Goal24.uz » Европа жамоалари » Номи улуғ, супраси қуруқ. Ўйнамасдан миллионлаб евро топаётган 10 нафар таниқли футболчи ҳақида

Номи улуғ, супраси қуруқ. Ўйнамасдан миллионлаб евро топаётган 10 нафар таниқли футболчи ҳақида

Автор: admin

Европанинг энг кучли чемпионатлари якунланиб, ғолиблар аниқланди. Шу билан бирга кўҳна қитъанинг деярли ҳар бир етакчи клубида жуда катта маош оладиган ва камдан кам ҳолларда майдонда пайдо бўладиган футболчилар бор. Улар эса ўз навбатида жамоалари учун жуда қимматга тушади, айниқса, дунёда пандемия ҳукм суриб турган вақтда. Албатта, клублар бундай футболчилардан қутилишни истайди. Бироқ уларни сотиб олишга қурби етадиган жамоани топиш муаммо бўлиб қолмоқда. Қуйида ана шундай номи улуғ, лекин турли сабабларга кўра, мураббийнинг ишончидан чиққан футболчилар тўғрисида сўз боради.
Алфонс Ареола (ПСЖ, “Реал”да ижарада)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 245 минг евро
2019-йилнинг ёзида францийалик дарвозабон Тибо Куртуага ўринбосар сифатида “Реал”га ижарага олиб келинганди. Ареола ўтган мавсумда клуб миқёсидаги барча мусобақаларда 9 та ўйин ўтказиб, ўз дарвозасидан 11 гол ўтказиб юборди. Алфонснинг маоши захира дарвозабони учун жуда катта ҳисобланади. Унинг йиллик маоши 2,7 миллион еврога тенг. Шу боис Зидан катта эҳтимол билан келаси мавсумда уни Парижга қайтариб юборади. Унинг ўрнини эса (захира дарвозабони) икки баравар кам маош оладиган Андрей Лунин эгаллайди.
Седрик Соареш (“Саутҳемптон”, “Арсенал”да ижарада)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 370 минг евро
“Арсенал” Седрикни ўтган қишда “Саутҳемптон”дан ижарага олди. Португалиялик футболчи Лондонга тиззасидаги жароҳат билан келди, ундан фориғ бўлиши билан эса машғулотларда бурнини синдириб олди. 2019/20-йилги мавсумда Седрик 5 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди. Сурункали жароҳатларига қарамай, Артетага Суарешнинг ўйини маъқул келди ва унга доимий асосда узоқ муддатли шартномани таклиф қилмоқчи.
Тило Керер (ПСЖ)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 380 минг евро
ПСЖ Керерни 2018-йилнинг ёзида “Шалке-04”дан 37 миллион еврога сотиб олганди. Францийадаги дастлабки мавсумида футболчи бошланғич таркибида тез-тез кўриниб турди, бироқ кейинги йилнинг бошида тиззасини жароҳатлаб олди ва олти ой муддатга сафдан чиқди. 2020-йилнинг бошидан буён германиялик футболчи 16 та ўйин ўтказиб, битта гол уришга ҳам муваффақ бўлганди. Бироқ коронавирус туфайли Францийа чемпионати муддатидан олдин тугатилди. Агар ҳаммаси бошқача бўлганида, балки Томас Тухел унга кўпроқ имконият берармиди?
Фил Жонс (“Манчестер Юнайтед”)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 650 минг евро
Ортда қолган мавсумда англиялик футболчи ҳа деганда “Манчестер Юнайтед”нинг бошланғич таркибидан жой олавермади. Сулшер уни захирада қолдиришни, баъзида эса умуман ўйин қайдномасига ҳам киритмасликни афзал кўрди. Фил барча мусобақаларда атиги 8 ўйинда майдонга тушиб, 1 та голга муаллифлик қилди. Июл ойи ўрталарида эса Жонснинг ушбу ёзда сотиб юборилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳозирда футболчининг трансфер нархи етти миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Маркос Рохо (“Манчестер Юнайтед”, “Эстудиантес”да ижарада)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 550 минг евро
Рохо бу мавсумда тўлалигича Сулшернинг ишончини йўқотди. Норвегиялик мутахассис аксарият ҳолларда Рохони қайдномага ҳам киритмади, қишда эса уни ўзининг қадрдон клуби “Эстудиантес”га ижарага бериб юборди. Жанубий Америкага кетишидан олдин Маркос “Манчестер Юнайтед”да учун бор-йўғи 9 та ўйин ўтказганди. Аргентинада ҳам унинг ишлари юришмади, у ерга бориши билан жароҳат орттириб олди, Аргентина чемпионати эса коронавирус туфайли тўхтатиб қўйилди. Футболчининг вакиллари ёзда унинг “Манчестер Юнайтед”ни тарк этиш эҳтимоли юқори эканлигини таъкидламоқда.
Денни Дринкуотер (“Челси”, “Бёрнли” ва “Астон Вилла”да ижарада)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 1,2 миллион евро
Дринкуотер эртакнамо “Лестер” билан Англия чемпиони бўлгач, “Челси” уни Нголо Кантедан ҳам қимматроққа сотиб олади — 38 миллион евро. Аммо Денни Лондон клубига мослаша олмади. Уч мавсум давомида у “кўклар” сафида атиги 23 та ўйин ўтказиб, битта гол урди. 30 ёшли футболчи ушбу мавсумнинг биринчи ярмини “Бёрнли”да ўтказди, у ерда ҳам омадсизликка учради. Шу йилнинг бошидан эса “Астон Вилла”да ҳаракат қилмоқда. Афсуски, Бирмингем клубига ҳам унга мос келмаяпти — самарали ҳаракатларсиз бор-йўғи тўртта ўйин. Френк Лемпард футболчига ишонмайди ва бу ёзда ундан қутулишга ҳаракат қилиб кўради.
Юлиан Дракслер

