Goal24.uz » Ўзбекистон » Коронавирус сабаб Суперлига 10-тур ўйинлари қолдирилди

Коронавирус сабаб Суперлига 10-тур ўйинлари қолдирилди

Автор: admin

Футбол бўйича Cоcа-Cола Суперлигаси 10-тур ўйинлари қолдирилди. Бу ҳақда Профессионал футбол лигаси расмий сайтида хабар берилди.
“Суперлиганинг уч клуби — “Пахтакор”, “Бухоро” ҳамда “Сурхон”да умумий ҳисобда ўндан зиёд вирус юқтириб олган футболчилар бор. Мазкур ҳолат Суперлига учрашувларини қайта тиклаш олдидан Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги билан келишилган йўриқнома шартларига клублар томонидан риоя қилиш сустлашганини англатади.
Бугунги кунда вазият мураккаб экани сир эмас. Бир томондан футбол учрашувларини тўхтатиш — ортга ташланган қадам бўлади. Бу ҳолат турли ёш терма жамоаларнинг халқаро майдондаги ўйинларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бошқа томондан эса футболчи ва мураббийларнинг, умуман футбол жамоатчилигининг соғлиги билан боғлиқ жиҳатларни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Улар нафақат ўз саломатликларини, балки оила-аъзолари соғлигини ҳам хавф остида қолдиришлари мумкин”, — дейилади ПФЛ баёнотида.
ЎзПФЛ юқоридаги фикрлардан, қолаверса, 20-июл куни клублар иштирокида бўлиб ўтган видеоконференция хулосаларидан келиб чиқиб, қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Cоcа-Cола Суперлигаси учрашувлари 28-июлга қадар тўхтатилади ва шу куни чемпионат 10-турдан бошлаб давом эттирилади. Тақвимнинг кейинги эҳтимолий кўринишлари алоҳида муҳокама этилади. ТВ дастурлар вақтига халал бермаслик мақсадида 10-тур учрашувларининг барчаси 19:00 да старт олади;
Унга қадар Суперлиганинг барча клублари бор диққат-эътиборини футболчилар саломатлигига қаратади. Клубларнинг барчаси хусусий клиникалар билан ҳамкорликда тест топширади. Бунда ЎзПФЛ ўзи рўйхатдан ўтказган барча футболчи ва мураббийлар тест топширганига ишонч ҳосил қилиши керак бўлади. Тест жавобларини тўлиқ тақдим этмаган клублар қолган жамоалар футболчилар саломатлигини хавф остида қолдирмаслик учун мусобақага қўйилмайди;
Тест топширган ва унинг натижаларига кўра вирус аниқланмаган футболчилар клуб қароргоҳига жойлаштирилади. Улар карантин тартиби юмшатилгунига қадар машғулотлар ва ўйинларга ўз базаларидан қатнайди. Боиси, уларнинг шаҳар бўйлаб эркин ҳаракат қилиши, футболчилар саломатлигини, бунинг ортидан эса чемпионат ўйинлари давомийлигини хавф остида қолдириши мумкин.
Таъкидланишича, ЎзПФЛ август ойидаги учрашувларни қандай ташкил қилиш ва тақвимга қандай ўзгартиришлар киритиш устида иш олиб боради. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан ёндашган клублар директорлари, бош мураббийлари ҳамда шифокорларига нисбатан кескин чоралар кўрилади. Вирус тарқалишини сунъий равишда сир тутаётган клубларга нисбатан СEОМ билан ҳамкорликда иш очилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бухоро”нинг саккиз нафар, “Пахтакор”нинг беш нафар, “Сурхон”нинг икки ва “Бунёдкор”нинг бир нафар ўйинчиси коронавирусга чалингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Про-Лигада қатнашадиган Самарқанднинг “Динамо” клубининг уч нафар футболчисида коронавирус инфекцияси борлиги гумон қилиниб, 15-июл куни “Хоразм”га қарши ўтказилиши керак бўлган беллашув ҳам бекор қилинганди.
230   
Добавить комментарий
Ваше имя: *