Goal24.uz » Европа жамоалари » Ispaniya » Қайта қуриш қурбонлари: ёзда «Барселона»ни кимлар тарк этади?

Қайта қуриш қурбонлари: ёзда «Барселона»ни кимлар тарк этади?

Автор: admin

Март ойида, Жоан Лапорта «Барселона» президенти лавозимига қайтганига кўп бўлмай, «кўк-анорранглилар» ёзда штат таркибини қайта тузиши маълум бўлди. Ҳар бир инсон Каталония клубидаги ўрнини йўқотиши мумкин: функсионерлар, мураббийлар ва футболчилар.
«Барселона»да ҳар қандай ҳолатда ҳам тегилиши мумкин бўлмаган футболчилар бор. Аммо «Камп Ноу»да келажаги ноаниқ бўлиб қоладиган бутун бир гуруҳ футболчилар ҳам бор. Келинг, уларга эътибор берайлик. Кейин, бир неча ойдан кейин Каталония клубини ким тарк этиши мумкинлигини батафсил кўриб чиқамиз.
Нето

Дастлаб, нима учун «Барселона» Нето билан шартнома имзолаганини тушиниб олиш керак. Нима учун академияда Иняки Пена исмли дарвозабон туриб унга эътибор қаратилди. Бразилиялик футболчи Каталония клубига Марко-Андре Тер Штегенга рақобат уюштириш учун ва совринларни ютиш мақсадида олиб келинганди. Натижада, футболчи ҳеч қандай мақсадига эриша олмади.
Дарвозабон ўз ҳисобига фақат Қирол кубогидаги ғолибликни қўшиши мумкин, аммо у «Валенсия» билан ҳам ушбу совринни ютган эди. Катта эҳтимол билан Нето ёзда «Барселона»ни тарк этади, деб айта оламиз. Бу ҳамма учун яхшироқ бўларди. Қишда «Арсенал» футболчига қизиқиш билдирганди. Лондонда дарвозабон ҳақидаги савол очиқ қолмоқда, чунки Бернд Лено билан шартнома узайтирилмаган. Нето аллақачон Италияда ва Испанияда фаолият олиб борган, шунинг учун ўзини Англияда синаб кўриши мумкин.
Самуел Умтити

Умтити – «Барселона»нинг ҳақиқий бош оғриғи. Каталонияликлар французни сотиш учун бир нечта трансфер ойналарини ўтказган, аммо улар харидор топишганича йўқ. Ҳимоячига Франция клубларидан таклиф бўлган, аммо сўнгги хабарларга кўра футболчи учун аниқ таклифлар йўқ. Французнинг ўзи Каталония пойтахтини тарк этишни истамайди, гарчи у кам ўйин вақтига эга бўлса-да. Масалан, ушбу мавсумда ҳимоячи Ла Лигада атиги 594 дақиқа ҳаракат қилди. Умтити ўтган ёздан бери «Барселона»дан кетишга номзод бўлиб келмоқда. Футболчи ушбу мақомда қолмоқда, аммо унга харидор топиладими ёки йўқми, бу ҳали ҳам катта савол.
Жан-Клер Тодибо

Каталония клубида келажаги умидсиз кўринадиган яна бир марказий ҳимоячи. «Барселона»да ҳимоя чизиғи шаклланган ва Тодибога у ерда жой йўқ. Футболчининг ўзи ҳам клубга қайтишни истамайди. Ҳозирда футболчи «Ница»да ижарада ўйнамоқда ва у ерда қолмоқчи. «Бургутлар»да ўйинчини сотиб олиш имконияти мавжуд. Бу, эҳтимол, барча томонлар учун энг яхши вариант бўлиши мумкин.
Жуниор Фирпо
Каталонияликлар Жорди Албага рақобатдош бўладиган сифатли чап қанот ҳимоячисини топишни жуда хоҳлашди. Натижада, Фирпо «Бетис»дан олиб келинди, 18 миллион еврога шартнома имзоланди. Бир мавсумда Ла Лигадаги 6 учрашув улар асосий таркибдан жой талаб қилган футболчидан кутган натижа эмас. Ҳозирда Фирпо «Барселона»дан кетишга асосий номзодлардан бири. Футболчига Италиядан қизиқиш бор, шу сабабли каталонияликлар А Серия вакилларининг таклифларини кўриб чиқишлари табиий. Албага рақобатдош сифатида эса ёзда «Бетис»дан қайтадиган клуб тарбияланувчиси Хуан Миранда бор.
Серхио Роберто

