Goal24.uz » Ўзбекистон » 10 ойга чўзилган Суперлига, А Сериядаги Шомуродов ва бекор бўлган мусобақалар. Ўзбек спортида йил якунлари

10 ойга чўзилган Суперлига, А Сериядаги Шомуродов ва бекор бўлган мусобақалар. Ўзбек спортида йил якунлари

Автор: admin

2020-йил барча соҳаларда бўлгани каби ўзбек спортида ҳам синовларга бой бўлди. Бутун дунё аҳолисини “уйда ўтириш”га мажбур қилган коронавирус туфайли бир қатор ўзгаришлар ва мушкул вазиятлар юзага келди. “Гоал24” 2020-йил ўзбек спортида юз берган муҳим воқеаларни ёдга олади.
Муроджон Аҳмадалиевнинг тарихий натижаси билан бошланган йил
Январ ойининг сўнгги кунида бокс бўйича ярим енгил вазн тоифасида ҳаракат қилувчи Муроджон Аҳмадалиев WБА ва ИБФ камарлари соҳиби Даниел Романга қарши жанг қилди. 12 раунд давом этган жангда ҳакамлар қарорига кўра (115:113, 115:113, 113:115) ўзбекистонлик боксчи ғолиб деб топилди.

Профессионал боксдаги 8-жангидаёқ иккита камарга эга чиққан Аҳмадалиев бу борада жаҳон рекордини такрорлади. 42 йил аввал Леон Спинкс ўзининг проф рингдаги саккизинчи жангида афсонавий Муҳаммад Алини енгиб, иккита камарга энг тез эришган боксчига айланганди.
Боксчининг бу ғалабаси Ўзбекистонда ҳам муносиб тақдирланди. Президент томонидан Аҳмадалиев “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди. Унга Президент совғаси сифатида Чевролет Траcкер автомобили ва пойтахтдан 3 хонали уй калити топширилди. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан боксчига Дамас автомобили берилди.
Олимпиадага бир қадам қолганда ёхуд У-23 Осиё чемпионати
Таиландда ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига Любинко Друлович қўл остида терма жамоа йўл олди. “Ўлим гуруҳи”дан жой олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Эрон ва Хитойни ортда қолдирган ҳолда иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олди. Друлович шогирдларидан юқори ўринни Жанубий Корея қўлга киритди.

Чорак финалда БАА ёшлари 5:1 ҳисобида тор-мор этилди. Саудия Арабистонига қарши ўтган ярим финал баҳси аламли мағлубият билан тугади. Учрашув давомида ёмон кўринмаган ўзбекистонликлар 87-дақиқада гол ўтказиб юборди ва Олимпиадага тўғридан тўғри йўл олиш имкониятини қўлдан чиқарди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Австралия рақиб бўлди. Рақиб футболчисининг индивидуал маҳорати эвазига урилган ва мусобақа кашфиёти бўлган Ойбек Бозоровнинг четлатилиши баҳс тақдирини ҳал қилди. Афсуски, Ўзбекистон Олимпия ўйинлари учинчи квотасидан ҳам маҳрум бўлди.
Коронавирус ўчоғига ташриф
Ўзбекистон бокс терма жамоаси Токио—2020 Олимпиадаси йўлланмалари ўйналадиган лицензион мусобақада қатнашиш учун январнинг иккинчи ярмида Хитойнинг Ухан шаҳрига учиб кетди. Айни ўша вақтларда Уханда коронавирус авж ола бошлади ва Ўзбекистон делегацияси тезда ортга қайтарилди. Феврал ойида бошида бўлиб ўтиши белгиланган лицензион мусобақа эса қолдирилди.

Кейинчалик ушбу мусобақа Иорданияга кўчирилди. Март ойида Амман шаҳрида ўтказилган лицензион мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг етти нафар боксчиси Токио Олимпиадасига йўлланма олди: Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Элнур Абдураимов, Бобоусмон Ботуров, Санжар Турсунов, Баҳодир Жалолов ва Турсуной Раҳимова. Шунингдек, Мирзахалилов, Абдураимов ва Жалолов лицензион мусобақа олтин медалларига эга чиқди. Зоиров, Ботуров ва Турсунов эса бронза билан чекланди.
Бироқ Токио Олимпиадаси коронавирус туфайли 2021-йилга қолдирилди. Мусобақанинг 2021-йилда бўлиб ўтиши ҳам катта сўроқ остида турибди.
“Ҳумо” хоккей клуби таркибининг тарқатиб юборилиши

Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби 2019-йилда Олий хоккей Лигасида (ОХЛ, Россиянинг хоккей бўйича иккинчи дивизиони) иштирок этишини маълум қилди. Қатор легионерлар билан бойитилган клуб мавсум якунларига келиб, муаммоларга дуч кела бошлади. Коронавирус туфайли белгиланган чекловлар сабаб клуб бир нечта ўйинни “Ҳумо-Арена”дан бошқа жойда ўтказишга мажбур бўлди. Охир-оқибат апрел ойида клуб келаси мавсум ОХЛда иштирок этмаслигини маълум қилди. Кейинчалик жамоа хоккейчилари бошқа клублар сари йўл олишни бошлади. Ҳозирга келиб, “Ҳумо” хоккей клубининг тақдири қандай бўлиши номаълум бўлиб қолмоқда.
Учга бўлинган ва қишгача чўзилган Суперлига
Март ойида старт олган футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси коронавирус туфайли икки бор тўхтаб қолди. Аввалига дастлабки уч турдан кейин мамлакатда карантин чоралари кучайтирилгач, барча спорт турлари қатори Суперлига ва бош футбол мусобақалари ҳам вақтинча тўхтатилди. Рестарт эса кутилганидан анча муддатга чўзилиб кетди ва роппа-роса уч ой ўтиб, футбол мавсуми қайта тикланди. Бироқ бу ҳаммаси ортда қолганини англатмас эди, қатор чекловлар сабаб июл ойининг ярмида Суперлига яна бир ойга тўхтади. Август ойида биринчи давранинг сўнгги тўртта тури марказлашган тизимда Тошкент ва Тошкент вилоятида ўтказилди.
ФИФА кунларини айтмаганда сентябрьдан бошлаб Суперлига учрашувлар бир маромда ўтказилди. Сўнгги тур ўйинлари 3-декабр куни ўтказилди ва ўн ойга чўзилган чемпионат мавсуми якун топди.
“Пахтакор”нинг “олтин дубли” ва ОЧЛдаги аламли мағлубият
Коронавирус пандемияси даврида барча каби катта қийинчиликларни бошдан кечирган “Пахтакор” рестартни ёмон ўтказмади. Август ва сентябрь ойларида кетма-кет ўйинларда иштирок этган Шота Арвеладзе шогирдлари сентябрьнинг иккинчи ярмида Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашиш учун Қатарга йўл олди.
Дастлабки икки турдан кейин тўхтаб қолган мусобақа Доҳада марказлашган тизимда бўлиб ўтди. Унда “шерлар” гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлади. 1/8 финалда тошкентликлар Эроннинг “Истиқлол” жамоасини мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқди. “Персеполис”га қарши кечган чорак финал ўйинини ёмон бошламаган “Пахтакор” Жалолиддин Машариповнинг эрта қизил карточкасидан кейин ташаббусни рақибга топшириб қўйди ва мусобақадаги иштирокини эрта якунлашга мажбур бўлди.

Бир фронтни бой бергандан кейин бор эътиборни миллий чемпионатга қаратган “шерлар” муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди ва 13 марта Ўзбекистонда тенгсиз эканини исботлади. Суперлига якунланганидан кейин қисқа муддат ичида Ўзбекистон Кубоги ҳам ўтказилди. Финалда қаторасига учинчи мавсум “Пахтакор” ва ОКМК ўзаро тўқнаш келди. Унда пойтахтликлар кутилганидек ғолиб чиқди ва мавсумдаги иккинчи совринга эга чиқди.
Мавсум якунлангач “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе уч йиллик фаолиятдан кейин жамоани тарк этишини маълум қилди.
Интригага бой бўлган Про-Лига ва “яккакурашчи” Тўрақуловнинг 10 йилга четлатилиши
Саккиз жамоа иштирокида ўтган Про-Лига мусобақаси қизиқлиги борасида Суперлигадан қолишмади. Икки давра ўйинларидан кейин лига иккига бўлинди: чемпионлик учун ва лигада жон сақлаб қолиш учун кураш кечди. Суперлигага йўлланма тақдим этадиган чемпионлик масаласи сўнгги турга қолди. Фарғонанинг икки клуби “Нефтчи” ва “Турон” финалга тенг ўйинда ўзаро баҳс юритди. Учрашув меҳмонларнинг ғалабаси билан тугади ва бу яйпанликларга чемпионлик билан бирга, Суперлига йўлланмасини тақдим этди.

Учрашувдан кейин эса ҳакамлар, мезбон футболчилар ва томошабинлар иштирокида тўполон бўлди. Вазиятларнинг бирида фарғоналиклар вакили Жамшид Тўрақулов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга оёқ билан зарба берди. Албатта, бу ЎФА тартиб-интизом қўмитасининг эътиборидан четда қолмади ва футболчи ўн йилга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.
Шомуродов Италияда, Ўрунов Москвада, Жалолиддинов-чи?
2020-йил ўзбекистонлик легионер футболчилар учун саргузаштларга бой ўтди. Элдор Шомуродова ёзги трансфер ойнасида Генуянинг “Женоа”сига йўл олди. Элдор Италия футболи ва “Женоа”нинг “антифутбол”ига мослашиши учун бирмунча вақт керак бўлди, шунингдек, жароҳат ҳам адаптация жараёнини бироз секинлаштирди. Бироқ вақт ўтиб Элдор таркибда ўз ўрнига эга бўла бошлади ва А Серияда гол урган илк ўзбекистонлик футболчига айланди. Элдор учун ҳақиқий мавсум энди бошланмоқда, мусобақанинг иккинчи даврасида Шомуродов таркибдан муқим ўрин олади деган умид бор.

