Ҳозирда Мадрид клубининг умумий таркиби 753,3 миллион еврога баҳоланади. Жамоанинг ўртача ёши 26 ёш. Дарвозабон Ян Облак эса “матрасчилар”нинг энг қиммат футболчиси. Словениялик посбоннинг трансфер нархи 90 миллион еврони ташкил қилади.
“Манчестер Юнайтед” (799,9 миллион евро)

“Манчестер Юнайтед”нинг трансфер сиёсати алоҳида бир мавзу бўла олади. Ҳозирда ҳамма “Юнайтед” раҳбариятини тезда жамоага қўшилиб, унинг етакчисига айланган Бруну Фернандешни сотиб олгани учун мақтамоқда. Аммо португалиялик келишидан олдин клубга келган янги ўйинчиларнинг аксарияти уларга сарфланган ва сарфланаётган пулларни тўлалигича оқлолмаётганди. Ҳозир “Манчестер Юнайтед”нинг таркиби деярли 800 миллион еврога баҳоланган. Албатта, манкунианликларнинг бу кўрсаткичи 1,5 ой ичида яна ошиши мумкин, чунки улар январ ойида бир қанча трансферларни режалаштирмоқда. Фернандеш, Маркус Решфорд ва Пол Погба ҳозирда “Олд Траффорд”нинг энг қиммат футболчилари ҳисобланади. Учаласининг ҳам трансфер қиймати 80 миллион еврога баҳоланган.
“Челси” (839 млн евро)

“Кўклар” ёзги трансфер бозорида жуда фаол бўлди. Жамоанинг ҳозирги таркиби 839 миллион еврога баҳоланган. Ҳозирда “Челси”нинг энг қиммат ўйинчиси Кай Ҳавертс ҳисобланади. Германияликнинг трансфер қиймати 81 миллион еврони ташкил қилади. Инглизлар уни худди шу нархга сотиб олган. Шу билан бирга Лондон клубида 50 миллион евро ва ундан ортиқ қийматга эга бўлган кўплаб футболчилар бор, Тимо Вернер, Кристиан Пулишич, Нголо Канте, Бен Чилуелл, шулар жумласидандир. Бундай таркибга эга жамоа эса барча турнирларда соврин учун курашиши керак.
“Реал” (855 миллион евро)

“Реал” аста-секин трансфер бозорида шунчаки пул сарфлайдиган клубдан ўз академиясидан фойда кўрадиган даражага кўтарилмоқда. “Қаймоқранглилар” учун Эден Азарга сарфланган 115 миллион евро етарли бўлди. Азарнинг нархида Мадридга келгач жиддий пасайиш кузатилди, тўғри, бунга пандемия ҳам таъсир ўтказди. Ҳозирда футболчининг трансфер нархи 60 миллион еврони ташкил қилади. “Реал”нинг умумий қиймати 855 миллион еврога баҳоланмоқда. Айни пайтда “қироллик клуби”нинг энг қиммат ўйинчиси, бу Тибо Куртуа.
ПСЖ (858,8 миллион евро)

Пандемия даврида ҳатто ПСЖ ҳам ўзига қиммат трансферларни раво кўрмади. Ёзда Мауро Икарди парижликларнинг энг қиммат хариди бўлди. Аргентиналик учун Париж клуби “камтарона” бўлган 50 миллион евро сарфлади. ПСЖнинг ҳозирги таркиби 858,8 миллион еврога тенг. Жамоанинг энг қиммат футболчиси эса Килиан Мбаппе. Франциялик футболчининг трансфер қиймати 180 миллион еврони ташкил қилади. Неймар эса (128 миллион евро) 2-ўринда. ПСЖнинг қолган футболчилари эса ҳозирча 100 миллионлик кўрсаткичга яқин ҳам келгани йўқ. Шунга қарамай, Франция чемпионлари дунёнинг энг қиммат жамоаларидан бири саналади.
“Бавария” (876 млн евро)

Мюнхен клуби трансфер бозорида доимо тажовузкор ҳаракат қилиб келади. Агар “Бавария” кимни сотиб олишга жиддий киришса, демак у Мюнхенга келиши шарт. Шу билан бирга, “қизил машина” унчалик катта харидларни ҳам амалга оширмайди. “Бавария”нинг бутун таркиби 876 миллион еврога баҳоланмоқда. Мюнхен клубидаги энг қиммат футболчи эса Серж Гнабри. Вингернинг трансфер қиймати 90 миллион еврони ташкил қилади. Эътиборга молик жиҳати, жамоанинг бирор футболчиси 100 миллионлик кўрсаткичга яқинлашмайди. Лекин уларнинг аксариятининг нархи 60–70 миллион еврони ташкил қилади.
“Барселона” (878,7 миллион евро)

Сўнгги йилларда “Барселона” футболчилар учун ортиқча ва катта пуллар сарфламоқда. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам Каталония клубига ўтганидан сўнг трансфер қийматини тезда йўқотмаяпти. Бундан ташқари, “кўк-анорранглилар” ҳали ҳам бир қанча эски тизим ўйинчиларини сақлаб қолган ва шу туфайли дунёнинг энг қиммат уч жамоасидан бири бўлиб турибди. Каталонияликларнинг ҳозирги таркиби 878,7 миллион еврога баҳоланган. Жамоанинг энг қиммат ўйинчиси, албатта, Лионел Мессидир. Аргентиналикнинг трансфер қиймати пасайган бўлса-да, аммо у ҳамон 100 миллон евролик довонни ушлаб турибди. Яқин бир икки йил ичида Ансу Фатининг Лео ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Ушбу болакай аллақачон 80 миллион еврога баҳоланган. “Барселона” эса унинг товон пулини 400 миллион евро этиб белгилаган.
“Манчестер Сити” (1,08 миллиард евро)

“Манчестер Сити” трансферлар учун 1 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфляган дунёдаги ягона клуб. “Шаҳарликлар”нинг ҳозирги таркиби 1,08 миллиард еврога баҳоланган. Ҳозирда “Манчестер Сити”нинг энг қиммат ўйинчиси Раҳим Стерлинг. Вингернинг трансфер қиймати 128 миллион еврони ташкил қилади. Иккинчи ўриндан эса Кевин де Брюйне (120 млн евро) ўрин олган. Клуб иккала футболчи учун ўз вақтида 135 миллион евро сарфляган.
“Ливерпул” (1,08 миллиард евро)

Юрген Клопп жамоасининг йилдан йилга бутун дунё бўйлаб мухлислари кўпайиб бормоқда. “Ливерпул” “Сити” каби трансферлар учун жуда кўп пул сарфламаса ҳам, иккала клубнинг умумий нархи бир хил. Бунда бутун бошли клуб тизимининг хизмати бор: скаутлар, академия ва мураббийлар штаби. Бир вақтлар “Ливерпул” Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане учун жами 83 миллион евро сарфляганди. Айнан мана шу икки футболчи ҳозир “қизиллар”нинг энг қиммат футболчилари ҳисобланади. Ушбу футболчиларнинг ҳар бири 120 миллион еврога баҳоланмоқда. Шунингдек, Трент Александер-Арнолднинг нархи ҳам 110 миллион еврони ташкил қилади. Ҳимоячига умуман ҳеч қандай сармоя қилинмаган, у академия битирувчиси ҳисобланади. Ҳозир “Ливерпул” дунёдаги энг қиммат таркибга эга, буни нафақат евролар, балки ўйин ҳам тасдиқламоқда.
392   
Добавить комментарий
Ваше имя: *