Goal24.uz » Transfer » Коутино, Ван Дейк, Торрес - қишки трансфер бозоридаги энг қиммат харидлар

Коутино, Ван Дейк, Торрес - қишки трансфер бозоридаги энг қиммат харидлар

Автор: admin

Бу эрда сизнинг севимли футболчингиз ҳам бўлиши мумкин.
Январ ойидаги трансфер ойнасида доим ҳам катта харидлар амалга оширилавермайди. Сабаби, аксарият жамоалар ўз таркибини ёздаги трансфер бозорида кучайтиришга ҳаракат қилади. Аслида, бир томондан бу йўл тўғри. Янги мавсумга янгича ҳозирлик кўрадиган жамоалар ўзлари учун маълум бир йўлни танлаб, шу йўналиш бўйлаб ҳаракат қилади. Бироқ танганинг бошқа томонини ҳам эсдан чиқармаслик лозим: шундан ҳолатлар бўлади-ки, жамоа этакчилари оғир жароҳат олиб, узоқ вақт давомида майдонга туша олмайди. Ёки клуб этакчилари ўзига билдирилган ишончни оқлай олмайди. Натижада, клуб бир маромда кетаётган релсидан чиқиб кетади. Табиийки, бу грандлар учун ёқимсиз ва дарҳол ўзгартирилиши шарт бўлган ҳолат. Ушбу вазиятда аксарият клублар қишки трансфер бозоридан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Биз эса январ ойидаги энг қиммат харидлар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.

10. Алекс Тейшейра. 50 млн эвро эвазига "Шахтёр"дан "Тсзянсу Сунин"га.
Ўзининг энг юлдузли даврларини "кончилар" сафида ўтказган Алекс бундан-да каттароқ муваффақиятларга эришиши мумкин эди. Бироқ Хитой клубидан бўлган супертаклиф уни гангитиб қўйди. Аслида, бу вазиятда "Шахтёр" ҳам анча фойда кўрди. Асосан, бразилиялик истеъдодларни сайқаллаб, юқори нархга сотадиган донецкликлар деярли ҳеч нима йўқотмади. 6 млн эврога сотиб олган футболчисини 50 млнга пуллаган "кончилар" учун салбий жиҳат йўқ бу эрда. Яхшигина ном чиқариб улгурган Тейшейрани ўз таркибига қўшиб олган "Тсзянсу Сунин" ҳам зарар кўрмади. Бразилиялик футболчи 5 йил давомида клуб либосида 73 гол ва 43 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Аммо ҳозир у эркин агент. Хитойликлар қаҳрамонимизга янги шартнома таклиф қилмади ва у билан хайрлашди. Алекс эса, 31 ёшида жамоасиз қолиб кетди.

9. Бруну Фернандеш. 55 млн эвро эвазига "Спортинг" Лиссабондан "Манчестер Юнайтед"га.
Бу трансфер амалга ошганига бир неча кундан сўнг 1 йил тўлади. 2020 йил 29 январ куни Бруну МЮ либосини кийган ва ўша санасидан бери у жуда катта кўламдаги ишни бажариб келмоқда. Сулшер қураётган машинанинг энг зарур мурватига айланиб улгурган португалиялик ўзи иштирок этган 49 учрашувда 44 та голда қатнашди. Натижада, 4 марта АПЛда ой футболчиси совринини қабул қилиб олди. Бу мавсумда ҳам ушбу номга у кетма-кет икки бор лойиқ кўрилди. "Қизил иблислар" бугун унинг хизматига жиддий эҳтиёж сезмоқда. Ҳатто, Сер Алекс Фергюсон давридан бери илк бор Премер-лига карвонбошилигини қўлга олган манкунияликлар этакчисини "Босс"нинг ишонган шогирди Рунига қиёслашмоқда. Балки ким учундир бу бироз ғалати туюлар, аммо уларнинг иккиси ҳам "Манчестер Юнайтед"ни олдинга бошлай олади. Қизиғи, Фернандешда Рунидан-да юқорироқ даражага чиқиш имконияти бор. У "қизил иблислар" либосида ҳали анча тўп тепиши мумкин. Воқеалар ривожини кузатиш қизиқарли бўлади.

8. Фернандо Торрес. 58,5 млн эвро эвазига "Ливерпул"дан "Челси"га.
Бу трансфер қишки трансфер ойнасининг энг сўнгги лаҳзаларида амалга ошганди. Лондонлик мухлислар ўшанда ўзларида йўқ қувонгани шубҳасиз. Бироқ уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Мерсисайдликлар сафида ўзининг тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ҳужумчи "аристократлар" таркибида "синиб қолди". Мавсумнинг қолган қисмини 1 гол ва 2 ассист билан якунлаб қўйган Торрес кейин ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлай олмади. Асосий таркиб учун курашда Диде Дрогба қаршилигини синдира олмаган "Эл нино" захирадан ўйинга қўшиладиган футболчига айланиб қолди. Дрогбадан кейин Фернандо порлашини кутган мухлислар яна ҳафсаласи пир бўлди. Шу тариқа, ўртамиёна ҳужумчилар даражасига секин-аста туша бошлаган Торрес ижара асосида "Милан"га ўтади. "Россонерилар" либосида ҳам ўзлигини топа олмаган қаҳрамонимиз Миланда қолади. Энг ачинарлиси, улар Фернандо Торрес трансфери учун атиги 1 млн эвро тўлайди. Испания терма жамоаси, "Атлетико" ҳамда "Ливерпул" сафидаги ёрқин ўйинларини ҳисобга олсак, Торрес учун ачинишга арзирли сабабимиз бор.

