Goal24.uz » Европа жамоалари » Angliya » Клопп шогирдларини тарихий чемпионликка этаклаган 10 та ўйин

Клопп шогирдларини тарихий чемпионликка этаклаган 10 та ўйин

Автор: admin

Унутилмас ғалаба йўлидаги машаққатли ўйинларни ёдга оламиз.
Англия чемпионатининг замонавий формати таъсис этилган 1990 йилдан буён биринчи бор чемпионликни қўлга киритган “Ливерпул” ушбу мавсумда оғир синовлардан мардонавор ўтиб келди.
Сабр ва ҳаракатлар ўз самарасини берди: узоқ кутилган 30 йилдан сўнг "Ливерпул" яна “Туманли албион”да тенгсиз!
Мерсисайдликларнинг чемпионлиги "Манчестер Сити"нинг "Челси"га мағлуб бўлганидан кейин тасдиқланди. Бу Клопп ҳамда унинг йигитлари учун майдон ва унинг ташқарисидаги ажойиб кураш эди.
Қуйида "Ливерпул"ни 19-чемпионликка этаклаган 10 та ўйин ҳақида сўз юритамиз:
2019 йил 4 май. "Нюкасл" - "Ливерпул" 2:3
Бутун Мерсисайд учун 2019-20 йилги мавсум аслида, 2018-19 мавсум сўнгидаёқ бошланган. "Ливерпул"аъзолари "Нюкасл"га ташриф буюрган бир пайтда "Манчестер Сити" билан тарихдаги энг қатъий ва шафқациз чемпионлик жангида қатнашаётган эди. 3 кун олдин улар Каталонияда, Чемпионлар Лигаси ярим финалининг дастлабки ўйинида 3:0 ҳисобида мағлуб бўлганди. Бироқ "Сент-Жеймс Парк"да кучли ўйин кўрсатиб, Виржил Ван Дайк ва Муҳаммад Салоҳнинг голлари эвазига 2 марта ҳисобда олдинга ўтиб олишади. Рақиб футболчиларидан Кристиан Атсу ва Саломон Рондон жавоб тўпини йўллаб, ҳисобни тенглаштиришни уддалайди. 4 кундан сўнг "Барселона" билан оғир ўйин кутиб турган Клопп шогирдлари учун катта босим ва жароҳатлар ортиқчалик қиларди. Шу билан бирга "янги қаср эгалари" ҳам очко учун борини берди. Воқеалар ривожи шундай ажойиб мавсум умидсизлик ва ёмон натижалар билан якунланиши мумкинлигидан далолат берарди. Бироқ қаердандир Дивок Ориги пайдо бўлди ва "қизиллар"нинг ғалабасини таъминлади. 4 кун ўтгач, "Энфилд"да энг ақлбовар қилмас камбекни амалга ошириб, финалга йўл олишди.
2019 йил 17август. "Саутгемптон" - "Ливерпул" 1:2

"Қизиллар" бироз муаммолар билан Англия жанубига йўл олишди. Премер-лиганинг 1-турида "Норвич" устидан ғалаба қозонилган ўйинда сон мушакларини шикастлаб олган асосий дарвозабон Алиссон Беккернинг ўрнини эгаллаши кутилган янги кипер Адриан ушбу баҳсда ўз дебютини нишонлади.
Суперкубок финалида "Ливерпул" "аристократлар" томонидан жиддий қаршиликка учраган, охир-оқибат чемпионлик масаласи пеналтилар сериясида аниқланганди. Шу боис "Сент Мерис"га бироз толиққан ҳолда этиб келган Клопп шогирдлари катта қийинчилик эвазига ғалабани қўлга киритишди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Садио Мане ҳисобни очган бўлса, иккинчи тайм ўрталарида жамоанинг бразилиялик форварди Фирмино ҳисобдаги фарқни 2 тага оширди. "Саутгемптон" тўпурари Денни Ингз 83-дақиқада ҳисобни қисқартирган гол муаллифига айланди ва ливерпулликлар қарийб 10 дақиқа давомида юқори босимга базўр дош беришди.
Улар уйга қайтаётганда "Сити"нинг "шпорлар" билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганлигини билишди. Бу билан "шаҳарликлар" чемпионлик пойгасида ўз рақибларига "ёрдам" бериб юборган эди.
2019 йил 22 сентябр. "Челси" - "Ливерпул" 1:2

