Goal24.uz » Transfer » Ёзда эркин агентга айланадиган футболчилар рамзий жамоаси. Доннаруммадан Мессигача!

Ёзда эркин агентга айланадиган футболчилар рамзий жамоаси. Доннаруммадан Мессигача!

Автор: admin

Январдаги трансферлар ойнаси ёпилганидан сўнг ўзига янги клуб топишга кечикканлар ва ёзда эркин агентга айланадиган футболчилар энди барчанинг диққат-марказида туришса ажаб эмас.
2021 йилнинг ёзида жамоасини ўзгартириши кутилаётган айрим юлдузлар ҳам борки, уларнинг келгуси тақдири барчага қизиқ. Қуйида ушбу футболчилардан тузилган рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола этамиз.
Жанлуижи Доннарумма (Милан")

Терма жамоадаги иштироки: 22 (Италия)
Эркин агентга айланиши кутилган футболчилар орасида биз Жижи Доннаруммани кўрмаслигимиз ҳам мумкин эди. Зеро, кечаётган воқеалар ривожидан ким ҳам ушбу посбонни яқин орада жамоасини тарк этади деб ўйлабди? У ортда қолган ойлар давомида клуби билан амалдаги шартномасини узайтириш борасида анча гаплашиб олди.
Бироқ «қизил-қоралар» Буффоннинг яқин йиллар ичидаги асосий ўринбосарига, унинг юқори даражали спорт формасига ҳалигача ишонмаяптилар чоғи. Акс ҳолда эндигина 21 ёшга тўлган кипернинг сўраётган талабларини қанчалик ноқулай бўлмасин исталган жамоа кўтарган бўлар эди. Ёш Жижи миллий терма жамоа сафида аллақачон 21 ўйинда майдонга тушишга улгурган.
Шунингдек, унинг ҳисобида «Милан» либосида ўйналган 200 га яқин баҳс ҳам мавжуд. Бу ерда ҳар қанақасига у ва унинг агенти Мино Раёлани оқласа бўлади. Доннарумманинг сўраётган 10 миллионини бермаётган «Милан» фақат футболчисини йўқотганидагина унинг қадрини билиши мумкин. Умидли посбон эса ўз келажаги учун ҳам камида «Скудетто»ни юта оладиган клуб сафига  бориб қўшилгани маъқул.
Серхио Рамос («Реал Мадрид»)

Терма жамоадаги иштироки: 178 (Испания)
Яқин ўнйиллик давр мобайнида «Реал»га энг кўп нафи теккан футболчилар орасида шубҳасиз, Рамос номи ҳам бор. У 15 йил давомида клуби ва жаҳон футболининг марказий ҳимоя устуни сифатида гавдаланиб келинган. Терма жамоа ва клуб сафидаги титуллари борасида бугун исталган футболчи Рамосга ҳавас қила олади.
У «қизил фурия» либосида нақ 178 учрашувда майдонга тушган. Бу эса терма жамоада ўтказилган энг кўп ўйин дегани. Майдондаги асосий лидерлик салоҳиятини намойиш этувчи Рамос ўтган мавсум клубининг асосий ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди. Унинг бошчилигида «қироллик клуби» ниҳоят узоқ кутилган соврин - Ла Лига чемпионлигини қўлга киритгани барчага сир эмас. Аммо раҳбарият негадир тажрибали футболчисини асраб қолишни муҳим вазифалардан бири дея ҳисобламаяпти. Клуб молиявий қийинчиликларни аосий омил сифатида келтириб Рамоснинг манфаатларини ҳисобдан чиқариб қўйган.
"Реал" 34 ёшли испан учун 10 фоиз чегирилган маош билан бирга бир йиллик битим таклиф этган. Аммо, футболчи маошининг қисқартирилмай туриб 2 йиллик шартнома кутган эди. Энди масала ойдинлашгандек. У «ПСЖ» ва «МЮ»дан тушаётган таклифларни қайтадан кўриб чиқишга мажбур. Бунинг учун унда ҳали ёзгача вақт бор. Тажрибали футболчини эркин агент сифатида қўйиб юбориш балки «Реал» учун оддий ҳолдир. Аммо, Европанинг исталган гранд клуби бундайин «совға»дан унумли фойдаланиб қолишлари тайин.
Жером Боатенг («Бавария»)