7. Оскар. 60 млн эвро эвазига "Челси"дан "Шанхай СИПГ"га.
Қаҳрамонимиз Лондонга бўлажак юлдуз сифатида кўчиб келди. Дастлабки мавсумларда ёмон ўйин кўрсатмади. Бироқ кейин юлдузлик касали секин-аста бўй кўрсата бошлади. Боз устига, мураббийлар тез-тез алмашавергач, бразилияликнинг ҳам ўйини орқага торта бошлади. Кетма-кет мавсумларда статистикаси ёмонлашишни бошлагач, яхши маош кўзда тутилган таклиф бўлиши биланоқ Хитойга кўчиб ўтди. Легионерлар учун катта маблағдан воз кечиш сиёсатини бошлаган Шанхай клуби "Челси" ҳисобига 60 млн эвро тўлаб берди. Эътироф этиш лозим, бу ҳар уччала томон учун фойдали қарор эди. Бразилиялик Осиёга вақтни шунчаки ўтказиб, миллионларни жамғариш учунгина келди, деб бўлмайди. 5 йил кутилган чемпионлик қўлга киритилишида Оскарнинг ҳам хизмати катта. Бугунги кунда у шанхайликларнинг энг машҳур футболчиларидан бири саналади.

6. Диего Коста. 60 млн эвро эвазига "Челси"дан "Атлетико"га.
Фернандо Торресни ортга қайтарган "Атлетико" энди кеч бўлганини англаб этди. "Эл нино" ўз даражасига қайта олмас, клуб эса сифатли ҳужумчига муҳтож эди. Бундай вазиятда эски танишдан қулайроқ вариант борми?! Мадридликларнинг яхши-ёмон кунида бирга бўлган, узоқ кутилган Ла Лига бош соврини қўлга киритилишига беназир ҳисса қўшган Диего Коста зудлик билан сотиб олинди. Нарх ҳам каттагина: 2,5 мавсум аввал сотилган сумманинг деярли икки баробарида пул тўлаган Мадрид клуби ўз муаммоларини барибир ҳал эта олмади. Коста ўз сермаҳсуллигини йўқотиб улгурганди. Таққослаш учун Коста 2018 йил январ ойидан бери "Атлетико" либосида 19 та гол урди. Биргина Ла Лига чемпионлик мавсумидаги аниқ зарбалар сони 36 тани ташкил этганди. Энг ачинарлиси, қаҳрамонимиз "матрасчилар"га керак бўлмай қолди ва клуб билан шартномасини бекор қилди. Ўз вақтида Рамос, Пике, Компани, Хуммелс каби тажрибали ҳимоячилар билан элкама-элка олишган Коста ҳозир эркин агент.

5. Пер-Эмерик Обамеянг. 63,75 млн эвро эвазига "Боруссия" Дортмунддан "Арсенал"га.
"Арсенал" президентининг бир одати бор: трансферлар учун катта пул тикмайди. Жаноб Кронке кичик сумма тикиб, катта даромад кўришга ҳаракат қилади. Бу доим ҳам ўзини оқламаслиги барчага кундек равшан, аммо Обамеянг борасида бундан дея олмаймиз. Сабаби, габонлик ҳужумчи ярим мавсумда майдонга тушган ўйинлари сонидан кўпроқ голда иштирок этган. Илк тўлиқ мавсумини эса, "Олтин бутса" билан якунлаган. Ҳозирги кунда "канонирлар" натижалари Обамеянгнинг кайфиятига боғланиб қолди, десак адашмаган бўламиз. Артета бошчилигида қўлга киритилган 2 та совринда жамоа сардори беназир ҳисса қўшди. Фақатгина жорий йилда у бироз беқарор ўйин кўрсатмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, "тўпчилар" ва Обамеянг бир бутунга айланиб улгурди.

