Goal24.uz » Transfer » Бейлдан Неймаргача. Футбол тарихидаги энг қиммат трансферлар

Бейлдан Неймаргача. Футбол тарихидаги энг қиммат трансферлар

Автор: admin

Трансфер ойнасининг очилиши футболда катта воқелик сифатида қабул қилинади. Шу кундан бошлаб клуб раҳбарлари жамоани кучайтириш учун интенсив равишда иш олиб боришни бошлайди. Одатда январ ойида шов-шувли битимлар нисбатан камроқ бўлади, аммо трансфер бозорида воқеалар ривожи қандай якун топишини олдиндан айтиб бўлмайди ва бу аллақачон кўп марта исботланган. Қишки трансферлар ойнасидаги натижалар ой охирида сарҳисоб қилинади. Шундай экан, ҳозир умуман футбол тарихидаги энг қиммат трансферлар ҳақида фикр юритишнинг айни вақти.
Гарет Бейл, “Тоттенҳем”дан “Реал”га – 101 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
Трансфермаркт портали маълумотларига кўра Бейл футбол тарихида 100 миллион евродан қимматроққа сотилган илк ўйинчи. “Реал” уелслик футболчини бундан 7 йил олдин 101 миллион евро эвазига харид қилганди. “Қаймоқранглилар” кимсан Криштиану Роналду учун унга қараганда камроқ тўлаган (94 миллион евро). Умуман олганда, Гарет дарҳол испан клубига мослашиб кетди. Мадриддаги биринчи мавсумидаёқ Бейл барча мусобақаларда 22 та гол урди ва 19 та голли узатмани амалга оширди. Сўнгги йилларда унинг ишлари юришмаётган ва ҳозирда ижара асосида қайтган собиқ клуби — “Тоттенҳем”да ҳам захирада ўтирган бўлса-да, унинг “Реал”даги фаолиятини муваффақиятли деб аташ мумкин. Боиси, Бейл “қироллик клуби” билан исталган футболчи фақат ҳавас қилиши мумкин бўлган совринларни қўлга киритган.
Пол Погба, “Ювентус”дан “Манчестер Юнайтед”га – 105 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
2016-йилнинг август ойида “Манчестер Юнайтед” Погбани “Ювентус”дан 105 миллион еврога сотиб олди. Бу 2012- йилнинг ёзида Турин клубига текинга қўйиб юборилган футболчига тўланган пуллар эди. Погба Манчестерга қайтгач, бир неча яхши мавсумларни ўтказди, гол+пас тизими бўйича ҳам ижобий натижаларга эришди. Бироқ шунга қарамай “Манчестер Юнайтед”да ўтган даврни Погба учун жуда омадли кечди деб айтиш мушкул. Франциялик футболчи 4 йил ичида “Юнайтед” билан фақат Европа Лигаси ва Англия Лига Кубогини қўлга киритди, холос. Бундан ташқари, футболчи кетма-кет иккинчи мавсумда клубда турли муаммоларга дуч келмоқда. Катта эҳтимол билан Пол ёзда жамоани тарк этади.
Эден Азар, “Челси”дан “Реал”га – 115 миллион евро

Фото: Тwиттер
“Реал Мадрид” кўпинча юқори даражадаги ижрочиларга сармоя киритади, аммо бу ҳар доим ҳам ўз самарасини беравермайди. 2019-йилнинг июлида “қаймоқранглилар” Азар учун “Челси”га 115 миллион евро берганди. Клублар ўртасидаги келишувга кўра, трансфер суммаси 160 миллион еврогача ўсиши мумкинлиги айтилади. Аммо самовий пуллар тўланган белгиялик ҳозирча фақат жароҳатлари билан ёдда қолмоқда. “Реал”даги бир ярим мавсум давомида Азар барча турнирларда атиги 28 учрашув ўтказиб, 3 гол ва 7 голли узатмага муаллифлик қилди. Тўғри, бу ҳавас қиладиган натижа эмас, аммо Зинедин Зидан футболчига ишонишда давом этмоқда.
Криштиану Роналду, “Реал”дан “Ювентус”га – 117 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
Роналду ҳеч қачон “Реал”ни тарк этмайдигандек туюларди. Аммо Мадриддаги тўққиз йиллик фаолиятдан кейин Криштиану “қироллик клуби”ни тарк этишга қарор қилди. 2018-йилнинг ёзида “Ювентус” португалияликни 117 миллион евро эвазига сотиб олди. “Кекса синёра” эса бундан фақат ютди. Турин клуби таркибида Роналду дастлабки мавсумда гол+пас тизими бўйича 32 очко қўлга киритган бўлса, иккинчисида бу кўрсаткич 37 тани ташкил қилди. Шунингдек, Криштиану “Ювентус” билан 2 марта Скудетто ва Италия Суперкубогига эга чиқди. Аммо ҳар иккала томоннинг асосий мақсади, бу Чемпионлар Лигаси. “Ювентус” узоқ йиллардан бери Европанинг энг нуфузли мусобақасида ғалаба қозонишни истаётган бўлса, португалиялик бу ишни “Реал”сиз ҳам қила олишини исботламоқчи.
Антуан Гризманн, “Атлетико”дан “Барселона”га – 120 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
Гризманн, эҳтимол, “Атлетико”нинг энг ёрқин юлдузи бўлган эди. Аммо “Барселона” томонидан билдирилган қизиқишлар футболчига тинчлик бермасди. Натижада каталонияликлар 2019-йилнинг ёзида 120 миллион евро эвазига Жаҳон чемпиони билан шартнома имзолади. Аммо ҳозирда томонларнинг ҳеч қайсисини ушбу трансфердан мамнун деб аташ мушкул. “Кўк-анорранглилар” форварддан кутилган самарадорликни ололмаётган бўлса, француз мураббийларнинг жуда тез алмашаётганидан жамоада ўз ўрнини топа олмаяпти. Ҳатто орада Антуаннинг ПСЖга ўтиш мумкинлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди, аммо вақт ўтиши билан бу гаплар ўз тасдиғини топмади ва юқолиб ҳам кетди. Гризманн эса ҳозирча ўз келажагини “Барселона” билан боғлашда давом этмоқда.
Жоау Феликс, “Бенфика”дан “Атлетико”га – 127 миллион евро

