Goal24.uz » Ўзбекистон » «Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда, нега у эркин агентга айлантирилиб, «Локомотив»га жўнатилди?» ПФЛ трансфер бўйи

«Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда, нега у эркин агентга айлантирилиб, «Локомотив»га жўнатилди?» ПФЛ трансфер бўйи

Автор: admin

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг телеграмдаги каналида ёзишича, ПФЛ Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича ЎФАдан иш очишни сўраган. Мутахассис бу борада бир қатор саволларни қўйган.

«ТМСга Жалолиддинов иши бўйича келишув битими эмас, футболчи ва «Бунёдкор» ўртасида шартномани бекор қилиш бўйича битим жойлаштирилган. Яъни, футболчи билан шартнома аввал бекор қилиниб, у эркин агентга айлантирилган. Нега?
Жалолиддинов билан шартнома бекор қилинган бўлса, битим биринчи навбатда ЎзПФЛга тақдим этилиши керак бўлган. Аммо ЎзПФЛ бундан бехабар, «Локомотив» эса ҳужжатни аллақачон қўлга киритган. Нега?
Давлат активларини бошқариш агентлиги Жалолиддинов трансфери борасида ахборот беришни сўраб, икки марта «Бунёдкор»га мурожаат қилган, аммо иш пишмагунига қадар «Бунёдкор» жавоб хатини пайсалга солган. Нега?
Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда, нега у эркин агентга айлантирилиб, кейин «Локомотив»га йўналтирилган?
«Локомотив»нинг ТМС сўровига икки ҳафта ичида жавоб қайтарилмаса, ФИФА ўз-ўзидан футболчи манфаати учун қарор чиқариб беради. Достон Ҳамдамов ишида ҳам шундай бўлган. Кўринишидан, ишни икки ҳафта чўзиб туриш кимгадир керак бўлган. Аммо клубда раҳбарият алмашиши, катта эҳтимол билан ўша режаларни бузган. 
Бу борадаги саволлар ўринсиз бўлиб, балки ҳаммаси регламент асосида амалга оширилган, шубҳага ўрин йўқдир... Бироқ энди буни исботлаб бериш керак бўлади. ТМС сўровига жавоб қайтариш учун эса ЎФАда 10 кундан ортиқ вақт бор. Де факто Жалолиддинов «Локомотив» либосини кийиб улгурган бўлса-да, де юре ЎзПФЛ учун футболчи ҳали-ҳамон «Бунёдкор» вакили ҳисобланади. Бунда албатта футболчи ва клуб 2021 йилнинг апрелига қадар давом этиши керак бўлган шартномани бекор қилиб улгурганини ҳам унутмаслик керак. Бу бирламчи ҳужжат ҳисобланади», - дея ёзади ПФЛ раҳбари.
Ушбу постдан кейин ПФЛ директори Жасур Жалолиддиновнинг трансферига ўхшаш вазиятни батафсилроқ тушунтирган.
«ЎзПФЛдаги икки йилим давомида энг кўп ёмон кўрганим нарса — шартномаларни икки томонлама бекор қилиш.
Ҳа, аслида бунга клубларнинг ҳаққи бор. Буни тақиқлашга эса ЎзПФЛнинг ҳаққи йўқ. Аммо учинчи масалани ҳам унутмаслик керакки, ўртада давлатнинг ёки халқнинг пули турибди. Шундан келиб чиқилса, бу ишларда назорат бўлиши керак. 
Ҳолатни тушунтираман. Сизда яхши футболчи бор, айтайлик, у Тошкентнинг ёки хорижнинг бирор клубига йўл олмоқчи. Ўша жамоа эса футболчини эҳтимолий трансферидан арзонроққа қўлга киритмоқчи. Бунда футбол агентлари асосий ролни ўйнаб беришади. Яъни, шундоқ ҳам кетишни истаётган футболчи номидан сизга «совчи» бўлиб келишади. 
Демак, келишув асосида сиз футболчи билан шартномани бекор қилиб берасиз. Футболчи рози, у яхшироқ клубга осон кетяпти. Сиз рози, агентлар орқали улушингизни олдингиз. Олаётган клуб рози, мақсадига етишди. Аммо футболчини тарбиялаган клубга ҳеч нарса йўқ. Клубларда футболчиларини коронавирус тестидан ўтказиш учун ҳам пул йўқ. Кўп клубларимиз ногирон, уларга кимдир қараб турмаса, кимдир пул бериб турмаса, очидан ўлади», - дея ёзган Диёр Имомхўжаев.
Маълумот учун, аввалроқ «Бунёдкор» клуби директори Улуғбек Мирзаев Трибуна.уз мухбири билан суҳбатда Жасур Жалолиддинов учун «Локомотив» клуби 350 минг евро миқдоридаги трансфер пули тўлашини айтиб ўтганди. Орадан икки ҳафта ўтгач, Улуғбек Мирзаев номаълум сабабларга кўра Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари буйруғи билан «Бунёдкор» клуби директори лавозимидан озод қилинганди.
183   
Добавить комментарий
Ваше имя: *