Goal24.uz » Европа жамоалари » Angliya » Элитада уларга жой йўқ: АПЛни тарк этиши керак бўлган таниқли футболчилар

Элитада уларга жой йўқ: АПЛни тарк этиши керак бўлган таниқли футболчилар

Автор: admin

Англия Премер Лигаси – дунёнинг энг кучли футбол чемпионати сифатида қабул қилинади. Табиийки, у ерда дунёнинг энг яхши футболчилари жамланган, кучли рақобатда ютиб чиқиш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шунинг учун туманли албиондаги футболчилар спорт формасини ушлаб туриш учун қўлидан келган барча ишни қилади. Боиси бир мартага мураббийнинг ишончи йўқотилса, уни қайта тиклаш деярли имконсиз. Афсуски, бундай ҳолатга тушиб қолганларнинг сони кам эмас. Қуйида айнан ана шундай мураббийнинг ишончини йўқотган ва АПЛни тарк этиши тобора ойдинлашаётган таниқли футболчилар ҳақида фикр юритилади.
Кепа Аррисабалага (“Челси”), клуб билан шартномаси 2025-йилгача мўлжалланган

Фото: Тwиттер
Рўйхатни Кепадан бошламаслик шунчаки кулгили бўларди, боиси дунёнинг энг қиммат посбони ўз дарвозаси томон йўлланган зарбаларнинг деярли барчасини ўтказиб юборади. Дарвозабон ўтган мавсумда йўлланган зарбаларнинг атиги 53,6 фоизини бартараф этишга муваффақ бўлган, бу исталган голкипер учун даҳшатли кўрсаткичдир. Жамоага янги қўшилган Эдуард Менди уни шунчаки захирага михлаб қўйди. Френк Лемпард Кепага шу даражада ишонмайдики, агар Менди жароҳат олса ёки дисквалификация қилинса ҳам, унинг ўрнига испанияликни эмас, балки 39 ёшли Вилли Кабалеро ёки фаолиятини тиклаган 38 ёшли Петр Чехни майдонга туширади.
Маркос Алонсо (“Челси”), клуб билан шартномаси 2023-йилгача мўлжалланган

Фото: Геттй Имагес
Икки йил олдин Трансфермаркт ҳимоячининг нархини 45 миллион еврога баҳолаган эди, ҳозир эса бу кўрсаткич 13 миллион еврога тенг. Бунга Алонсонинг нақ 14 турдан бери ҳатто захира ўриндиғидан ҳам жой ололмаётгани изоҳ бўлиши мумкин. Натижада, “Реал” тарбияланувчиси ҳозирда “Атлетико”га кетиш ҳақида ўйламоқда.
Александр Зинченко (“Манчестер Сити”), клуб билан шартномаси 2024-йилгача мўлжалланган

Фото: Геттй Имагес
Ўтган мавсумда кутилган ўйинни намойиш эта олмаган Зинченко 2020/21-йилги биринчиликда ҳам айтарли имкониятларга эга бўлмаяпти, майдонга тушса ҳам кўпроқ хатолари билан ёдда қолмоқда. Гвардиола эса унинг ўрнига Бенжамин Менди ёки Жоау Канселони маъқул кўрмоқда.
Жердан Шакири (“Ливерпул”), клуб билан шартномаси 2023-йилгача мўлжалланган

Фото: Тwиттер
Шакири майдонга тушиши учун жамоанинг юлдузлари қаторасига сафдан чиқиши лозим. Ноябр—декабр ойларида “Ливерпул” жароҳатлар исканжасида қолганида ҳам Шакири асосий таркибдан жой ололмади. Ўтган мавсумда у АПЛда икки марта асосий таркибда майдонга тушган бўлса, ушбу мавсумда бирорта ўйинни илк дақиқалардан бошламади. “Ливерпул”да асосий ҳужум учлиги аллақачон шаклланиб бўлган: Мане—Фирмино—Салоҳ, шунингдек, триодан асло қолишмайдиган Диогу Жота ҳам ўз вақтини кутишга мажбур. Шакирига эса шунчаки майдонда жой йўқ.
Деле Алли (“Тоттенҳем”), клуб билан шартномаси 2024-йилда ўз ниҳоясига етади