Миллий терма жамоадаги иштироки: 76 (Германия)
Боатенгнинг тақдири ва ҳолати Рамосникига бироз ўхшаб кетади. Жеромга ҳам узоқ йиллик фаолияти давомида энг нуфузли совринлар бўлмиш ЖЧ ва ЕЧЛ кубокларини ютиш насиб қилган. Мамлакат ички чемпионати ва кубоклари борасида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Бироқ энди барибир у ёш ва жисмоний ҳолат ўз сўзини айтадиган паллага етиб келган. Сентябр ойида 33 ёшни қарши оладиган футболчига «қизиллар» раҳбарияти у қадар ишонч билдирмаяпти.
Статистик маълумотларга кўра Боатенг 2014-2015 йилги мавсумдан буён бир йил ҳисобига 24 дан зиёд учрашувда майдонга тушмаган. Кутилмаганда орттирилган жароҳатлар ва клубда муттасил янгиланиб бораётган авлодлар алмашинув жараёни яқин 2-3 мавсумидан буён Жеромни захира ўриндиғига михлаб келмоқда. Бизнингча ҳам энди футболчининг «Бавария»да қолишига ҳеч қандай асос қолмаган. Боатенг ҳозирча ўзига энг қулай ва манфаатли бўлган «Челси» вариантини ўйлаб кўради.
Давид Алаба («Бавария»)

Терма жамоадаги иштироки: 76 (Австрия)
Қишки трансферлар ҳақида гап очилганда энг кўп муҳокама ва қизиқишларга сабаб бўлган футболчи - бу шубҳасиз Давид Алаба. Унинг трансфер нархлари тўғрисидаги хабар ва миш-мишлар яқин орада трендга айланди. Алабага билдирилган юқори даражали таклифларда албатта жон бор.
У замонавий футбол тизимида юқори малакали классик ўйинчи. Давид майдоннинг чап ва марказий ҳимоя, шунингдек, таянч зоналарида бемалол эркин ҳаракат қила олади. Эндигина 28 ёшга тўлган футболчи ҳали ёз келмасиданоқ бир қатор топ жамоалар қизиқиш марказига тушган, ўзининг пик формасидан ҳам ҳали бери пастлагани йўқ. Фақатгина унинг асосий таркибдан мунтазам равишда жой ололмаётганига сабаб қилиб унинг кутилмаганда олаётган турли хил жароҳатларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Алабага дастлаб Мадриднинг «Реал»и катта манфаатли таклиф билан чиққан эди. Бироқ, «қироллик клуби»нинг йилига тўламоқчи бўлган 12 миллиони футболчига камлик қилди. У шундан кейин ўзига қизиқиш билдирган жамоаларга «20 миллионлик шарт» қўйган. Яна бир асосий даъвогарлардан бири Лондоннинг «Челси» клуби. Хўш, «аристократлар» австриялик футболчининг манфаатларини қай даражада қондира олар экан?!
Лукас Васкес («Реал Мадрид»)

