Goal24.uz » Chempionlar ligasi » УEФА коронавирус сабаб Еврокубоклар учун янги регламент ишлаб чиқди

УEФА коронавирус сабаб Еврокубоклар учун янги регламент ишлаб чиқди

Автор: admin

УEФА Еврокубоклар 2020/21-йилги мавсуми учун регламент ишлаб чиқди, у коронавирус пандемияси сабаб бир қатор чекловларни ўз ичига олади.
УEФА ҳар бир қуръадан аввал мамлакатлараро ҳаракатланишга доир чекловлар рўйхатини эълон қилиб боради. Клублар қуръага икки кун қолгунга қадар мамлакат ҳукумати томонидан жорий этилган чекловлар ва ўзгаришлар ҳақида УEФАни огоҳлантириши керак бўлади. Агар бу маълумотлар етиб келмаса, ташкилот ўзидаги бор маълумотлар асосида иш кўради — агар жамоа шу сабаб майдонга чиқа олмаса унга техник мағлубият ёзилади.
Агар ҳукумат томонидан мамлакатга кириш чекланадиган бўлса, у ҳолда мезбон клуб ўйин учун нейтрал майдон топиши керак бўлади. Агар бу рўй бермайдиган бўлса, жамоага техник мағлубият ёзилади.
Бундан ташқари, агар УEФА клублар томонидан тақдим этилган хатда маҳаллий ҳукумат томонидан ўрнатилган чекловлар аниқ кўрсатилмай ёки етарли даражада аниқ бўлмаса, у ҳолда ўйин ўтказиш жойини ташкилот белгилайди. Агар жамоалардан бири ўйнашдан бош тортса, унга техник мағлубият ёзилади.
Агар маҳаллий ҳукумат томонидан чекловлар дедлайндан сўнг жорий этиладиган бўлса, ўша чекловлар жорий этилган мамлакат клуби ўйиннинг бекор бўлишида жавобгар деб топилади ва унга техник мағлубият ёзилади.
Агар икки клуб ҳам ўйнашдан бош тортса ёки иккаласи ҳам ўйиннинг бекор бўлганига жавобгар деб топилса, улар бир мавсумга Еврокубоклардан четлатилади.
Клублар ҳар бир ўйин олдидан коронавирусга тест топширади. Ижобий таҳлиллар чиқадиган бўлса УEФА маҳаллий ҳукумат билан бирга вазиятни ўрганади. Агар жамоанинг асосий қайдномасидан ўрин олган 13 нафар футболчи (бир дарвозабон билан бирга) ўйинга тайёр бўлса ва маҳаллий ҳукумат учрашувни ўтказишга рухсат берса, у ҳолда жамоа майдонга чиқиши керак бўлади.
Агар ундай бўлмаса, УEФА ҳар бир дедлайн учун ўрнатилган тақвимга қараб ўйинни бошқа кунга суради, бироқ бу ўйинни ўз вақтида ўтказишнинг иложи бўлмаса жамоага техник мағлубият ёзилади.
Юқоридаги барча қарорлар УEФА ижроқўми йиғилишида қабул қилинди.
127   
Добавить комментарий
Ваше имя: *