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 550 минг евро
Дракслер Германиянинг энг иқтидорли футболчиларидан бири деб ҳисобланарди. Европанинг энг номдор клублари уни ўз сафида кўришни хоҳлади, бироқ Дракслер ПСЖ ва йилига 10,2 миллион евро маошни танлади. У икки йил ичида Париж клубида 93 та ўйин ўтказди. Томас Тухел келгач эса асосий таркибдан тушиб қолди. Бунга қисман бўлса-да, мавсум бошида тиззасидан олган жароҳати ҳам сабаб бўлди. 2019/20-йилги мавсумда у барча турнирларда 19 та учрашув ўтказиб, бирор марта ҳам рақиблар дарвозасини ишғол эта олмади.
Месут Ўзил (“Арсенал”)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 800 минг евро
Германиялик ярим ҳимоячи фаолиятидаги энг ёмон мавсумлардан бирини ўтказди: барча мусобақаларда 23 та ўйин, 1 та гол ва 3 та ассист. Июн ойи ўрталарида Англия чемпионати тикланганидан сўнг эса битта ҳам ўйинда майдонга тушмади. Ўзил Англия Премер Лигасининг энг кўп маош оладиган футболчиларидан бири ҳисобланади. Ҳозирча у “Арсенал”дан кетишни хоҳламаяпти ва шартномасини охирига етказиб қўйиш ниятида. Билд нашрининг хабарига кўра, Ўзил “Фенербаҳче”нинг таклифини рад этиб, Артетега Лондонда қолиш истаги борлигини билдириб қўйган.
Лука Ёвич (“Реал”)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 1 миллион евро
Якунига етган мавсумда янада ўйини очилиши кутилган яна бир футболчи Лука Ёвич 53 миллион фунт эвазига “Реал” сафига қўшилганди. Мадридликлар сербиялик ҳужумчининг зудлик билан ўзини кўрсатишини ва голлар уришни бошлашини кутганди. Бироқ Карим Бензема асосий таркибдаги жойини осонликча сербияликка бериб қўйишни хоҳламади. Натижада 22 ёшли Ёвич 53 миллион евро эвазига Ла Лигада 17 ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилди, холос. Марcаъга кўра, мадридликлар ушбу ёзда Ёвични сотишни режалаштирмоқда.
Гарет Бейл (“Реал”)

Мавсумдаги ҳар бир ўйин ўртача 1,4 миллион евро
Бейл нафақат испан журналистлари, балки “Реал” мухлислари билан ҳам муносабатларини ёмонлаштиришга улгурди. 31 ёшли футболчи 2019/20-йилги мавсумни мутлақо самарасиз ўтказди: барча мусобақаларда 20 учрашув, 3 та гол ва 2 та ассист. Мадрид клуби уелслик “голф устаси”ни (Бейлнинг ўзи голфни футболдан-да яхши кўришини айтган) сотишдан хурсанд бўларди, аммо Гаретнинг ўзи жамоада қолмоқчи ва шартномасини тугатиб қўймоқчи. Буни футболчининг агенти Жонатан Барнетт ҳам тасдиқлади ва Зиданни мижозига кам имконият бераётганликда айблади. Агар Бейл шартномасининг охиригача Мадридда қолса, “қироллик клуби” икки йил ичида яхшигина маблағ йўқотади.
269   
Добавить комментарий
Ваше имя: *