Терма жамоадаги иштироки: 9 (Испания)
Жамоасини яқин трансферлар ойнасида тарк этиши кутилаётган футболчилар рўйхатида Васкес номи мухлисларга ғалати эшитилади. Ташқаридан қараганда унинг клуби билан ишлари яхшидек. Амалда ҳам «қироллик клуби» унга яхшигина битим ҳам таклиф этиб кўрди. Аммо Лукаснинг ўзи Мадридда қолиш ниятида эмас.
У ўзини «қаймоқранг» футболкада анча ноқулай ҳис этмоқда ва жамоасининг билдираётган юқори даражадаги ишончи ҳам футболчини энди клубда олиб қололмаслиги мумкин. Гап шундаки, Васкесга бир неча йилдан бери ўз позисиясида эркин ўйнашига имкон берилмаяпти. У ўйиндан ўйинга чап қанот ҳимоясига борган сари чуқурроқ мустаҳкамлашиб бормоқда. Азалий ампуласи ҳужумкор яримҳимоячи бўлган футболчига эса табиийки, бу ҳолат ёқмаслиги аниқ.
Фақатгина уни клубда ушлаб турган биргина сабаб шуки, Лукас Зидан буюрган исталган зонада ўйнаб кетаверади, муҳими умумжамоа ғалабасига қанча кўп ҳисса қўшса бўлгани. Бироқ табиатан ташқи қолип ва стереотипларга мослашишни ёқтирмайдиган футболчи гарчи «қироллик клуби» бўлмасин ёзда жамоани тарк этишга қарор қилди. Ҳозирча унга асосий даъвогар клублар рўйхатида «Бавария» ва «Тоттенҳем» жамоалари бор.
Жоржинё Вейналдум («Луверпул»)

Терма жамоадаги иштироки: 70 (Нидерландия)
Вейналдум "қизиллар"нинг "захирадаги" асосий ўйинчиларидан бири. Бироқ, у ўзига берилган биргина учрашувдан ҳам унумли фойдаланиб кетиши мумкин. Буни "Барселона"га қарши кечган ярим финал баҳси билан ҳам эслаш мумкин. Дарҳақиқат, Жижи айнан "Луверпул"га келибгина ҳақиқий обрў ва мавқега эга бўлиб олди деб бемалол айта оламиз. "Нюкасл"даги фаолияти давомида у бундайин келажакни кутмаган бўлиши ҳам мумкин.
Ҳозирча футболчи клубдан кетиш учун тиш-тирноғи билан кураш олиб бормаяпти. Бироқ, шу аснода мерсисайдликлар ҳам нидерландиялик хавбекини жамоада ортиқча олиб қолишдан манфаатдор эмасликларини билдирган. Буни унга эътиборсизлик билан таклиф этилаётган "кичик" битимлардан ҳам билиш қийин эмас. Ҳозирча Вейналдумга асосий даъвогар клуб Каталониянинг "Барселона" жамоаси бўлиб турибди.
Хуан Бернат «ПСЖ»

Терма жамоадаги иштироки: 11 (Испания)
Хуан Бернат «ПСЖ»да ўз ўрнини тополмаётган футболчилардан бири. Унга қизиқиш билдираётган жамоалар орасида асосий даъвогар «Барселона» бўлиб турибди. «Кўк-анорранглилар» Хуанни «Камп-Ноу»га олиб келиш орқали чап қанот ҳимоясидаги мауммоларни биратўла бартараф этишни ўйлаб кўрмоқда.
Қайд этиш жоизки, Бернат учун Ла Лига бегона эмас. У бундан аввал «Валенсия»да кўрсатган ўйинлари билан кўпчилик мухлислар қалбидан жой олган эди. Бернат бу ерда нақ 51 учрашувда майдонга тушган. 27 ёшли футболчи учун фаолиятини «Барселона»дек гранд жамоада давом эттириш айни миддао бўлиши кутиляпти.
Мемфис Депай («Лион»)

Терма жамоадаги иштироки: 59 (Нидерландия)
Депайнинг шартномаси якунига етиб бораётгани сари унинг «Барселона»га ўтиш эҳтимоли ҳам шунча аниқлашиб бормоқда. Унга шунингдек, «Ювентус» ҳамда «Ливерпул»дан ҳам таклифлар бор. Шу ўринда Депайнинг ўзи ҳам Уссем Ауар билан биргаликда бу қарорни юз фоиз тасдиқлади:
«Мен ҳозир катта клуб учун ўйнаяпман. Аммо, мени бунданда кучли топ жамоада ҳаракат қилгим келади. Аурар ҳам шу қарорда. Барчасини вақт кўрсатади», - дейди футболчи. Аммо, унинг фикридан ҳам билиш қийин эмаски, Депай «шерлар» сафида ортиқ қолмоқчи эмас.
Хакан Чалхоноглу («Милан»)