Клоппни "қизиллар" мураббийи сифатидаги илк АПЛ ғолиблиги "Стемфорд Бридж"да ҳал бўлди ва бу воқеа энди йиллар давомида унутилмайди. Унгача эса Юрген ва унинг шогирдлари бу стадионда жуда мураккаб ўйин ўтказиб улгуришганди. Лига стартида кетма-кет 5 та баҳсни ўз фойдасига ҳал қилган Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиблари бу мавсум доирасида "Наполи"га қарши кечган гуруҳ учрашувини бой берди. Худди шу пайтда лигадаги навбатдаги рақиб "Челси" футболчилари янги бош мураббий Френк Лемпард бошчилигида ҳужумкор ва томошабоп ўйин билан "Стемфорд Бридж"да уларни кутиб турарди. 1-бўлимда рақибга босим ўтказиб, Кепа дарвозасига 2 бор йўл топа олган мерсисайдликлар ўйиннинг 1-ярмини ўз фойдаларига ҳал қилишди.
Дастлаб, Александр Арнолд жарима зарбасини қойилмақом ижро этган бўлса, Фирмино боши билан дунёнинг энг қиммат дарвозабонини яна бир бор ранжитди. Бироқ ўйиннинг 2-ярмидан фаол ҳужумлар уюштиришни бошлаган "аристократлар" Кантенинг голи билан жавоб қайтаришди. Шунга қарамай, ҳеч бир жабҳада рақибларидан ёмон ҳаракат қилмаган лондонликлар ҳисобни тенглаштирувчи тўпни йўллай олишмади. Натижада, ушбу ғалаба "қизиллар"нинг иштаҳасини янада очиб юборди.
2019 йил 5 октябр. "Ливерпул" - "Лестер" 2:1

Ҳафта охирида барчанинг диққати "Энфилд"га қаратилди. Чемпионликка асосий даъвогар "Ливерпул" АПЛнинг 2015-16 йилги мавсум ғолиби "тулкилар"га қарши баҳс олиб бориши лозим эди. Баҳс мезбонларнинг катта устунлигида ўтганига қарамай, ҳадеганда гол ура олишмади. "Лестер Сити"нинг даниялик посбони Каспер Шмейхел кетма-кет сейвлар билан жамоадошлари жонига оро кириб турди. 40-дақиқада Маненинг аниқ зарбаси эвазига олдинга ўтиб олган "қизиллар" шу ҳисобни 80-дақиқада англиялик ёш истеъдод Жеймс Меддисон томонидан урилган голгача ушлаб тура олишди. Мезбонлар томонидан уюштирилаётган ўта шиддатли ҳужумлар барибир ўз самарасини берди. Ўйин сўнггида Марк Олбрайтон ўз жарима майдончаси ичида Манега нисбатан қўполлик ишлатди. Ва бош ҳакам томонидан белгиланган пеналтини баҳснинг 95-дақиқасида метин асабларга эга Жеймс Милнер аниқ амалга ошириб, жамоасига қимматли 3 очкони тақдим қилди. Эртасига, "Этиҳад"да "Вулверхемптон"ни қабул қилган Гвардиола шогирдлари меҳмонлар ҳужумчиси Адама Траоре томонидан қарши ҳужумларда 2 марта жазоланди. Оқибатда, 8-турдан сўнг, "шаҳарликлар" пешқадамдан 8 очко ортда эдилар. Клопп учун ажойиб имконият. Шундай эмасми?
2019 йил 2 ноябр. "Астон Вилла" - "Ливерпул" 1:2