Фото: Геттй Имагес
Алли Моуринё “Тоттенҳем”га келганида жуда яхши натижаларга эришганди, аммо кейинчалик у захира ўйинчисига айланиб қолди. 2020-йилнинг сентябрь ойида “Тоттенҳем” ҳақида ҳужжатли филм эфирга чиқди. Эпизодларнинг бирида эса Моуринёнинг Деле Аллига мактаб ўқувчисига бўлгани каби танбеҳ бераётгани акс эттирилди. Худди ўша сентябрьдан кейин Деле Алли Премер Лига ўйинларини бирор марта ҳам асосий таркибда бошламади. Ҳатто Моуринё уни омма олдида танқид қилган вазиятлар ҳам кузатилди.
Донни ван де Бек (“Манчестер Юнайтед”), клуб билан шартномаси 2025-йилгача мўлжалланган

Фото: Гоал
2019-йилда Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан “Аякс” кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ушбу таркибдан “Барселона” де Ёнгни, “Ювентус” де Лигтни, “Челси” Зиёшни, “Манчестер Юнайтед” эса ван де Бекни сотиб олди. Сўнгги трансфер ғалатироқ бўлиб чиқди, чунки Сулшер ўзи сотиб олган футболчини захирага ўтқазиб қўйди. Нидерландиялик футболчи Премер Лигадаги дебют учрашувида гол ҳам урганди, бироқ шундан сўнг у ғойиб бўлди, қўйди. Бугунги кунга қадар ярим ҳимоячи Премер Лиганинг фақат битта учрашувини асосий таркибда бошлади. Қизиқ ҳолат, нақ 39 миллион еврога харид қилинган футболчи деярли имконият берилмай, захира футболчисига айлантирилди.
Жессе Лингард (“Манчестер Юнайтед”), клуб билан шартномаси 2022-йилгача мўлжалланган

Фото: Тwиттер
Агар ван де Бек захирадан бўлса-да, бир қанча ўйинларда майдонга тушган бўлса, Лингард тамомила ҳисобдан чиқарилди. У АПЛнинг 2020/21-йилги мавсумида бирорта ўйин ўтказмади ва фақатгина 4-марта қайдномага киритилди. Ҳозирда унинг “Реал Соседад”, “Зенит”, “Шеффилд” ёки “Порту”га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар юрибди.
Шкодран Мустафи (“Арсенал”), клуб билан шартномаси 2021-йилнинг ёзигача мўлжалланган

Фото: Тwиттер
Жаҳон чемпионинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Германияликнинг клубда ҳисобда нечанчи марказий ҳимоячи эканлигини айтиш мушкул. Премер Лиганинг ушбу мавсумидаги ўйин вақти инобатга олинса, қуйидагича жадвал юзага келади:
  • Ҳолдинг (1214 дақиқа)
  • Габриел (1052 дақиқа)
  • Давид Луис (481 дақиқа)
  • Пабло Мари (270 дақиқа)
  • Колашинас (90 дақиқа)
  • Мустафи (44 дақиқа).
Николя Пепе (“Арсенал”), клуб билан шартномаси 2024-йилгача мўлжалланган

Фото: Тwиттер
Бир ярим йил олдин “Арсенал”га 79 миллион еврога тушган (клуб тарихидаги рекорд трансфер) футболчи ҳозирда жамоага бир миллионлик ҳам фойда келтиргани йўқ. Футболчига кўп маротаба имконият берилган, аммо у булардан фойдалана олмаган. “Арсенал”нинг ҳозирги мураббийи Артета эса футболчилар билан ортиқча пачакилашиб ўтирадиганлардан эмас. Факт ўрнида шуни айтиш керакки, Пепе кетма-кет уч марта асосий таркибда майдонга тушган ўйинда “Арсенал” ғалаба қозона олмади, шундан сўнг футболчи уч бор захирада қолдирилди – клуб эса айнан шу учрашувларда ғалабани тантана қилди.
Месут Ўзил (“Арсенал”), клуб билан шартномаси 2021-йилгача мўлжалланган

Фото: Геттй Имагес
Ўзилнинг “Арсенал”дан кетиши мавзуси қанчалик эскирган бўлмасин, усиз ушбу рўйхат тўлиқ бўлмасди. Арсен Венгер билан илиқ муносабатларга эга бўлган Ўзил айнан унинг истаги туфайли “тўпчилар” билан шартномани узайтирганди. Бироқ орадан 50 кун ўтиб, Венгер жамоадан кетишини эълон қилди. Ундан кейин келган мураббийларга эса (Эмери ва Артета) ярим ҳимоячи керак бўлмай қолди. Инглиз матбуоти эса тез-тез Ўзилнинг маошига (ҳафтасига 350 минг фунт) тўхталиб туради. Месутнинг ўзи жамоага ёрдам беришни исташини ва унга имконият берилмаётганидан нолиса, Артета унда етарлича вақт бўлганини, бироқ Ўзилнинг бундан фойдалана олмаганини таъкидлайди.
145   
Добавить комментарий
Ваше имя: *