Goal24.uz » Европа жамоалари » Ispaniya » Улар Мессининг тақдирини ҳал қилади. “Барселона” президентлигига кимлар даъвогарлик қилмоқда?

Улар Мессининг тақдирини ҳал қилади. “Барселона” президентлигига кимлар даъвогарлик қилмоқда?

Автор: admin

Каталониянинг “Барселона” клубида катта ўзгаришлар кутилмоқда. Ўтган 2020-йилда клуб президентлигидан истеъфога чиқарилган Хосеп Бартомеунинг ўрнига келган янги раҳбар катта кўламдаги ишларни амалга ошириши керак бўлади. Хўш, ушбу лавозимни эгаллаш учун кимлар даъвогарлик қилмоқда? Улар нималарни таклиф қилинмоқда, Мессининг тақдири қандай кечади? Қуйида айнан мана шу саволларга тўхталиб ўтилади.
Номзодлар кимлар?
Фақатигина уч киши Хоан Лапорта, Виктор Фонт ва Тони Фрейша – сайловларда иштирок этиш учун зарур бўлган имзоларни (клуб аъзоларининг) тақдим этишга муваффақ бўлди.
Лапорта 10 272 имзо тўплашга муваффақ бўлди (шулардан 9 625 таси ҳақиқий деб топилди), Фонт 4 713 (4 431 таси ҳақиқий), Фрейша эса 2 882 (2 634).
“Барса” президентлигига даъвогарлик қилмоқчи бўлган яна олти нафар номзод – Агусти Бенедито, Хави Вилахоана, Хорди Фарре, Луис Фернандес Ала, Пере Риера ва Эмили Рузод сайловгача бўлган жараёндан ўта олмади.
Хўш, ким ўзи булар?

Фото: Диарио Спорт
48 ёшли Виктор Фонт Делта Партнерс компаниясининг ҳаммуассиси ва бош директори ҳисобланади. Компания стратегик консалтинг, корпоратив молия ва телекоммуникация, оммавий ахборот воситалари ҳамда технологиялар соҳасига ихтисослашган. Шунингдек, у Ара газетасининг ҳаммуассиси ва директори ҳамдир.
Фонт узоқ вақтдан бери “Барселона” билан боғланган бўлиб, 2010 ва 2015-йилларда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ҳам қатнашган, аммо ўз номзодини илгари сурмаган. У ҳозирги сайлов кампаниясини 2018-йилдаёқ “Келажакка ҳа” шиори остида бошлаган. Фонт жамоасидан таниқли теннисчи Рафаел Надалнинг амакиси ва узоқ йиллик мураббийи Тони Надал ҳам ўрин олган.

Фото: Марcа
58 ёшли профессионал адвокат Хоан Лапорта эса 2003–2010-йилларда “Барселона”ни бошқарган ва ҳозирда имзолар сони бўйича бўлажак сайловларнинг фаворитига айланди. Унинг шиори: Биз “Барса”ни севамиз. Декабр ойида у Мадриддаги “Сантяго Бернабеу”дан 150 метр узоқликдаги бинога улкан баннер жойлаштириб, унга ўз портрети ва “Сиз мени яна кўришни хоҳлайсиз” ёзувини туширди.

Фото:Инфобае
52 ёшли адвокат Тони Фрейша 2015-йилда “Барселона” президенти лавозимига номзодини қўйган, аммо у ўшанда тўртинчи ўрин билан кифояланганди. Фрейша ўз кампаниясини “Барсага содиқмиз” шиори остида илгари сурмоқда. У “Барселона” директорлар кенгашида Лапорта, Сандро Россел ва Хосеп Бартомеу раҳбарлигида ҳам бўлган.
Улар нималарни таклиф қилмоқда?
Фонт “Барселона” собиқ сардори Хавини жамоанинг бош менежери сифатида кўрмоқда. Хорди Кройфф (Ёхан Кройффнинг ўғли) эса спорт директорига айланади. Ёшлар секторининг собиқ раҳбарларидан бири, Хави ва Карлес Пуёл сингари футболчиларнинг карерасини бошлаб берган Хоан Вила ҳам маълум лавозимни эгаллайди.
Фонтнинг бизнес-режаси аудиовизуал контент ва киберспорт каби янги даромадларни ўз ичига олади.
Лапорта Ёхан Кройфнинг фалсафасини афзал билади. “Ушбу фалсафа билан биз яна ғалаба қозонишни бошлаймиз. Бизда ғолиблик руҳияти бор ва биз “Барса”нинг яна қувонч улашиши учун жуда кўп меҳнат қиламиз”, – дейди у. Лапорта Лео Месси билан алоқалари жуда яхши эканлигини ва аргентиналикни жамоада олиб қолиш энг устувор вазифалардан бирилигини таъкидлайди.
Иқтисодий сиёсат нуқтайи назаридан Лапорта қарз мажбуриятларини чиқаришни истайди. Айнан шу орқали “Барселона” ҳозирда жамоага керак бўлган ликвидликни олиши мумкин бўлади.
Фрейша эса клуб йўқотган қадриятларни тикламоқчи. Шу жумладан, Ла Масия – “Барселона” академиясининг чайқалган позициясини ҳам. Агар у сайловда ғолиб чиқса, Луис Каррерас спорт директори лавозимига тайинланади. Бундан ташқари, Фрейша Неймарни қайтариш фикрини умуман маъқулламайди.
“Неймар барча услубий параметрларга жавоб беради, аммо у клубдаги фаолияти давомида намойиш этмаган кўплаб бошқа хусусиятлар ҳам мавжуд”, – дейди бразилиялик футболчи ҳақида Фрейша.
Месси ҳақида гап кетганда, у аргентиналик билан футболчининг клубдаги келажаги ҳақида муҳокама ўтказишга тайёр.
“Лео клубдаги ишлар қандай эканини билади. У “Барса”ни ҳамма нарсадан устун қўяди, у бу ерда ўйнашни ва муваффақият қозонишни истайди. Агар мен президент бўлсам, унга нима дейишимни биламан ва биринчи навбатда уни тинглайман”, – дейди у.
Фрейшанинг яна бир муҳим ғояси – янги стадион барпо этишдир.
Сайлов қачон ўтказилади?
Аслида овоз бериш жараёнлари 24-январга белгиланганди. Бироқ 15-январ, жума куни “кўк-анорранглилар” коронавирус туфайли сайлов  кейинроқ муддатга қолдирилганини эълон қилди (Марcа маълумотларига кўра, 2020-йилнинг 7-март санаси варианти маъқулланган). Воқеалар ривожи қандай якун топишини вақт кўрсатади.
122   
Добавить комментарий
Ваше имя: *