Эҳтимол, бу мавсумдаги энг қийин ўйинлардан бири бўлган эди. Мезбонлар Трезегенинг 21-дақиқадаги аниқ зарбаси эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Сўнг, яна ва яна шиддатли ҳужумлар. Ўйиннинг 87-дақиқасига қадар ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олган Том Хитон меҳмонлар ҳимоячиси Эндрю Робертсоннинг зарбасини қайтара олмади ва "Ливерпул" ҳисобни тенглаштиришни уддалади. Бу голдан сўнг жуда катта руҳий устунликка эга бўлган Клопп шогирдлари учрашув ҳаками Жонатан Мосс томонидан асосий вақтга қўшиб берилган 4-дақиқада сенегаллик вингер Садио Маненинг ғалаба голи эвазига "Вилла Парк"дан 3 очко билан ортга қайтдилар. Ўта моҳирлик билан ҳимояланган "Астон Вилла" футболчилари устидан қозонилган ушбу ғалаба жамоага катта руҳий устунлик берди. Энди мерсисайдликлар хотиржамлик билан келаси ҳафта бўлиб ўтадиган "Манчестер Сити"га қарши ўйинга тайёргарлик кўриши мумкин эди.
2019 йил 10 ноябр. "Ливерпул" - "Манчестер Сити" 3:1 

1 ҳафтадан сўнг "шаҳарликлар" титул жангига қайтиб олиш учун "Энфилд"га этиб келишди. Гвардиола шогирдлари ғалабани қўлга киритишса, "қизиллар"га этиб олиш учун яхши имконият пайдо бўларди. Ўйин эса ҳақиқий драмага айланди. 1-бўлим бошидаёқ ташаббусни ўз қўлига олган мезбонлар 6-дақиқада ҳисобни очишди. Фабинодан супер зарба. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай жамоанинг мисрлик юлдузи Муҳаммад Салоҳ орадаги фарқни 2 тага оширди. Иккинчи бўлим бошларида Садио Мане ҳисобни йириклаштирган голга муаллифлик қилди: 3:0. Шундан сўнг, меҳмонларнинг ҳужумлари ҳам хавфли кўриниш ола бошлади ва бир вазиятда тўп Алиссон Беккер дарвозаси олдида ҳимоячи Александр Арнолднинг қўлига тегиб кетди. Гвардиола пеналти сўраб видеотакрорларга мурожаат қилди, бироқ бош ҳакам Майкл Оливер ҳеч қандай қоидабузарлик йўқлигини таъкидлади. ВАР яна Гвардиоланинг "йўлини тўсди". Учрашув якунига қадар тинмай ҳужумлар уюштирган манчестерликлар Бернарду Силванинг биргина аниқ зарбаси эвазига ҳисобдаги фарқни қисқартиришга эришдилар. Бироқ бу камлик қилди ва "Ливерпул" АПЛ чемпионлиги учун энг йирик қадамни ташлади. 12 та турда 34 очко тўплаган мерсисайдликлар турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилишда давом этди.
2019 йил 26 декабр. "Лестер Сити" - "Ливерпул" 0:4 
Одатда, АПЛнинг ҳар йилги чемпиони учун мавсум давомида 1 та муҳим ўйин барча учун кутилмаган натижани тақдим этади. "Ливерпул" учун бу ўйин "Кинг Пауер" стадионида бўлиб ўтди. "Боксинг дей" турдан-турга жамоаларнинг тинкасини қуритаётган, аксарият гранд клублар очко йўқотаётган бир пайтда "қизиллар" турнир жадвалида 2-поғонада бораётган рақиблари дарвозасига жавобсиз 4 та тўп йўллашди. Ўйин давомида меҳмонлар посбони Алиссон Беккер постига бирор марта ҳам йўл топа олмаган "тулкилар" Роберто Фирмино, Жеймс Милнер ва Трентнинг голларидан анчагача ўзларига кела олмай юрдилар. Бундан фойдаланиб, 2-ўринни яна ўзлариники қилиши кутилган "Манчестер Сити" футболчилари меҳмонда "Вулверхемптон"нинг даҳшатли камбекига учради. Бу чемпионлик пойгасининг амалда тугаганлигидан дарак берар эди.
2020 йил 19 январ. "Ливерпул" - "Манчестер Юнайтед" 2:0 

