Goal24.uz » Chempionlar ligasi » “Ливерпул”дан “Реал”гача. Чемпионлар Лигаси ўйинларида энг кўп ғалаба қозонган клублар

“Ливерпул”дан “Реал”гача. Чемпионлар Лигаси ўйинларида энг кўп ғалаба қозонган клублар

Автор: admin

Чемпионлар Лигасининг 2020/21-йилги мавсуми гуруҳ босқичи баҳслари якунига етди, натижалар сарҳисоб қилинди ва 1/8 финалдаги барча жуфтликлар маълум бўлди. Аммо Чемпионлар Лигаси шундай турнирки, у ҳақида тўхтовсиз гапириш (ёзиш) мумкин. Хўш, агар Чемпионлар Лигасига статистик нуқтайи назардан қаралса, ушбу турнирда қайси жамоалар ғалабалар сони бўйича етакчилик қилади? Қайси жамоада ғалабалар сони кўпроқ? Қуйида ушбу саволга жавоб бериб ўтилади.
“Ливерпул” (64 та ғалаба)

“Қизиллар” ўз тарихида 6 марта Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритган. Улардан биринчиси 1976/77-йилги мавсумда рўй берган бўлса, олтинчиси 2018/19-йилги мавсумда қўлга киритилди. Умуман олганда, Мерсисайд клуби Европанинг энг нуфузли турнирида беқарор ўйин кўрсатади, шунинг учун жамоанинг ғалабалари ҳам нисбатан кам. Масалан, Чемпионлар Лигасининг 2019/20-йилги мавсумида “қизиллар” ўз иштирокини 1/8 финал босқичида якунлади. 2020/21-йилги биринчиликда эса Юрген Клопп шогирдлари узоқроққа боришни мақсад қилмоқда. Бунинг учун жамоа даставвал “чақилмаган ёнғоқ” “Лейпциг” тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Бироқ барибир тан олиш лозим, “Ливерпул” ушбу қарама-қаршиликда фаворит саналади. Қолаверса, жамоа жавоб баҳси яъни, ҳал қилувчи ўйинни ўз уйида ўтказади.
“Милан” (82 та ғалаба)

“Россонерилар” Чемпионлар Лигасида 7 марта ғолиб чиққан. Афсонавий Паоло Малдини Чемпионлар Лигасида ўтказилган ўйинлар сони бўйича клуб рекордчиси ҳисобланади. Милан клубининг амалдаги директори Европанинг клублар миқёсидаги биринчи рақамли турнирида 139 марта майдонга тушган. “Милан” охирги марта Чемпионлар Лигасида 2013/14-йилги мавсумда ўйнаб, 1/8 финалига қадар етиб борганди. Ўшандан кейин Италия клуби ушбу мусобақада иштирок этгани йўқ. Аммо жамоада ушбу мавсум якунларига кўра Чемпионлар Лигасига қайтиш учун яхши имконият мавжуд. Стефано Пиоли жамоаси А Серия турнир жадвалида етакчилик қилиш билан бирга Европа Лигасида ҳам жадал суръатларда одимлаб бормоқда.
“Арсенал” (83 та ғалаба)

“Канонирлар” бирор марта ҳам Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонмаган. “Арсенал”нинг ушбу турнирдаги энг катта ютуғи – 2005/2006-йилги мавсумда финалга қадар етиб боргани. Ўшанда “тўпчилар” ҳал қилувчи баҳсда “Барселона”га 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Лондонликлар сўнгги марта 2016/17-йилги мавсумда Чемпионлар Лигасида ўйнаган. Жамоанинг ушбу турнирдаги сўнгги юриши 1/8 финал босқичида “Бавария”нинг қақшатқич зарбалари билан якун топган. Ўшандан бери Лондон клуби Чемпионлар Лигасини соғиниб яшамоқда. Гарчи жамоада Европа Лигаси орқали қайтиш имконияти мавжуд бўлса-да, “Арсенал”нинг ҳозирги ўйини билан яқин орада нуфузли мусобақага қайтмаслик эҳтимоли юқори.
“Челси” (85 та ғалаба)

Лондон клуби ҳамшаҳари “Арсенал”дан фарқли ўлароқ, Чемпионлар Лигасида бир бор ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. Бу узоқ 2011/12-йилги мавсумда содир бўлган. Қизиғи шундаки, “Челси”нинг амалдаги устози Френк Лемпард “кўклар”нинг ушбу мусобақадаги иккинчи энг яхши тўпурари ҳисобланади. Собиқ ярим ҳимоячи клуб сафида (Чемпионлар Лигасида) 23 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Фақатгина Диде Дрогбада ундан кўпроқ гол урган – 36 та. Ҳозирда эса айнан Лемпард “Челси”ни Чемпионлар Лигасида муваффақият сари етакламоқда. 2020/21-йилги мавсумда “аристократлар” ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритди. Албатта, лондонликлар 1/8 финал босқичида жуда жиддий рақиб “Атлетико”га дуч келди. Аммо жамоанинг ҳужум салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, имкониятлар 50 га 50.
“Порту” (88 та ғалаба)

Португалиянинг амалдаги чемпиони мунтазам равишда Чемпионлар Лигасида қатнашиб келади. Боз устига “аждарлар” Чемпионлар Лигаси бош совринини икки марта боши узра баланд кўтарган. Бу илк бор 1986/87-йилги, охиргиси эса 2003/04-йилги мавсумда содир бўлган. 2004-йилда “Монако”га қарши кечган финал ўйинидаги ғалабадан кейин жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуринё автоматик равишда топ-мураббийга айланганди. Шундан сўнг португал клубига Чемпионлар Лигасида бошқа ғалаба қозониш насиб этмади. Бироқ жорий мавсумда “аждарлар”да ҳеч бўлмаганда сенсация кўрсатиш имконияти мавжуд. 1/8 финал босқичида жамоа аввалги қудратини бироз йўқотган “Ювентус”га дуч келди.
“Ювентус” (104 та ғалаба)

