Goal24.uz » Европа жамоалари » Angliya » “Лацио” инқирози, ўзига ром этган “Аталанта” ва рекордлар. А Серия 2019/20-йилги мавсуми нимаси билан ёдда қолди?

“Лацио” инқирози, ўзига ром этган “Аталанта” ва рекордлар. А Серия 2019/20-йилги мавсуми нимаси билан ёдда қолди?

Автор: admin

Ортда қолган мавсум италияликлар учун осон кечмади. Бу асосан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлиб, у мамлакатдаги деярли барча соҳаларга, хусусан, спортга ҳам жуда катта зарар етказди. Узоқ вақт давомида Италия чемпионатининг қайта бошланиши сўроқ остида турди. Аммо А Серия қайтди!
“Ювентус” кетма-кет 9-марта Италия чемпионлигини қўлга киритди. “Кекса синёра” иложи борича интрига узоқроқ сақлаб қолиниши учун “қўлидан келганини қилди”. “Юве” қатор ўйинларни бой берди, очко йўқотди. Хуллас, энг яқин таъқибчиларига ҳар томонлама “ёрдам” беришга ҳаракат қилди. Аммо на “Лацио”, на “Интер” ва на “Аталанта” бундан фойдалана олмади. Бироқ бунинг ҳаммаси аллақачон тарихга айланди. Шундай экан, қуйида А Серия якунлари сарҳисоб қилиниб, энг қизиқарли жиҳатлар ҳавола этилади.
Мавсумнинг энг яхши тўпурари

2018/19-йилги мавсумда 35 ёшли Фабио Квалярелла Италия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлганди. Бу сафар эса Чиро Иммобиле нафақат Италиянинг, балки кучли бешлик чемпионатларининг энг яхши тўпурари бўлиб, “Олтин бутса”ни қўлга киритди. Шу тариқа у италиялик футболчилар орасида “Олтин тўп”ни қўлга киритган учинчи футболчига айланди. Бунгача унинг ватандошларидан фақат Франческо Тотти ва Лука Тони ушбу мукофотни қўлга киритганди. Айтиш мумкинки, Чиро “Олтин бутса”ни қўлга киритиш билан бирга Роналду ва Мессини ортда қолдирган ўйинчи сифатида ўз номини Италия футболи тарихига ўчмас излар билан ёздириб қўйди.
2019/20-йилги мавсумда Иммобиле Гонсало Игуаиннинг рекордини янгилаб, умумий ҳисобда 36 та гол урди. Чиро Левандовскини 2 тага, Роналдуни эса 5 та голга ортда қолдирди. “Лацио”да мавсумнинг иккинчи ярмида муаммолар пайдо бўла бошлади, Иммобиле эса кетма-кет гол урмаган ўйинлар ҳам бўлди. Бироқ шуларга қарамай, италиялик форвард ўтган мавсумни қойилмақом тарзда якунлади. У римликларни Чемпионлар Лигасига қайтариш учун қўлидан келганини қилди ва бунга эришди.
Мавсумнинг энг яхши ассистент(лар)и
2019/20-йилги мавсумда бир йўла иккита футболчи мазкур совринга эга чиқди. Биринчиси, “Лацио” ярим ҳимоячиси Луис Алберто. Испаниялик ярим ҳимоячи А Сериянинг 36 ўйинида 16 та голли узатмани амалга оширди, “Лацио”нинг натижаларида нафақат Иммобиленинг, балки унинг ҳиссаси ҳам беқиёсдир. Алберто жамоанинг энг яхши плеймейкери бўлишдан ташқари, Чиронинг ўйини чиқмаган паллаларда жамоанинг муҳим голларига муаллифлик қилди. Агар Луиснинг кайфияти ёмон бўлса, унда бутун жамоанинг ҳужумдаги ишлари юришмайди.

2019/20-йилги мавсумнинг иккинчи энг яхши ассистенти эса Алехандро Гомес бўлди. “Аталанта” ярим ҳимоячиси ички чемпионат баҳсларида 36 та ўйин ўтказиб, 16 та голга ҳаммуаллифлик қилди. Шу билан бирга Бергамо клуби вакили Римдаги рақобатчисидан 1 тага кўпроқ гол урди (7 та гол). Албертонинг ҳисобида эса 6 та гол бор. Алберто сингари, Гомес ҳам жамоа ўйинига жуда катта таъсир ўтказади. Бежизга унга сардорлик боғичи берилмаган.
Мавсумнинг энг яхши трансфери
Ушбу тарифни бемалол Ромелу Лукакуга нисбатан ишлатса бўлади. Белгиялик футболчи Антонио Контенинг услубига жуда тез мослашди. Ҳужумчи “нерадзуррилар” сафидаги илк ўйинидан бошлаб, гол уришни бошлади, натижада эса мавсум охирига қадар рақиблар дарвозасини 23 та марта аниқ нишонга олди. Бундан ташқари, миланлик мухлислар ҳам уни ўзиники қилиб олди, боиси у италян тилини имкон қадар тезроқ ўрганишга ҳаракат қилди.