Ушбу мавсум Роберто учун унчалик муваффақиятли ўтмади. Кўп ойлар давомида футболчини соғлиғи билан боғлиқ муаммолар қийнади. Сержинё Дестни бош мураббий Роналд Куман ўнг қанот ҳимоячиси сифатида танлаганга ўхшайди, шунинг учун «Барселона»да Робертонинг келажаги ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, унинг шартномаси якунланишига 1 йил қолди. Миш-мишларга кўра, Лапорта испанияликни бир йилдан кейин текинга қўйиб юборишдан кўра сотишни маъқул кўрмоқда. Функсионер клубда авлодлар алмашинувини амалга оширмоқчи ва 29 ёшли футболчи унинг режаларидан ўрин олмаган.
Рики Пуч

Пучнинг келажаги бир неча йилдан бери муҳокама ва мулоҳаза мавзусига айланган. Куман айниқса клуб тарбияланувчисини қўллаб-қувватламайди. Ёш футболчилар борасида нидерландияликка марказий ярим ҳимоячи сифатида Элиш Морибани кўпроқ маъқул келганга ўхшайди. Шу сабабли, Пучнинг Каталония клубидаги келажаги масаласи яна кун тартибида. Испаниялик футболчи ўтган ёзда «Барселона»ни тарк этиши мумкин эди, аммо қолишга қарор қилди.
Жорий мавсумда ярим ҳимоячи ҳар бир учрашувда ўртача 19 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Бу унинг фаолиятидаги энг ёмон кўрсаткичи. Куман унга ижарага бориб келишни маслаҳат берди. Бу ёзда нима бўлади, фақат тахмин қилишимиз мумкин.
Филиппе Коутинё

Коутинёнинг «Барселона»ни мавсум охирида тарк этишига шубҳа йўқ. Куман ҳақиқатан ҳам бразилияликка ишонмади, кейин Педри пайдо бўлди. Каталония клуби тарихидаги энг қиммат футболчи бир неча ой ичида кетиши мумкин. «Барселона» тўлиқ кучи билан Филиппега харидор қидирмоқда.
«Арсенал» футболчига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Лондонликлар ўтган ёздан бери ҳужумкор ярим ҳимоячи қидирмоқдалар ва бразилияликни ўз сафларига қўшиб олишдан хурсанд бўлишади. Коутинёнинг АПЛга қайтишга тайёрлиги ҳақида миш-мишлар ҳам йўқ эмас. Ҳаммаси каталонияликлар эгаллаган позисияга боғлиқ бўлади. Агар улар ҳақиқатан ҳам футболчини сотишни ва унинг маошидан тежашни истаса, улар музокараларда ён беришга мажбур.
Усмон Дембеле

Мавсум давомида Дембеле билан боғлиқ вазият ноаниқ бўлиб келди ва ҳозир ҳам ўзгармай қолмоқда. «Барселона» дастлаб ўйинчини ижарага бериш ва сотиш вариантини кўриб чиқди. Футболчи каталонияликлар билан шартномани узайтиришга қарор қилган эди, аммо вақт ўтиши билан келишув тўхтаб қолди.
Энди клуб французга янги шартнома тақдим қилмоқда, аммо у янги келишувни имзолашга шошилмаяпти. Усмон каталонияликлар унга ишонмагани ва сотмоқчи бўлганлиги учун нафратини яширмаяпти. Лекин Дембеле барибир «Барселона» билан шартномасини узайтирмаса, трансфер бозорига равона бўлиши аниқ. Амалдаги каталонияликлар билан шартномаси яна 1 йилга мўлжалланган, шунинг учун «кўк-анорранглилар» вазиятни тезлаштиришга мажбур.
Мартин Брейтуейт

Янги ҳужумчи билан шартнома имзолаш «Барселона»нинг ёзги трансфер бозоридаги асосий мақсадларидан биридир. Каталонияликлар ушбу масала бўйича бирон бир келишувни бошлашлари билан, Брейтуейт дарҳол ҳисобдан чиқади. Даниялик футболчига шундоқ ҳам Каталонияда ишонч билдирилмайди ва янги ҳужумчи келиши билан у шунчаки жамоада жой топа олмайди. 2020 йилги мавсум ўртасидан бери «Леганес»дан Мартин билан шартнома имзоланиши борасида саволлар очиқ қоляпти. Яқин йиллар ичида клубда молиявий вазият яхши томонга ўзгариши қийин бўлади,лекин шундай бўлган тақдирда ҳам жамоа янги ҳужумчи жуда зарур.
166   
Добавить комментарий
Ваше имя: *