Терма жамоадаги иштироки: 51 (Туркия)
Миланликлар ўзининг шонли тарихларини тикламоқда. Клуб ўтган йил бошлаб қўйган миссиясини жорий мавсумдан жиддий равишда давом эттириш ниятида. «Россонерилар»нинг яна «Скудетто» пойгасига қайтганликлари албатта самарали натижа бераётган авлодлар алмашинуви билан боғлиқ. «Қизил-қора» футболкада ўзини дадил кўрсатиб келаётган ёш ва умидли футболчилар бугун Европанинг топ жамоалари диққат-марказига тушган, жумаладан, Чалхоноглу ҳам.
Ҳали энди 27 ёшни қарши олган Хакан ўз фаолиятидаги энг қизғин нуқтасига етиб келган. У мана шундай суперформасини яна камида 3-4 йил бемалол ушлаб тура олади. Бунга унда куч ва вақт борасида муаммо бўлиши мумкин эмас. Футболчи жорий мавсум росмана энг омадли мавсумларидан бирини ўтказмоқда. У ўзи тушган барча ўйинларда жами 59 та вазият яратишга муваффақ бўлди. Бу эса А Сериянинг исталган футболчисидан 10 тага кўп дегани.
Чалхоноглу шу каби ўйнашда давом этар экан у катта эҳтимол келаси мавсум стартигача «Милан»да қолмайди. Бизнингча, Доннаруммадан ҳам кўра кўпроқ Хаканнинг трансфери тезроқ амалга ошса керак. Анча юқори ва ўзи учун қулай темпга тушиб олган футболчининг дарҳақиқат ўз омадини «Милан»дан ҳам кучлиороқ жамоада олиб бориши анча тўғри қарор бўлар эди.
Серхио Агуеро «Манчестер Сити»

Терма жамоадаги иштироки 97 (Аргентина)
Агуеронинг ёзда жамоани тарк этиш эҳтимоли борган сари юқорилаб бормоқда. У ўтган йил октябрьда олган жароҳатидан ҳалиям фориғ бўла олмаяпти. Яқинда у ички чемпионатда ҳам бир учрашувда кўриниш берган эди.
Аммо, мураббий ҳамон унинг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб шогирдига асосий таркибдан жой беришга таваккал қилмаяпти. Гарчи Пепнинг ўзи ҳам аргентиналикка қанчалик ишонч билдирмасин муттасил жароҳатлар «девори» Агуерони «шаҳарликлар» «қалъаси»дан узоқлаштириши мумкин.
Лионел Месси («Барселона»)

Терма жамоадаги иштироки: 142 (Аргентина)
Ўтган ёздан бери трансферлар оламидаги асосий янгилик Лео Мессининг клуби билан кечаётган муносабатлари сифатида кўпчиликни бефарқ қолдирмаяпти. Ҳатто катта можарога айланиб кетган воқеа якунда президент Бартомеунинг истеъфоси билан ўз якунига етди. Энди ҳолат шунга бориб тақалдики, Месси баъзида акса урса ҳам турли миш-мишлар тарқалиб кетишига ўрганиб қолдик.
Ҳозирча Каталон раҳбарияти аргентиналик афсонага яна бирйиллик шартнома таклиф қиляпти. Бироқ у ўзининг клубда қолишини ички муҳит юзага қалқитиб чиқарган муаммолар олдида анча шармандали деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳам раҳбарият энди оқимга қараб иш кўришга мажбур.
496   
Добавить комментарий
Ваше имя: *