"Биз лигани ютмоқдамиз!" . Ўша куни "Энфилд"да мухлислар шундай деб, ўз суюклиларини қўллаб-қувватлади. Бундан руҳланган Клопп шогирдлари тўхтамай ҳужумга ўтишар, боз устига бир кун олдин ўз уйида "Кристал Пелас" билан дурангга имзо чеккан Манчестер шаҳрининг бошқа бир жамоаси "Сити" "Ливерпул"дан 16 очко ортда эди. Айнан Оле-Гуннар Сулшер шогирдлари 1-даврада "қизиллар"дан очко тортиб олишни уддалаган ягона жамоа бўлиб турган эди ва бу ўйин интригасини яна бир даража баландга кўтариб берди. Учрашувмобайнида катта устунликка эга бўлган мерсисайдликлар ўз этакчилари: Ван Дайк ва Салоҳнинг аниқ зарбалари эвазига "қизил иблислар"ни қуруқ қўл билан уйга қайтишга мажбур қилишди. Мисрлик вингер эса ўзи учун нохуш анъанага барҳам берди. У “манкуниянлар” дарвозасини ишғол этди. Ушбу уикенд манчестерликлар учун омадсиз якунланди. Қизил либослиларга ҳам, мовий рангдагиларига ҳам.
2020 йил 23 январ. "Вулверхемптон" - "Ливерпул" 1:2 

“Ливерпул” ушбу мавсумда ўта мослашувчанлик намойиш этди. Аксарият баҳсларда рақиблар ўйинига мослашиш орқали улар муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Бутун таркиб нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам бошқа клуб футболчиларидан устун эканликларини исботлашди. Лигадаги барча жамоаларни "талаётган", "Сити" устидан иккала ўйинда ҳам ғолиб бўлган Нуну Эшпириту Санту шогирдларига қарши ўйинда меҳмонлар ҳақиқий ирода намойиш этишди. Гарчи 8-дақиқада меҳмонлар сардори Жордан Хендерсон ҳисобни очганига қарамай, орадан кўп вақт ўтмасдан жамоа ғалабаларида энг кўп меҳнат қилаётган Садио Мане майдонни жароҳат олиб, эрта тарк этади. Бундан ўзига бўлган ишончи янада ортган "Вулверхемптон" футболчилари 2-бўлим бошларида Раул Хименеснинг аниқ зарбаси туфайли ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Ўз суюклиларини ғолиблик сари чорлаш мақсадида "Молинекс" стадионига йиғилган мухлислар бу голдан кейин айниқса, жонланишди. Бироқ асосий вақт тугашига 6 дақиқа қолганида бразилиялик Роберто Фирмино катта саҳнага чиқди ва якунда жамоасига 3 очко келтирган голни Руи Патрисиу постига йўллади. Жамоа диспетчери Ҳендодан бу сафар ассист. Бутун стадионга сукунат чўмди.
2020 йил 15 феврал. "Норвич" - "Ливерпул" 0:1  

Баҳс олдидан "қизиллар"нинг "Норвич" устидан қийинчиликсиз ғалаба қозониши тахмин қилинганди. Бироқ якунда бундай бўлмади. Бутун ўйин давомида рақибни ўз жарима майдончаси ичига "қамаб қўйган" меҳмонлар фақатгина баҳс якунланишига 12 дақиқа қолганидагина заҳирадан майдонга тушган Садио Маненинг аниқ зарбаси эвазига муваффақият қозонишди. Мезбонлар посбони Тим Крулни ожиз қолдирган бу гол сенегаллик вингернинг жароҳатдан кейинги илк зарбаси эди. Ушбу ғалаба мерсисайдликларни турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчилари "Манчестер Сити" клубидан оз эмас, кўп эмас 25 очко олдинга ўтиб кетишларига замин яратди. Феврал ойидаёқ 25 очко!
Узоқ кутилган чемпионлик мана шундай оғир ғалабалар эвазига қўлга киритилган. Ва ушбу чемпионлик барча мухлислар ёдида энг меҳнаткаш футболчилардан бири, "Ливерпул" афсонаси Стивен Жеррардга бағишланганида ҳам рамзий маъно бор, назаримизда!
394   
Добавить комментарий
Ваше имя: *