Goal24.uz » Ўзбекистон » УзРепортТВ ПФЛ билан келишувга эришди. Про-лига баҳслари ФутболТВда ҳам трансляция қилинади

УзРепортТВ ПФЛ билан келишувга эришди. Про-лига баҳслари ФутболТВда ҳам трансляция қилинади

Автор: admin

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда УЗРEПОРТ ТВ ўртасида Про лига мусобақасининг медиа ва тижорат ҳуқуқлари бўйича шартнома имзоланди. Мазкур шартнома 2024 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти эълон қилди.
«УЗРEПОРТ ТВ футбол ишқибозларининг миллий футболимизга бўлган қизиқишларидан келиб чиқиб, шунингдек, мамлакат футболи ривожига ҳисса қўшиш мақсадида ЎзПФЛга таклиф билан чиқди. Бир ойга яқин давом этган музокаралар якунида икки томон ўзаро манфаатли келишувга эриша олди. 
Эндиликда, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб УЗРEПОРТ ТВ  Про лиганинг ҳар бир туридан энг қизиқарли ва марказий учрашувларни УЗРEПОРТ ТВ ва ФУТБОЛ ТВ телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этади. Келишувга кўра, учрашувларни жонли трансляция қилиш ҳажми йилдан-йилга ортиб боради. 
 
Сизга сир эмаски, пандемия даврида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан ҳаракатлар давом этмоқда. Аммо футбол мухлисларининг стадионларга ташрифи масаласи ҳозирча кун тартибида эмас. Мана шундай шароитда Про лига учрашувларининг намойиш этилиши лига манфаатлари учун хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда томонлар Про лига мусобақаси учун титул ва расмий ҳомийлар масаласида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади. Бу эса табиийки, бозор иқтисодиёти тамойилларига босқичма-босқич амал қилиш, Суперлигада бўлгани каби йирик компаниялар билан шартнома имзолаш имкониятини яратади. 
Ҳамкорликдаги асосий масалалардан бири Про лига савиясини кўтариш ва уни максимал даражада Суперлигага яқинлаштиришдан иборатдир. Ҳар икки лига ўртасидаги рақобатдан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси манфаатдордир. Қолаверса, эндиликда Про лига клубларида ҳам ўзини намоён этиш, мазкур лига футболчиларида эса терма жамоа мураббийлари назарига тушиш имконияти пайдо бўлади. 
УЗРEПОРТ ТВ  ва ЎзПФЛ фақатгина бу билан чекланиб қолмайди. Пандемия тартибларининг юмшашига қараб, стадионларга мухлисларни қайтариш, уларнинг учрашувларга бўлган қизиқишларини ошириш йўналишларида ҳам иш олиб борилади. 
Эндиликда УЗРEПОРТ ТВ ва ФУТБОЛ ТВ телеканалларида Про лига беллашувларини жонли эфирда — Сиз севган шарҳловчилар билан биргаликда кузатиб бориш имкони мавжуд. Умид қиламизки, УЗРEПОРТ ТВ  билан ҳамкорлик мамлакат футболи ривожи йўлидаги дадил қадамлардан бири бўла олади. УЗРEПОРТ ТВ билан янги давр, янги имкониятлар сари биргаликда ҳаракат қиламиз», - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Про лигада 8 жамоа иштирок этаётган бўлиб, бугун турнирнинг 3-тур учрашувлари ўтказилади.
136   
Добавить комментарий
Ваше имя: *