Goal24.uz » Европа жамоалари » “Реал”дан “Бавария”гача. Европанинг 2020-йилда энг кўп гол урган жамоалари

“Реал”дан “Бавария”гача. Европанинг 2020-йилда энг кўп гол урган жамоалари

Автор: admin

Ортда қолган 2020-йил барча, шу қатори футбол учун ҳам жуда оғир кечди. Мазкур йилда деярли барча чемпионатлар маълум муддатларга тўхтаб қолди. Табиийки, бундан манаман деган клублар ҳам зарар кўрди ва турли даражадаги инқирозларни бошдан кечирди. Шунга қарамай гранд жамоалар бу йилда ҳам етарли даражада сермаҳсуллик кўрсата олди. Қуйида эса 2020-йилда энг кўп гол урган жамоалар ҳақида мулоҳаза юритилади.
“Реал” — 91 та гол

Фото: Тwиттер / @реалмадрид
Зинедин Зидан ихтиёридаги ўйинчилар доимий равишда кўп гол уриб келган. Аммо ўтган мавсумда “қаймоқранглилар” кўпроқ ишончли ҳимояси туфайли уч йил ичидаги дастлабки чемпионликни тантана қилди. Аммо 2020/21-йилги мавсумда мадридликлар ҳимояси унчалик ҳам ишончли ўйин намойиш эта олмаяпти.
Ўта қиммат бўлган ҳужум чизиғи эса 2020-йил давомида барча мусобақаларда 91 та гол уришга муваффақ бўлди.
“Ювентус” — 94 та гол

Фото: Тwиттер
“Ювентус” сўнгги ўн йил давомида Италия якка ҳукмронлик қилмоқда. “Кекса синёра” доимо ўзининг ишончли ҳимояси билан мақтаниб келган, аммо сўнгги пайтларда жамоа ҳужум чизиғига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, Криштиану Роналду бўлган жойда шундай бўлиши ҳам керак. Португалиялик 36 ёшда бўлишига қарамай ҳамон А Серияни ёндиришда давом этмоқда.
Роналду ўтган мавсумда 33 та гол уриб, чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланди. “Ювентус”нинг умумий голлари сони эса 94 тани ташкил қилди.
“Боруссия Дортмунд” — 94 та гол

Фото: Тwиттер
“Арилар” ҳамон “Бавария”нинг Бундеслигадаги гегемонлигини тугатишга ҳаракат қилмоқда, аммо 2020/21-йилги мавсумда ҳам бу имконсиз ишга айланишга улгурди. Боиси жамоаларнинг очколари ўртасидаги тафовут жуда катта.
2019/20-йилги мавсумда “Боруссия” бир мунча вақт турнир жадвалини бошқарди ҳам, аммо якунда Мюнхен клуби барибир чемпионликни тантана қилди. Шунга қарамай Дортмунд жамоаси йил давомида урилган голлар сони бўйича “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” каби гигантлардан ошиб кетиб, 94 та гол уришга муваффақ бўлди.
“Ливерпул” — 99 та гол

Фото: “Ливерпул”
“Ливерпул” сўнгги икки йил ичида ўз тарихидаги энг яхши даврларни ўтказди. Мерсисайд клуби 1970—80-йиллардаги мавсумлардан бери Англия чемпионатида бундай мавқега эга бўлмай қўйганди. Мерсисайд клуби голлар қанча кўп бўлса, ғалаба қозониш шунча осон бўлади деган иборани яна бир исботлади. Мане, Салоҳ ва Фирминодан иборат бўлган ҳужумчилар триоси эса исталган ўйин натижасини ҳал қилишга қодир.
Юрген Клопп шогирдлари ўтган мавсумда энг кўп гол урган жамоага айлана олмаган бўлса-да, асосий вазифа, яъни чемпионлик масаласи ортиғи билан ҳал этилди. 2020-йилда “Ливерпул” барча мусобақаларда 99 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилди.
“Барселона” — 99 та гол

Фото: “Барселона”
Ортда қолган йил каталон клуби учун муваффақиятли кечмади. “Барса” мавсум давомида бирорта ҳам соврин қўлга кирита олмади. Шунингдек, жамоа бир қанча юлдузларини текинга қўйиб юборишга мажбур бўлди. Бунинг устига коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган молиявий қийинчиликлар ҳам клубга яхшигина зарар келтирди.
Шунга қарамай “кўк-анорранглилар” 2019/20-йилги мавсумда Ла Лигада энг кўп гол урган жамоага айланди. Месси етакчилигидаги жамоанинг 2020-йилдаги жами голлари сони 99 тани ташкил қилди. Каталонлар чемпионат баҳсларида азалий рақиби ”Реал”дан 16 тага кўпроқ гол урди. 2020/21-йилги мавсумда ҳам жамоа голлар сони бўйича Ла Лигада энг яхши натижани қайд этиб турибди.
“Аталанта” — 103 та гол