“Кекса синёра” Чемпионлар Лигасида икки марта ғалаба қозонган, аммо бу анча олдин бўлган: биринчиси 1984/95-йилги мавсумда, иккинчиси эса 1995/96-йилги биринчиликда. Ўшандан кейин туринликлар 5 маротаба турнир финалига қадар етиб келди, аммо уларнинг барчасида муваффақияцизликка учради. Жамоанинг бу мавсумдаги имкониятлари ҳам унчалик юқори эмас. Тўғри, жамоада ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қилоладиган Роналду бор, аммо унутмаслик керакки, футбол 11 киши бўлиб ўйналади ва Криштиануга ҳам ёрдамчилар керак. Андреа Пирло бошчилигидаги “Ювентус” эса ҳозирда ўта беқарор футбол намойиш этмоқда. “Кекса синёра” Чемпионлар Лигасида ўз гуруҳида биринчи ўйинни олди, аммо ҳали қилинадиган ишлар бир дунё экани кафтдек кўриниб турибди. Юқорида қайд этилган ўша “Порту” Турин клубига етарлича муаммолар туғдира олади.
“Манчестер Юнайтед” (124 та ғалаба)

“Манчестер Юнайтед”га сўнгги йилларда Чемпионлар Лигасида барқарорлик етишмаяпти. Камига жамоа ҳар доим ҳам у ерда ўйнагани йўқ. “Юнайтед” 2020/21-йилги мавсумда бир неча йиллик танаффусдан кейин Чемпионлар Лигасида қатнашди, аммо ўз гуруҳида 3-ўринни эгаллаб, Европа Лигасига равона бўлди. Умуман олганда, “Манчестер Юнайтед” ушбу мусобақада уч марта ғолиб чиққан – 1967/68, 1998/99 ва 2007/08-йилги мавсумларда. Сўнгги ғалабадан кейин жамоа яна 2 марта финалга йўл олган, аммо ҳар иккала сафар ҳам “Барселона” ундан ғалабани илиб кетган. Нейтрал кузатувчи сифатида айтиш мумкинки, яқин йилларда “Юнайтед”нинг Чемпионлар Лигасида яна бу қадар узоққа бориши ҳақиқатдан йироқдир. Бу амалга ошиши учун эса жамоа ҳеч бўлмаганда, мусобақада қатнашиши керак.
“Бавария” (150 та ғалаба)

Мюнхен клуби ўз тарихида 6 марта Чемпионлар Лигаси бош совринини ўзиники қилган. Шунингдек, жамоа мусобақанинг амалдаги ғолиби ҳамдир. Камига “қизил машина” 2020/21-йилги мавсумда ҳам асосий даъвогарлар қаторида тилга олинмоқда. Эътиборлиси, Мюнхен клубининг ушбу мусобақадаги рекордчилари ҳозирда жамоанинг етакчилари ҳисобланади: Роберт Левандовски “Бавария”нинг Чемпионлар Лигасидаги энг яхши тўпурари (54 та гол) бўлса, Томас Мюллер турнирдаги ўйинлар сони бўйича етакчи ҳисобланади (123). Жамоанинг плей-офф босқичига чиққанлигини ҳисобга олиб, ҳар иккала футболчининг ўз статистикасини яна-да яхшилаб олишига шубҳа йўқ.
“Барселона” (160 ғалаба)

“Барселона” 5 бор кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақасида ғолиб бўлган. Эътиборга молик жиҳати, каталонияликлар Чемпионлар Лигаси финалларида ютқазишдан кўра кўпроқ ғалаба қозонган (5 ғалаба ва 3 мағлубият). Сўнгги 5 йил ичида эса жамоа чорак финал босқичидан нарига ўта олмаяпти. Фақатгина 2018/19-йилги мавсумда каталон клуби ярим финалгача етиб борди, у ерда нима бўлганини эса кўпчилик узоқ вақт давомида эсидан чиқармаслиги аниқ. Ҳозирги “Барселона” катта ютуқларга даъво қилиши бироз қийинроқ: молиявий инқирозлар, авлодлар алмашинуви ва зиддиятли ички муҳит бунга йўл қўймайди. Ҳа, футбол шундай бешафқат ўйин. 2020/21-йилги мавсумда жамоа 1/8 финал босқичида ПСЖ билан тўқнаш келади. Тан олиш лозим, айни дамда парижликлар ушбу жуфтликнинг фаворити.
“Реал” (162 та ғалаба)

“Реал Мадрид” – Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг яхши клуб. “Қаймоқранглилар” ушбу мусобақада нақ 13 бор бош совринга эга чиққан. Ушбу кўрсаткич бўйича 2-ўринда 7 та кубок билан “Милан” бормоқда. “Реал” кетма-кет уч мавсумда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан ягона ва биринчи клуб. Аммо сўнгги йилларда “қироллик клуби” Чемпионлар Лигасида бироз позициясини бой берди. Ўтган мавсумда “қаймоқранглилар” мусобақани 1/8 финал босқичидаёқ тарк этди. 2020/21-йилги мусобақаларда эса клуб ўз тарихида илк марта гуруҳ босқичида қолиб кетишига бир бахя қолди. “Реал” сўнгги вақтлардаги ўйинлари билан мухлисларини бироз шубҳалантирмоқда, аммо унутмаслик керак, ЙЧЛ айнан Мадрид клубининг мусобақасидир.
574   
Добавить комментарий
Ваше имя: *