Шомуродовнинг ишлари “беш” бўлса-да, Россияда фаолият юритаётган легионерлар ҳақида бундай деб бўлмайди. “Уфа”да ёрқин ўйин намойиш қилиб, “Спартак” сафига ўтган Остон Ўрунов ҳамон асосий таркибдан ўрин ололмаяпти. “Қизил-оқлар” мухлислари Остоннинг майдондаги эмас, балки, унинг ташқарисидаги вазиятини муҳокама қилиш билан банд (қиммат брендлар сурати ва “4-5 ёшга катта” воқеалари). Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив М”га трансфери ҳам муваффақиятли бўлди деб бўлмайди. Москваликлар жамоасида ҳатто РПЛ қайдномасига ҳам кира олмаган Жасур ижара асосида “Тамбов”га йўл олди. Бироқ у ерда ҳам ўйин амалиётисиз қолмоқда.
Беларусга йўл олган Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров трансферларини муваффақиятли деб атаса бўлади. Аввалига “Энергетик-БГУ”да тўп сурган футболчилар, кейинчалик Беларуснинг номдор жамоалари сафига ўтди. Жасур мавсум ўртасидаёқ “Шахтёр Солигорск”га йўл олди ва бу жамоа билан чемпионликни қўлга киритди. Умаров эса мавсум якунида БАТE футболчисига айланди.
ММА, УФC
2020-йилда бир қатор ўзбекистонлик яккакурашчилар дунёнинг номдор промоушенларида дебют қилди. Зарруҳ Адашев ва Лилия Шокирова УФCъдаги дебют жангларини ўтказди, бироқ уларнинг дебюти муваффақиятли бўлмади. Адашев илк раунддаёқ нокаутга учраган бўлса, Шокирова тажрибали рақибига қарши бир ярим раунд “туриб берди”. Таъкидлаш жоиз, ҳар икки яккакурашчи УФC билан жуда тез шартнома имзолади ва жангга тайёргарлик кўриш учун етарли вақтга эга бўлмади.
Муайтай бўйича Ўзбекистон афсонаси Анвар Бойназаров Cомбат Нигҳт Про промоушенидаги дебют жангида рақибини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди.
Коронавирус туфайли амалга ошмаган воқеалар
Пандемия сабаб 2020-йилда бир қатор мусобақалар қолдирилди ёки бекор қилинди. Хусусан, футбол бўйича Ўзбекистон Лига Кубоги мусобақасидан воз кечилди. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон клублари иштирокида бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур мусобақа чегаралар ёпилгани ва тақвим тиғизлиги сабаб ўтказилмади.

Октябрь ойидаги ёшлар ўртасида Осиё чемпионатига Ўзбекистон мезбон бўлиши белгиланганди. Бироқ мазкур мусобақа 2021-йилнинг баҳорига кўчирилди. Аввалроқ ФИФА ёшлар ўртасида 2021-йилги Жаҳон чемпионати мусобақасини бекор қилди. Ўз навбатида яқин орада Ўзбекистонда ўтиши керак бўлган Осиё чемпионати ҳам бекор қилиниши мумкин.
Қуйида йилнинг бошқа ҳодисалари ва қаҳрамонларини ўзига хос номинацияларда эслаб ўтамиз:
  • Йил спортчиси — Муроджон Аҳмадалиев (бокс);
  • Йилнинг энг яхши ёш спортчиси — Давлат Бобонов (дзюдо);
  • Йил ташкилоти — ПФЛ ва Эспортс;
  • Йил жамоаси — “Пахтакор” футбол клуби;
  • Йил иқтибоси — “У энди юқорида, биз эса пастроқдамиз” (Бокс терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохуновнинг Шаҳрам Ғиёсовнинг гапларига муносабати)
  • Йил ўйини — “Нефтчи” — “Турон” (0:1)
  • Йил йўқотиши — Жамшид Асадов (Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон Чемпиони қилган мураббий)
  • Йил ҳазили — “Остон Ўрунов аслида 4-5 ёшга катта”;
  • Йил омадсизи — Жасур Жалолиддинов (“Локомотив М”);
  • Йил салбий қаҳрамони — Шахмат федерацияси;
  • Йил қарама-қаршилиги — Алишер Никимбаев — ПФЛ.
328   
Добавить комментарий
Ваше имя: *