Фото: Тwиттер
“Аталанта” сўнгги йилларда А Сериянинг энг ҳиссиётларга бой жамоаларидан бирига айланди. Бергамоликлар ўзининг жозибали ва ҳужумкор ўйини, ажойиб прессинги туфайли кўплаб мухлисларга эга бўлди.
2020-йилда Жан Перо Гасперини шогирдлари 103 та гол уриб, Италияда бир календар йили давомида энг гол урган иккинчи жамоага айланди. Аммо бу натижа А Серияни диққат билан кузатаётганларни умуман ажаблантирмаслиги керак.
“Интер” — 108 та гол

Фото: Тwиттер
Миланнинг “Интер” клуби Антонио Конте келиши (2019-йил) билан ажойиб ўйин намойиш этишни бошлади. Италиялик мураббий жамоада ҳужумкор менталитетни шакллантирди ва 3-5-2 схемасидан жуда самарали фойдаланишни бошлади. Шу билан бирга Конте ҳимояда ҳам мувозанатни йўлга қўйди.
Клуб 2010-йилдан бери соврин қўлга кирита олмаяпти, жамоа август ойида Европа Лигасида ғалаба қозонишга жуда яқин келганди, аммо “қора-кўклар” финалда “Севиля” тўсиғидан ўта олмади. Миланликларнинг ҳужум чизиғида Лаутаро Мартинес ва Ромелу Лукаку тандеми қойилмақом ўйин кўрсатмоқда ва ҳеч қайси рақибини аяб ўтирмаяпти. Жамоа ҳозирда Скудетто учун курашда “Ювентус” ва “Милан”ни ортда қолдирмоқда.
“Нерадзурри” 2020-йилда 108 гол уриб, ушбу кўрсаткич бўйича Италиядаги энг яхши натижани қайд этди.
“Манчестер Сити” — 112 та гол

Фото: Тwиттер
“Манчестер Сити” охирги мавсумларда голлар сони бўйича энг сермаҳсул жамоалардан бири бўлиб турибди. “Шаҳарликлар” Премер Лиганинг 2016/17-йилги мавсумида 106 та гол уриб, мусобақа рекордини ўрнатганди. “Сити” ҳанузгача ўз даражасини ушлаб турибди ва 2019/20-йилги биринчиликда ҳам 102 та гол билан АПЛнинг энг сермаҳсул жамоасига айланди. Пеп Гвардиола бошчилигидаги “Сити” исталган Европа жамоасини чўчитадиган даражага етди, аммо Чемпионлар Лигасида муваффақият қозониш ҳамон орзулигича қолмоқда.
2020-йилда эса “Сити” барча мусобақаларда 112 марта рақиблари дарвозасини ишғол этиб, ушбу давр мобайнида энг кўп гол урган инглиз клубига айланди.
ПСЖ — 122 та гол

Фото: Тwиттер
Ўз лигасидаги энг яхши клублар ҳақида гап кетар экан, албатта, биринчи навбатда ПСЖ эсга тушади. Парижликлар ҳозирча француз футболидаги асосий куч бўлиб турибди. Бундан ташқари, ПСЖ ўтган мавсумда Чемпионлар Лигаси финалига йўл олди ва ҳақли равишда қитъанинг элита клублари қаторидан жой олишга муносиб эканини яна бир бор исботлади.
Неймар, Мбаппе, ди Мария ва Икарди каби ҳужумкор ўйинчиларга эга бўлган жамоа ҳужумда жуда муваффақиятли ҳаракат қилади. Париж клуби ва Лига 1 даги бошқа жамоалар ўртасидаги фарқни ҳисобга олиб, айтиш мумкинки, ПСЖ исталган рақиби дарвозасига осонликча гол уриши мумкин. Гап исботи билан деганларидек, ПСЖ 2020-йилда барча мусобақалар доирасида нақ 122 бор рақиб дарвозани ишғол этди ва бу борада фақат бир жамоадан ортда қолди.
“Бавария” — 149 та гол

Фото: “Бавария”
2020-йил футболда “Бавария” йили сифатида қоладиган бўлди. Ўтган йилнинг августига қадар 5 та мавсумда ғалаба қозонган жамоа 2021-йилнинг феврал ойига келиб, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғам зафар қучди. Жамоада ажойиб ҳужумкор ўйинчилардан ташқари юқори даражали ҳимоячилар ҳам жамланган.
Роберт Левандовскининг ҳозирги спорт формаси ҳам аъло даражада, аммо 2020-йилда полшалик ҳақиқатан ҳам ғайриоддий мавсум ўтказди ва ҳақли равишда дунёнинг энг яхши футболчисига айланди.
Жамоа 149 та гол урган календар йилида Роберт ўз ҳисобига 45 та гол ёздириб қўйди. “Бавария” 2021-йилги мавсумда ҳам анчайин яхши ҳаракат қилмоқда, шундай экан, бу рақамнинг кўтарилиш эҳтимоли анча юқори.
147   
Добавить комментарий
Ваше имя: *