Goal24.uz » Европа жамоалари » Angliya » Учта чиптага 7 даъвогар. АПЛда ЕЧЛ йўлланмаси учун кимда қандай имконият?

Учта чиптага 7 даъвогар. АПЛда ЕЧЛ йўлланмаси учун кимда қандай имконият?

Автор: admin

Англия Премер-лигасида чемпион номи муддатдан аввал маълум бўлгач, мухлисларнинг эътибори Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кечадиган курашга қаратилди. УEФА «Манчестер Сити»ни икки йилга еврокубоклардан четлатганини инобатга олсак (CАС қарори ҳали эълон қилинмади), чемпионга айланган «Ливерпул»дан бошқа жамоалар ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилгани йўқ. Шундай экан, АПЛ якунига 6 тур қолаётган бир пайтда қолган 3та йўлланма учун 7та клуб даъвогар бўлиб турибди. Хусусан, 3-ўриндаги «Лестер»нинг карантиндан кейин ҳалигача ўзига кела олмаётгани бошқа клубларга умид учқунларини ёқмоқда.  

3. «Лестер» - 55 очко

Баҳоргача 2-ўринда бўлган Брендан Рожерс жамоаси «Манчестер Сити» билан курашда бу ўринни йўқотгач, ҳозирга келиб 3-ўринни қўлдан чиқаришга яқин турибди. «Лестер» Англия Премер-лигаси доирасидаги сўнгги ғалабани бундан тўрт ой олдин – март ойида қўлга киритганди. Карантиндан кейин ўтказган 4та ўйинда ҳам очколарни бой берган «тулкилар» бу кетишда Европа лигаси учун йўлланмани ҳам бой беришлари мумкин. Сабаби бу жамоанинг мавсум якунигача бўлган тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди. Лестерликлар қолган 6 ўйиндан 4тасини ЕЧЛ йўлланмаси учун имкониятни сақлаб қолган жамоаларга қарши ўтказишади. Жумладан, «Арсенал», «Шеффилд», «Тоттенҳем» ва «МЮ»га қарши баҳслар АПЛнинг энг яхши тўпурари бўла туриб, март ойидан кейин гол уришни унутиб қўйган Варди ва унинг жамоаси тақдирини ҳал этса ажабмас.

«Лестер»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Лестер – Кристал Пелас. 4 июл

34-тур: Арсенал – Лестер. 7 июл

35-тур: Борнмут – Лестер. 12 июл

36-тур: Лестер – Шеффилд Ю. 15 июл

37-тур: Тоттенҳем – Лестер. 19 июл

38-тур: Лестер – МЮ. 26 июл

4. «Челси» - 54 очко

«Челси» ўз афсонаси Френк Лемпард бошқарувида дастлабки йилдаёқ кутилган натижани қайд эта олди. Лондонликларнинг сўнгги 5 ўйинлик ғалабали сериясига аввалги турда «Вест Ҳем» чек қўйган бўлса-да, бу клуб ЕЧЛ йўлланмаси учун асосий даъвогарлардан бўлиб турибди. «Челси» кейинги 6 ўйиндан 3тасини еврокубоклардан умид қилаётган клубларга қарши ўтказади. Ўтган турда Моурино жамоасини таъзирини берган «Шеффилд»га сафар қилинса, бир ҳафта ўтиб «Ливерпул» майдонига борилади, сўнгги турда эса «чақилмас ёнғоқ» - «Вулверҳемптон» қабул қилинади. Сўнгги турда нима бўлишини билмаймиз-у, айни дамда «бўрилар» «аристократлар»дан икки очко ортда қолишмоқда, холос.
 
«Челси»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Челси – Уотфорд. 4 июл

34-тур: Кристал Пелас – Челси. 7 июл

35-тур: Шеффилд Ю – Челси. 11 июл

36-тур: Челси – Норвич. 15 июл

37-тур: Ливерпул – Челси. 19 июл

38-тур: Челси – Вулверҳемптон. 26 июл

5. «Манчестер Юнайтед» - 52 очко

Сўнгги 10та ўйиннинг 8тасида ғалаба, фақат иккитасида дуранг натижа қайд этилгани «Манчестер Юнайтед»нинг бугунги спорт формаси ҳақида ҳаммасини айтиб турибди. Қатор ғалабалар эвазига 3-4-ўринлардаги «Лестер» ва «Челси»га жуда яқин келган Сулшер жамоаси битта ғалаба фарқи билан бу клублардан ўзиб кетиши мумкин. Ва энг асосийси рақобатчи клублар орасида нисбатан осон тақвим айнан «МЮ» қўлида турибди. Манчестерликлар мавсумнинг энг қийин палласини ортда қолдиришди, қолган 6 ўйиндан фақат биттасида даъвогар клублардан «Лестер» билан учрашишади – шу ҳам сўнгги 38-турда. Шундай экан, 3-ўрин учун энг яхши имконият айнан «Юнайтед» қўлига ўтган.