Фото: Тwиттер
“Атлетико” Гризманн учун олинган пулга 7 миллион қўшиб, “Бенфика”дан ёш ҳужумчи Жоау Феликсни сотиб олди. 19 ёшли ҳужумчи учун берилган 127 миллион евро “матрасчилар” учун ақлдан оздирувчи сумма эди. Бундан ташқари, бутун ўтган мавсумда португалиялик футболчи Ла Лигада атиги 6 та гол урди. Бироқ 2020/21-йилги биринчиликда футболчи жонланди ва барча турнирларда 8 та гол уришга улгурди. Ноябр ойида эса ҳужумчи Ла Лигада ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шу тариқа у аста-секин жамоага мослашиб бормоқда. Агар мослашиш жараёни жуда тез кетмаса ҳам, унда бунинг учун етарлича вақти бўлади – футболчининг “Атлетико” билан шартномаси 2026-йилнинг июнигача амал қилади.
Усмон Дембеле, “Боруссия Д”дан “Барселона”га – 130 миллион евро

Фото: Гоогле Имагес
2016-йилнинг июлида Дембеле “Ренн”дан “Боруссия Дортмунд”га 15 миллион евро эвазига кўчиб ўтади. Бир йил ўтгач эса, немис клуби вингерни “Барселона”га 130 миллион еврога сотиб юборади. Франциялик футболчининг трансфери дортмундликлар учун ўта фойдали бўлиш билан бирга, интизом билан боғлиқ муаммоларга дуч келадиган ва тез-тез жароҳат оладиган футболчидан қутилди. Каталонияликлар Усмоннинг истеъдодига ишонч билдирди, аммо унга ўзини кўрсатиши учун дангасалик ва соғлиқдаги муаммолар (ҳамон) халақит бермоқда. “Кўк-анорранглилар” ҳозирда футболчини сотиш ёки шартномани узайтириш борасида бир қарорга кела олмаяпти.
Филиппе Коутинё, “Ливерпул”дан “Барселона”га – 145 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
Коутинё ҳозирга қадар “Барселона” тарихидаги энг қиммат футболчи ҳисобланади. 2018-йилнинг бошида каталонияликлар футболчини “Ливерпул”дан 145 миллион еврога сотиб олди. Аммо бу трансферни муваффақиятли деб аташ қийин. Бразилиялик футболчи Эрнесто Валверде қўл остида ўйнаб кета олмади ва шу сабабли “Бавария”га ижарага йўл олишга мажбур бўлди. Унга ишонган Кики Сетен билан эса ишлашга улгурмади. “Кўк-анорранглилар”нинг ҳозирги устози ҳақиқатан ҳам Коутинёга ишонмаяпти, у асосан бошқа ҳужумкор ярим ҳимоячиларни афзал кўрмоқда. 145 миллион евролик футболчи “Барселона”нинг ротацион ўйинчиси ҳисобланади. Бундай трансферни муваффақияциз деб ҳисоблаш мумкин. Бугунги кунга келиб, бразилияликни ярим нархда сотиш ҳам каталонияликлар учун омадли бўларди.
Килиан Мбаппе, “Монако”дан ПСЖга – 145 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
2018-йилнинг июл ойида ПСЖ 20 ёшли ҳужумчи учун “Монако”га 145 миллион евро тўлади ва бунга сира афсусланмади. Мбаппе Париж клубига жуда тез мослашди. Пойтахт клубига ўтганидан кейинги биринчи мавсумда Килиан Франция чемпионатида 13 та гол урди, кейинги мавсумда эса бу кўрсаткич 33 тага етди. Ҳеч шубҳа йўқки, Мбаппе ПСЖнинг асосий активи ҳисобланади. Бироқ у клуб билан шартномани узайтирадими ёки йўқ деган савол ҳамон актуаллигича қолмоқда. Футболчининг парижликлар билан амалдаги келишуви 2022-йилнинг июнида ўз ниҳоясига етади. Кейинги олти ой парижликлар учун Килиан борасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Улар Мбаппени миллионлар билан кўмиб ташлашга тайёр, аммо француз “Реал”да ўйнаш орзусида ёнмоқда.
Неймар, “Барселона”дан ПСЖга – 222 миллион евро

Фото: Геттй Имагес
2017-йилнинг август ойида ПСЖ Неймарни 222 миллион еврога сотиб олиб, трансфер бозорини том маънода портлатганди. Ҳозирда бу футбол тарихидаги энг қиммат трансфердир. Шубҳасиз, пандемия пайтида ва ундан кейин клублар трансферлар учун еврода юз миллионлаб сарфлай олмайди. Шундай экан, ПСЖ ва Неймарнинг трансфер рекорди ҳали узоқ вақт давомида сақланиб қолади. Бразилияликнинг ўзи ҳақида гап кетса, у Парижда ҳамма нарсадан мамнун. “Барселона”га қайтиш ҳақида гаплар тўхтади, маош яхши, шартномани узайтириш эса фақат вақт масаласи.
410   
Добавить комментарий
Ваше имя: *