Goal24.uz » Chempionlar ligasi » Тоғ тоғ билан учрашмоқда: Месси ва Роналду 947 кун ўтиб яна тўқнашади

Тоғ тоғ билан учрашмоқда: Месси ва Роналду 947 кун ўтиб яна тўқнашади

Автор: admin

Бугун замонавий футболнинг энг етук икки намояндаси Лионел Месси ва Криштиану Роналду яна ўзаро тўқнаш келади. Бу катта воқелик бўлади. Чунки икки даҳо минг кунга яқин бир бирига қарши майдонга тушмаганди (947 кун). Охирги марта Роналду ва Месси 2018 йил 6 май куни Ла Лига учрашувида тўқнаш келганди. 2:2 ҳисобида якунланган ўша ўйинда Роналду ва Месси биттадан гол урган.
Икки йилдан буён Роналду ва Месси «Олтин тўп»ни ҳам қўлга киритгани йўқ. Бу факт футболнинг янги қироллари пайдо бўлаётганини англатиши ҳақида гапира бошлашди. Бундай фикрнинг хато эканини эса бошқа бир факт ёпиб юборди: Месси ва Роналдунинг майдонда тўқнаш келмаётгани бутун боши эл класиконинг даражасини тушириб юборди. Ла Лига Роналду «Реал»га ўтганда қанчалик оммалашган бўлса, у «Ювентус»га кетгач, шунчалик оммавийлигини йўқотди.
Роналду Ла Лигага ўтгач, у ҳам, Месси ҳам кескин ўсишга эришди. Чунки дунёнинг энг зўр икки футболчиси битта чемпионатда ўйнаши рақобатнинг максимал даражада кўтарилишига олиб келди. Улар ҳар мавсумда камида икки марта, ўхшаб қолса 4 марталаб бир бирига қарши майдонга тушарди. Шунингдек, Ла Лигада ғолиб бўлиш, Ла Лига чемпионлигини қўлга киритиш, мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш каби интригалар Месси ва Роналдунинг бир дақиқа ҳам бўшашмаслигига сабаб бўлди. Ҳа, уларнинг иккиси ҳам шахсий мукофотлар муҳим эмаслигини айтарди, лекин инсон руҳиятида унинг ўзи ҳам тан олгиси келмайдиган нарсалар бор. Роналду ва Месси бир биридан ўзишга интилмаганда бу қадар кучли бўлишмасди.

Роналду ва Мессининг рақобати шунчалик самимий эдики, улар бир бирини енгилроқ тролл қилишса ҳам ярашиб кетаверарди. Масалан, Роналду Каталониядаги захирадан тушган ўйинида гол уриб, футболкасини худди Месси олдинроқ бўлган класикода қилгани каби мухлисларга кўрсатганини эсласангиз керак. Янада эслашингиз осон бўлиши учун қўшимча маълумот: Роналду ўша ўйинда ҳакам билан тортишиб, қизил карточка олганди. Агар ўша ишни бошқа футболчи қилганида у танқид қилинарди, лекин Роналду Мессининг ишини такрорлагани ҳеч кимга ғалати туюлмади. Чунки дунёда бир бирига тенг икки футболчи бор ва уларнинг бир бирига нисбатан қилган ҳазиллари ҳам чиройли кўринади.
ЖЧ-2018 ўйинида Роналду гол ургач, соқолини ушлаб, бу ҳаракати билан эчкини эслатганди. Инглизчада эчки (яъни гоат) барча даврларнинг энг яхшиси маъносини берувчи (гоат – греатест оф алл тиме) аббривацияси сифатида ишлатилишини биласиз. Қизиғи, олдинроқ бир журналда Мессининг эчкини ушлаб тушган расмлари чоп этилганди.
Хўш, икки даҳонинг деярли минг кун ичидаги илк тўқнашувчи нимаси билан муҳим? Бугунги ўйинда Месси ва Роналду ўзлари билмаган ҳолда бир нарсани исботлашга уринади: улар ҳамон энг яхши эканини исботлашга. Улар битта чемпионатда ўйнаганида қай бири зўр деган савол актуал бўларди, лекин энди уларнинг иккаласи ҳам футбол тахтидан узоқлаша бошлади. Бундай ҳолатда Роналду ва Месси руҳан ўша мақсад – ҳамон иккиси энг яхши эканини исботлаш йўлида бирлашса керак.

Қисқача статистика
Месси ва Роналду ўзаро 35 марта тўқнаш келган. Уларнинг дастлабки ўзаро ўйинлари ЕЧЛ баҳсларига тўғри келган. 2007-2008 йилги ЕЧЛ ярим финалида «Барселона» ва «МЮ» тўқнаш келиб, унга инглизлар ғолиб бўлган. Тўқнашув тақдирини Пол Скоулзнинг ягона супер голи ҳал қилганди. Бироқ 2009 йилда Месси қасос олиб, ЕЧЛ финалида Роналдунинг «МЮ»сини мағлуб этади. Ўшандан кейин Роналду «Реал»га ўтди ва икки даҳо тез-тез тўқнаша бошлади.
Роналду илк марта Мессининг жамоасига 2011 йил гол урган. Ўшанда махсус Месси ва Роналду учун Швейцарияда Португалия ҳамда Аргентина миллий жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил қилинганди. У ўйинда ҳар икки футболчи биттадан гол урган. Роналдунинг Мессига қарши Испаниядаги дастлабки ўйинлари муваффақияциз чиқди. Бироқ шундай даврлар бўлдики, Роналду «Барселона» дарвозасига олтиталаб ўйинда кетма-кет гол урди.
Роналду Мессига қарши ўйинларда умумий 18 марта гол урган. Мессида эса ўзаро ўйинларда урилган 21 та гол бор. Голли узатмалар бўйича Месси яққол устун – 12:1. Ўзаро ўйинларда устунлик ҳам Месси томонда – 16 га 10. Яна 9 ўйин дуранг билан якунланган.
Бугун яна бир воқеа содир бўлади: Месси ва Роналду тўртинчи комбинациядаги тўқнашувда майдонга тушади. Шу вақтгача улар Португалия – Аргентина, «МЮ» – «Барселона» ва «Реал» – «Барселона» тўқнашувларида ўзаро майдонга тушган. Энди бу сепертўқнашувлар қаторига «Ювентус» – «Барселона» баҳси ҳам қўшилади. Қизиғи, футболчилар олдинроқ ҳам тўқнаш келиши мумкин эди, бироқ 29 октябр куни бўлиб ўтган ўйинда Роналду коронавирус юқтириб олгани сабаб қатнаша олмади.
Шу тариқа бугун дунё футболининг энг зўр икки вакили яна тўқнаш келмоқда. Бу ўйин дунё футболига таърифлаш қийин бўлган ажойиб ҳиссиётни қайтаради. Унда Роналду ютадими ёки Мессими аниқ эмас, бироқ мухлислар ютиши аниқ.
486   
Добавить комментарий
Ваше имя: *