4. Кристиан Пулишич. 64 млн эвро эвазига "Боруссия" Дортмунддан "Челси"га.
"Боруссия" ҳақиқий юлдузлар фабрикаси! Ушбу жамоа ҳар йили ўз иқтидорларини АПЛ ва бошқа кучли чемпионатларга қўйиб юборса-да, ҳеч оқсоқланиб қолмайди. Аслида, Пулишич "асаларилар" сафини қишда тарк этмаган эди. Бироқ у 2 январ куни расман "Челси" футболчисига айланган ва Дортмунд клубига ижарага берилганди. Тан олиш лозим, унинг трансферидан лондонлик мухлисларнинг кўнгли тўлгани йўқ. Сабаби, жароҳатга мойил америкалик вингер "Челси"да Эден Азарнинг ўрнини тўлдира олмади. 22 ёшли футболчи имкон қадар тезроқ ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатиши шарт. Акс ҳолда, клуб президенти захира ўриндиғини иситиб турадиган "биллур оёқ"дан кўра, жисмонан бақувват вингер харид қилиши ҳеч гап эмас. Айниқса, бундай ҳолат "Челси" билан кўп бор содир бўлган.

3. Аймерик Ляпорт. 65 млн эвро эвазига "Атлетик"дан "Манчестер Сити"га.
"Ва ниҳоят, Гвардиола ўзига керакли ҳимоячини топди",-дея жар солган эди жаҳон матбуоти Ляпорт "туманли албион"га кўчиб ўтганида. Бир томондан жисмонан бақувват, тезкор, қисқа узатмалар билан ўйинда ўзини йўқотиб қўймайдиган фулбек Пеп учун идеал вариант эди. Аммо жароҳатлар франтсузга ўзининг энг яхши ўйинларини стабил намойиш этишига ҳалал берди. Илк тўлиқ мавсумида жамоа устуни Венсан Компани билан ишончли ҳимоя қўрғони ташкил эта олган футболчи белгиялик шеригига анча суяниб қолган экан. Сабаби, кейинги мавсум у АПЛда атиги 15 та ўйинда майдонга тушди. 65 млн эвролик ҳимоячи учун ёмон кўрсаткич, албатта. Шунинг учун ҳам Гвардиола ҳамон марказий ҳимоячи излаш ишларини тўхтатганича йўқ. Дарвоқе, сўнгги пайтларда Диаш-Стоунз тандеми яхши ўйин кўрсатмоқда. Балки бу Ляпорт учун огоҳлик қўнғироғи вазифасини ўтаб, қаҳрамонимиз трансфер нархига ярашадиган даражага чиқар.

2. Виржил ван Дейк. 84,65 млн эвро эвазига "Саутгемптон"дан "Ливерпул"га.
Ўзи учун тўланган пулларни 100% оқлаган рўйхатимиздаги камсонли футболчилардан бири айнан Ван Дейк. Ҳаражациз ҳаракат нолга тенглигини ҳис қилган Клопп катта сумма эвазига уни ўз жамоасига олиб келганида, Виржил ўртамиёна ҳимоячи эди. Аммо мерсисайдликлар сафида ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган қаҳрамонимиз "Ливерпул"нинг АПЛ ва ЭЧЛдаги ғалабаларида жуда катта ўрин тутди. "Қизиллар" либосида ўтказган илк мавсумида у бирор марта рақибларидан алданмади. Ўшанда жамоаси Эвропа тахтини забт этганди ва Виржил "Олтин тўп" учун энг муносиб номзод эди, назаримизда. Аммо...
Фақатгина бу мавсум "Мерсисайд дербиси"да Пикфорд уни қандай зарарсизлантириш усулини топа олди. Дарвозабон билан тўқнашувда оғир жароҳат олган Ван Дейк узоқ муддатга сафдан чиқди ва ҳамон формасини тиклаш билан овора.

1. Филиппе Коутино. 145 млн эвро эвазига "Ливерпул"дан "Барселона"га.
"Ливерпул" мухлислари ғазабига учраган Коутино ҳамон ўзига кела олмяпти. Йилдан йилга ўйинида пасайиш кузатилаётган футболчининг трансфер нархи ҳам мос равишда пастлаб бормоқда. АПЛ дарвозабонлари тушларига кириб чиқувчи шедевр зарбаларни сўнгги бор қачон кўрганингиз эсингиздами? Маълумот учун, қаҳрамонимиз "Барса" сафида сўнгги бор 2019 йилнинг 17 апрелида ўз услубида шедевр кўрсатиб, мухлисларини хурсанд қилганди. Ўтган мавсумни "Бавария"да ўтказган футболчи ҳар томонлама яхши томонга ўсди. Аслида, мюнхенликларнинг бу қадар сермаҳсуллик намойиш этганини ҳисобга олсак, Коутино трансфери ўзини оқламаганига амин бўламиз. "Барселона" собиқ президенти Хосеп Бартомеу жамоа учун қўлидан келган барча ёмонликни қилиб улгурди. Улар ичида энг кўзга кўринадиганларидан бири ҳавога учган 145 млн эвро бўлди.

Юқорида номи тилга олинган футболчилар бутун дунёга ҳали кеч эмаслигини исботлай олиши мумкин. Бунинг учун улардан фақат меҳнат талаб этилади. Биз эса энг сўнгги янгиликларни сиз азиз мухлисларга этказиб беришда давом этамиз.
348   
Добавить комментарий
Ваше имя: *