«Манчестер Юнайтед»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: МЮ – Борнмут. 4 июл

34-тур: Астон Вилла – МЮ. 9 июл

35-тур: МЮ – Саутҳемптон. 13 июл

36-тур: Кристал Пелас – МЮ. 15 июл

37-тур: МЮ – Вест Ҳем. 19 июл

38-тур: Лестер – МЮ. 26 июл

6. «Вулверҳемптон» - 52 очко

«Бўрилар» ҳам «қизил иблислар»ни изма-из таъқиб этиб келмоқда. Нуну Эшпириту Санту шогирдлари АПЛ доирасидаги охирги 5 ўйиндан фақат биттасида дуранг қайд этишди, 4тасида эса ғолиб бўлишган. Аммо «МЮ»дан фарқли равишда «Вулверҳемптон»нинг тақвимини осон деб бўлмайди. Бу клубнинг 6 ўйинидан 3таси даъвогарларга қарши ўтади. Айниқса, кейинги икки турда 4 кун ичидаги «Арсенал» ва «Шеффилд»га қарши баҳслар кўп нарсага ойдинлик киритади. Сўнгги турда эса «Челси»га қарши оғир сафар баҳси ҳам кутиб турибди.

«Вулверҳемптон»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Вулверҳемптон – Арсенал. 4 июл

34-тур: Шеффилд Ю – Вулверҳемптон. 8 июл

35-тур: Вулверҳемптон – Эвертон. 12 июл

36-тур: Бернли – Вулверҳемптон. 15 июл

37-тур: Вулверҳемптон – Крисатл Пелас. 19 июл

38-тур: Челси – Вулверҳемптон. 26 июл

7. «Шеффилд Юнайтед» - 47 очко

Мавсум кашфиётига айланган «Шеффилд Юнайтед»дан ҳозирги натижаларни ҳеч ким кутмаганди, десак муболаға бўлмайди. Ҳар ҳолда дебютант клубнинг еврокубоклар учун курашишини ҳар доим ҳам кўрмайсан. «Шеффилд»ни ҳам тақвими осон эмас. 6 ўйиндан тенг ярми даъвогарлар рўйхатидаги жамоаларга қарши бўлади. Қолаверса, 33-турдаги «Бернли» билан ўйин ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу куни мезбонлар ғалаба қозонса, «Шеффилд» даъвогарлик номини Шон Дайч жамоасига топширишига тўғри келади.

«Шеффилд Юнайтед»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Бернли – Шеффилд. 5 июл

34-тур: Шеффилд – Вулверемптон 8 июл

35-тур: Шеффилд – Челси. 11 июл

36-тур: Лестер – Шеффилд. 16 июл

37-тур: Шеффилд – Эвертон. 18 июл

38-тур: Саутҳемптон – Шеффилд. 26 июл

8. «Арсенал» - 46 очко

Микел Артета бошқарувидаги «Арсенал» охирги икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган бўлса-да, жамоанинг бу йил Чемпионлар лигасига қайтиш имконияти катта эмас. Устига-устак «тўпчилар»нинг тақвимига қараган мухлис борки, «Арсенал»га кейин турларда ҳавас қилмайди. Лондон клуби навбатдаги 4 турда йўлланмага даъвогарлар - «Вулверҳемптон», «Лестер», «Тоттенҳем», «Ливерпул»га қарши саф тортади. Шундай экан, Артета жамоасини ҳозирги ҳолатда фақатгина мўъжиза энг нуфузли турнирга олиб чиқиши мумкин.

«Арсенал»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Вулверҳемптон – Арсенал. 4 июл

34-тур: Арсенал – Лестер. 7 июл

35-тур: Тоттенҳем – Арсенал. 12 июл

36-тур: Арсенал – Ливерпул. 15 июл

37-тур: Астон Вилла – Арсенал. 19 июл

38-тур: Арсенал – Уотфорд. 26 июл

9. «Тоттенҳем» - 45 очко

Жозе Моурино устозлигидаги «Тоттенҳем» сўнгги 6 ўйиндан фақат биттасида ғалаба қозонганига қарамай, Чемпионлар лигасига чиқиш учун имкониятни сақлаб қолмоқда. 9-ўриндаги жамоанинг даъвогарлар сафига киритилиши ғалати ҳолатдир, аммо ЕЧЛнинг сўнгги финалчиси якуний турларда АПЛнинг бешлиги сафига кириш имкониятига эга бўлиб турибди. Бунинг учун Моурино жамоаси барча рақибларини, шу жумладан «Арсенал» ва «Лестер»ни ҳам мағлуб эта олиши керак. Ўта қийин, аммо уддалаб бўлмас иш эмас. Қайд этиш жоиз, кейинги турлардаёқ натижалардан келиб чиқиб даъвогарлар сони ва номи ўзгариши ҳеч гап эмас.

«Тоттенҳем»нинг қолган ўйинлари:

33-тур: Тоттенҳем – Эвертон. 6 июл

34-тур: Борнмут – Тоттенҳем. 9 июл

35-тур: Тоттенҳем – Арсенал. 12 июл

36-тур: Нюкасд – Тоттенҳем. 15 июл

37-тур: Тоттенҳем – Лестер. 19 июл

38-тур: Кристал Пелас – Тоттенҳем. 26 июл.
395   
Добавить комментарий
Ваше имя: *