Goal24.uz » Европа жамоалари » Rossiya » «Зенит» Чемпионлар лигасида чўкиб кетади. Чунки Европада ёрдам қўли чўзилмайди». Россияда ҳакамлик можароси

«Зенит» Чемпионлар лигасида чўкиб кетади. Чунки Европада ёрдам қўли чўзилмайди». Россияда ҳакамлик можароси

Автор: admin

Россия кубоги яримфинали доирасидаги «Зенит» - «Спартак» (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейин бунгача ҳам кўп гапирилаётган ҳакамлик мавзуси янада авж олиб, можарога айланди.
 Азалий рақибларнинг бу сафарги тўқнашуви олдидан учрашув бош ҳаками Ивановнинг «Зенит»га нисбатан хайрихоҳ эканлиги, «Спартак»нинг ўйинларидаги статистикаси эса ёмонлиги ҳақида кўп гапирилганди. Якунда кутилганидек ҳакамлик ҳамда ВАРънинг қарорлари кўпроқ мағлубиятга учраган москваликларнинг норозилигига сабаб бўлди.
 «Ўйиннинг энг кулминацион воқеасини на Иванов ва на ВАР кўра олди»
Чампионат.cом нашри собиқ ҳакам Игор Федотов билан вазиятларни таҳлил қилди.
 10-дақиқа, «Спартак» ҳужумчиси Соболевнинг «Зенит» жарима майдонида йиқитилиши
— Бош ҳакам Иванов «Зенит» дарвозасига пеналти белгилаши керак эди. Соболев тўпни қабул қилиб олиш учун тўхташга ҳаракат қилди, бироқ Жирков уни либосидан тортиб йиқитди. Ҳакам «Спартак»ни яққол пеналтидан маҳрум қилди.

 24-дақиқа, «Спартак» дарвозаси томон пеналти
— Бош ҳакам «Зенит»нинг пеналтисини кўра олди. Азмунга нисбатан қўполлик қилинди ва Дзюба 11 метрлик жарима зарбасидан аниқ фойдаланди.
 61-дақиқа, Соболев навбатдаги марта «Зенит» жарима майдончасида йиқитилди
— Ушбу вазиятда Соболевга ишлатилган қўполлик учун пеналти белгиланиши, Барриос футболчининг юзига теккани учун қизил карточка билан майдондан четлатилиши лозим эди. Бироқ ўйиннинг энг кулминацион воқеасини на Иванов ва на ВАР кўра олди.
 82-дақиқа, Айртоннинг «Зенит» жарима майдончасига йиқитилиши
— Осарио ва Айртоннинг кураши – бу пеналти эмас. Бу вазиятда Осарио ўйин қоидасини бузмаган эди, - дея фикр билдирди Федотов ўйиндаги вазиятларни таҳлил этаркан.
Леонид Федун: «Зенит» ҳакамлар ёрдамисиз Чемпионлар лигасида чўкиб кетади»

 Аламли мағлубиятдан кейинги дастлабки норозилик «Спартак» хўжайини Леонид Федун томонидан янгради. У ҳакамларнинг ишини жиддий танқид қилиб чиқди.
 «Сизга ВАР бўйича сўнгги статистикани келтирайми? «Спартак» бўйича 11та вазият кўриб чиқилиб, бизни фойдамизга бирорта ҳам қарор чиқарилмаган. «Зенит»нинг 14та мурожаатидан 10тасида питерликлар фойдасига қарор чиқарилган. Буни қандай тушуниш мумкин?
Йигитларимизга ўйин учун раҳмат дейман. Улар охиригача жанг қилишди. «Зенит»га совға қилинган голдан кейин тўхтаб қолишмади. Аслида «Спартак» шиширилган чемпиондан ёмон ўйнамаганди. «Зенит» ҳакамлар ёрдамисиз Чемпионлар лигасида чўкиб кетади. Бунга ҳеч қандай шубҳам йўқ. Чунки Европада ҳакамлар ёрдам қўлини чўзишмайди», - дейди Федун ўйиндан кейин.
 «Зенит» бош директори: «Ҳакамлар ёрдамисиз «Спартак» лигада қолиш учун курашаётган бўларди»

«Спартак» раҳбарининг танқидий сўзларига жавобан душанба куни «Зенит» бош директори Александр Медведев аслида Санкт-Петербург клуби эмас, Москва жамоасига ён босилаётганлигини маълум қилди.
 «Ҳакамлар ишини муҳокама қилиш бу - ўзини оқлаш учун ҳеч қандай аргумент қолмаганидан кейин қилинадиган энг охирги иш саналади. Ўйнаш керак! Дарвоқе, таҳлилларга кўра ҳакамларнинг хатоси туфайли «Спартак» қўшимча 8 очкога эга чиққан. Шу очколар бўлмаганида 9-ўринда бўлган «Спартак» ҳозир қаерда бўларди деб ўйлайсиз? Лигада қолиш учун курашаётган бўларди. Чунки уларни «хавфли зона»дан 7 очко ажратиб турибди. Аслида ҳакамларнинг хатоси туфайли улар эмас, «Зенит» 4 очко йўқотган», - дейди Медведов «Спорт-экспресс» нашрига.
 Виктор Кашшаи: «Муаммони ҳакамлардан эмас, ВАРъдан қидиринг»
 «Спартак» ва «Зенит»нинг норозилиги ортидан Россия футбол иттифоқининг ҳакамлар департаменти раҳбари Виктор Кашшаи Россия кубоги яримфиналидаги ҳакамликни қониқарли баҳолашини, муаммо аслида ВАРъда бўлганлигини таъкидлади.
 «Бу Россия футболи учун муҳим қарама-қаршилик эди. Бундай ўйинларда ҳакамларнинг тортишувли вазиятлардаги исталган қарори муҳокамаларга сабаб бўлади. Соболев ва Жирков ўртасидаги вазиятда аслида нима бўлганлигини ўйиндаги сурат орқали билдим. Биз бу борада ВАР қайдномаси билан танишишимиз керак. Ҳужумчи ва ҳимоячи ўртасидаги ўша вазиятда дастлаб Собелев Жирковни тортиб ва туртиб юборган. Ҳолатни турли нуқталардан кўриб чиқиш керак. Бу масалада бош ҳакамни айблай олмайман, муаммони ВАРъдан қидиришимиз керак. ВАР ҳар бир вазиятга эмас, ҳакамларнинг яққол хатолари кузатилса ёрдам беради. Шундай экан, ҳакамларнинг «Зенит» ёки «Спартак» фойдасига ишлаётгани ҳақидаги гап-сўзларга умуман қўшилмайман», - дея масалага нуқта қўйган венгриялик таниқли собиқ ҳакам.
168   
Добавить комментарий
Ваше имя: *