“Интер” “Барселона”нинг Лаутаро Мартинес борасидаги таклифлари билан овора бўлган бир вақтда Лукаку голлар ёмғирини ёғдиришда давом этди. Якунда Ромелу жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди. Юқорида номи келтирилган аргентиналик эса мавсум давомида 14 та гол билан кифояланди. Тўғри, аслини олганда бу ҳам ёмон натижа ҳисобланмайди. 2019-йилнинг август ойида “Интер” Лукаку учун “Манчестер Юнайтед”га 75 миллион евро тўлаганди. Миқдор жуда катта, аммо ҳозирча ўйинчи унга қўйилган капитални тўлалигича оқламоқда.
Мавсумнинг энг ёмон трансфери
Ўтган мавсумнинг асосий антиқаҳрамонларидан бири (очиғи, футбол мухлислари бунга кўникиб қолган) Марио Балотелли бўлди. 2019-йил май ойида “Брешия” муддатидан олдин А Серияга йўлланмани қўлга киритганди. Балотеллининг трансфери эса жамоа учун катта далда бўлиши кутилганди. Бироқ вақт ўтиши билан ҳужумчининг ишлари ёмонлаша бошлади. Марио ва раҳбарияти ўртасида зиддиятлар юзага келди. Клуб унинг машғулот ва ўйинларда хўжакўрсинга ҳаракат қилаётганидан ва унинг хулқ-атворидан норози бўлди.

Ўтган мавсумда Балотелли атиги 5 та голга муаллифлик қилди. Мавсумни қайта бошлаганидан сўнг эса Италия терма жамоаси собиқ ўйинчисининг клуб раҳбарияти билан муносабатлари батамом бузилди. Чемпионат тикланганидан кейин Балотелли бирорта ҳам ўйинда майдонга тушмади. Якунда жамоа Б Серияга тушиб кетди, Балотелли эса катта эҳтимол билан жамоадан кетади.
Мавсумнинг асосий рекордлари
2019/20-йилги мавсум кўплаб рекордларга бой бўлди. Масалан, “Милан” 28 йил ичида илк бор 12 та ўйиндан иборат бўлган мағлубияциз серия ўтказди. “Ювентус” дарвозабони Жанлуижи Буффон А Серияда 649-ўйинини ўтказиб, лига рекордчисига айланди. Маурицио Сарри биринчи марта Скудеттони қўлга киритган энг кекса мураббий сифатида тарихга кирди. Златан Ибрагимович “Интер” ва “Милан” сафида 50 тадан кўпроқ гол урган биринчи ўйинчи бўлди.

Аммо энг асосийси Криштиану Роналдунинг рекорди бўлди. Португалиялик футболчи Италия, Испания ва Англия чемпионатларида 50 та гол урган илк ўйинчи сифатида футбол тарихига кирди. Футболчи ушбу ютуққа 2019/20-мавсум давомида эришди. У А Сериядаги икки мавсумида элликта гол урди. Бундан ташқари, Криш Андрей Шевченконинг рекордини янгилади — у Италия чемпионатида 50 та гол уриш учун энг кам вақт сарфлади. Шевченкога 50 та гол уриш учун 68 та ўйин керак бўлганди, Роналду учун эса 61 та учрашув кифоя қилди.
Мавсумнинг суюкли жамоаси
“Аталанта” мавсум давомида энг кўп мақтовларни қабул қилган жамоа бўлди. Бергамоликлар ўзларининг романтик ва самарали ўйини билан барчага ўзини маҳлиё қилди. “Аталанта” кучли бешлик лигаларидаги энг сермаҳсул жамоалардан бири бўлди. Жан Перо Гасперини шогирдлари кетма-кет 25 учрашувда гол уриб, А Серияда клуб рекордини янгилади. Бундан ташқари, жамоа Чемпионлар Лигасида ҳам ажойиб натижаларга эришди. Жамоа чорак финал босқичида ПСЖ билан куч синашди ва сўнгги дақиқалардан ўтказиб юборилган голлар туфайли мусобақани тарк этди.

“Аталанта” мавсумни яхши ўтказди. Жамоа мусобақа жадвалида 3-ўринни эгаллаб, фақатгина “Интер” ва “Ювентус”дан камроқ очко жамғарди. Бергамоликлар назарий жиҳатдан Скудеттони қўлга киритиши мумкин эди, бироқ Гасперини жамоаси бу ҳақда ўйламади ва тўғри қилди. Муҳими, жамоанинг олдига қўйилган вазифа бажарилди. Чемпионат кучли учликда якунланди. Агар раҳбарият етакчи футболчиларни сотмаса, жамоа келаси мавсумларда яна-да яхши натижаларни кўрсатиш эҳтимоли юқори.
Мавсумдан ҳафсаласи пир бўлган жамоа
“Лацио”ни ушбу тоифага киритиш мумкин. Карантиндан олдин “Лацио” жуда яхши ҳолатда эди. “Бургутлар” мажбурий танаффусга “Ювентус”дан атиги 1 очко ортда қолган ҳолда чиқиб кетганди. Симоне Индзаги жамоасида “Ювентус” гегемонлигини бузиш ва Италия чемпионлигини қўлга киритиш имконияти бор эди. Аммо “бургутлар” мавсум қайта бошлангач, ўзига ўхшамади, 5 ўйин бой берилди, шу жумладан “Ювентус”га ҳам.

“Лацио”нинг муваффақияцизлигига турли сабабларни кўрсатиш мумкин. Бир томондан, жамоада бирин-кетин ўйинчилар жароҳат ола бошлади. Бошқа томондан, бутун мамлакат уларни кузатаётганини англаган ҳолда руҳий босимни бошдан кечирди. Баъзи ҳолларда шифокорлар панд берди, баъзида эса футболчилар. Натижада “Лацио” Скудетто учун курашдан чиқди, аммо Чемпионлар Лигасига йўлланмасини қўлга киритилди. 12 йиллик танаффусдан кейин “Лацио” Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқди. Айнан шуни ҳам том маънодаги ғалаба деб аташ мумкин.
222   
Добавить комментарий
Ваше имя: *